Қонунлар 3:1-29 UZV2013 - Bible AI

1Кейин биз Башан ўлкасига йўл олдик. Башан шоҳи Ўг ўзининг ҳамма лашкарини бошлаб, Эдрей шаҳри яқинида биз билан жанг қилгани чиқди.

2Шунда Эгамиз менга деди: “Ўгдан қўрқма. Мен унинг ўзини, лашкарини ва бутун юртини сенинг қўлингга берганман. Амор халқининг Хашбонда яшаган шоҳи Сихўнни нима қилган бўлсанг, уни ҳам шундай қиласан.”

3Эгамиз Худо Башан шоҳи Ўгни ҳам ҳамма лашкари билан бирга бизнинг қўлимизга берди. Биз бирорта тирик жон қолдирмай ҳаммасини ҳалок қилдик.

4Унинг ҳамма шаҳарларини — олтмишта шаҳрини олдик. Башандаги Ўгнинг шоҳлигига кирган бутун Аргоб ҳудудини қўлга киритдик, биз олмаган бирорта ҳам шаҳар қолмади.

5Бу мустаҳкам шаҳарларнинг ҳаммаси баланд деворлар билан ўралган, дарвозалари тамбаланган эди. Булардан ташқари, девор билан ўралмаган кўп қишлоқлар ҳам бор эди.

6Биз Хашбон шоҳи Сихўннинг шаҳарларини қандай вайрон қилган бўлсак, Ўгнинг шаҳарларини ҳам шундай вайрон қилдик. Бу шаҳарларни эркагу аёллари ва болалари билан бирга йўқ қилдик.

7Ҳамма чорва ва шаҳарлардаги ўлжани ўзимизга олдик.

8Шундай қилиб, ўшанда биз Иордан дарёсининг шарқ томонида ҳукмронлик қилган иккала Амор шоҳини мағлуб қилдик. Жанубдаги Арнон сойлигидан то шимолдаги Хермон тоғигача чўзилган ерларини қўлга киритдик.

9(Хермон тоғини Сидонликлар — “Сириён”, Амор халқи — “Санир” деб аташади.)

10Биз Башанда ҳукмронлик қилган шоҳ Ўгнинг бутун шоҳлигини, ясси тепаликдаги ҳамма шаҳарларини, шарқдаги Салко ва Эдрейгача бўлган бутун Гилад ва Башан ўлкаларини қўлга киритдик.

11(Рафа халқидан биргина Башан шоҳи Ўг тирик қолган эди. Унинг ётадиган ўрни темирдан ясалган бўлиб, одатдаги ўлчам бўйича узунлиги тўққиз тирсак, кенглиги эса тўрт тирсак эди. Унинг ўрни ҳозир ҳам Оммон юртининг Рабба шаҳридадир.)

12Биз ўша ерларни қўлга киритдик. Шунда мен Рубен ва Гад қабилаларига Арнон сойлиги бўйидаги Арор шаҳрининг шимолидаги ҳудудни, Гилад қирларининг ярмисини ва атрофдаги қишлоқларни бердим.

13Манаше қабиласининг ярмига эса Гиладнинг қолган қисмини ва Ўгнинг шоҳлиги бўлган бутун Башанни бердим. (Башан ўлкасидаги Аргоб ҳудуди Рафа халқининг юрти ҳисобланарди.

14Манаше қабиласидан бўлган Ёвир бутун Аргоб ҳудудини қўлга киритди. Бу ҳудуд Гашур ва Махо юртларигача чўзилган эди. Ёвир бу жойга ўзининг номини берди. Ўша жойлар бугунгача Ёвир қишлоқлари деб аталади.)

15Манаше қабиласининг Мохир уруғига Гиладни бердим.

16Рубен ва Гад қабилаларига Гиладдан то Арнон сойлигигача чўзилган ерларни бердим. Арнон сойлигининг ўртаси икковининг чегараси эди. Уларнинг ери Оммон юртининг чегарасини ташкил қилган Явоқ дарёсигача чўзилган эди.

17Уларнинг ғарбдаги ерлари эса Иордан дарёси бўйлаб, шимолдаги Жалила кўлидан то жанубдаги Ўлик денгизгача ва шарқдаги Фисгах тоғ тизмасининг ён бағирларигача чўзилган эди.

18Ўшанда сизларга шундай буюрдим: “Эгангиз Худо бу ерни сизларга мулк қилиб берди. Ҳамма сипоҳларингиз қуролланиб, дарёдан кечиб ўтсин. Улар биродарларингиз бўлган Исроил халқини бошлаб борсин.

19Фақат хотинларингиз ва фарзандларингиз мен сизларга берган шаҳарларда қолсин. Биламан, молларингиз жуда кўп, улар ҳам шаҳарларингизда қолаверсин.

20Эгамиз сизларга тинчлик ато қилгандай, биродарларингизга ҳам тинчлик ато қилгандан кейин, улар Иорданнинг нариги томонидаги, Эгангиз Худо бераётган ерни эгаллаб олгандан кейин, ҳаммангиз мен сизларга берган мана шу ерга қайтиб келсангиз бўлади.”

21Ўшанда Ёшуага айтдим: “Эганг Худо ўша иккала шоҳни нима қилганини ўз кўзинг билан кўрдинг. Сен босиб ўтадиган барча шоҳликларни ҳам Эгамиз худди шундай аҳволга солади.

22Улардан қўрқма. Сизлар учун жанг қиладиган Эганг Худодир.”

23Шундан кейин мен Эгамга ёлвордим:

24“Ё Эгам Раббий! Мен, қулингга, Ўз буюклигинг ва қудратингни эндигина кўрсата бошладинг. Сенинг ажойиботларингни, буюк ишларингни осмонда ҳам, ерда ҳам қила оладиган бошқа худо йўқ!

25Ижозат бер, мен Иордан дарёсидан ўтай. Дарёнинг нариги томонидаги ҳосилдор юртни, ўша чиройли қирларни ва Лубнонни кўрай.”

26Лекин Эгамиз сизлар туфайли мендан ғазаблангани учун илтижоларимга қулоқ солмади. У менга шундай деди: “Бўлди қил! Менга бу ҳақда бошқа гапирма.

27Фисгах тоғ тизмасининг чўққисига чиқ, ғарбга, шимолга, жанубга ва шарққа қара. Яхшилаб қараб ол, чунки сен мана шу Иордан дарёсидан кечиб ўтмайсан.

28Ёшуани хизматга тайинла. Унга далда бериб, руҳлантир. Бу халқни дарёнинг нариги томонига Ёшуа бошлаб боради. Унинг бошчилигида бу халқ сен кўрадиган ўша ерни эгаллайди.”

29Шундай қилиб, биз Байт–Пиёр қаршисидаги водийда тўхтадик.

e>