Қонунлар 33:1-29 UZV2013 - Bible AI

1Худонинг одами Мусо ўлимидан олдин Исроил халқини қуйидаги сўзлар билан дуо қилди:

2Эгамиз Синай тоғидан Ўз халқига келди, Сеир юрти узра қуёшдай порлади, Порон тоғидан нур сочди. Ўн мингларча фаришта У билан келди, Ўнг қўлида оташин олов бор эди.

3Дарҳақиқат, Эгамиз Ўз халқини севади, Унга бағишланган одамларни ҳимоя қилади. Улар Эгамизга таъзим қиладилар, Ундан кўрсатмалар оладилар.

4Мусо Исроил халқига берган ушбу қонун Ёқуб наслининг бебаҳо мулкидир.

5Исроил қабилалари йиғилганда, Xалқ йўлбошчилари тўпланганда, Эгамиз азиз Исроилга шоҳ бўлди.”

6Мусо Рубен қабиласи ҳақида шундай деди:

6 “Рубен қабиласи яшасин, ўлмасин, Сони кам бўлса–да, омон бўлсин.”

7Яҳудо қабиласи ҳақида шундай деди:

7 “Эй Эгам, Яҳудонинг овозини эшитгин, Уни бошқа қабилалар билан бирлаштиргин. У ўз қўллари билан ўзини ҳимоя қилмоқда, Душманларига қарши унга мадад бергин.”

8Леви қабиласи ҳақида шундай деди:

8 “Эй Эгам, Сен Урим билан Туммимни Тақводор Левига бердинг. Уни Массахда синаб кўрдинг, У билан Марива сувларида беллашдинг.

9У ота–онасидан, ака–укасидан, Бола–чақасидан Сени устун кўрди. Сенинг амрларингни бажарди, Аҳдингга содиқ қолди.

10Ёқуб наслига қоидаларингни, Исроил халқига қонунингни ўргатади, Ҳузурингда тутатқилар тутатиб, Қурбонгоҳингда қурбонликлар куйдиради.

11Эй Эгам, унинг давлатига барака бергин, Қилган ишларидан мамнун бўлгин. Ёвларининг белини синдиргин, Ундан нафратланганлар қайтиб туролмасин.”

12Бенямин қабиласи ҳақида у шундай деди:

12 “Эгамизнинг суюклиги бехатар яшайди, Худойи Таоло доим уни асрайди, У Худонинг қучоғида ором олади.”

13Юсуф қабиласи ҳақида шундай деди:

13 “Эгамиз унинг ерига барака берсин. Осмон ёмғири, ер ости суви билан баракаласин.

14Қуёшга тўйган аъло ҳосиллар берсин, Ўз мавсумида мўл мевалар етиштирсин.

15Қадимий тоғларнинг асил унумини, Кўҳна адирларнинг сероб баракасини берсин.

16Ернинг аъло инъомлари Юсуфга насиб этсин, Ёнган бута орасида зоҳир бўлган Худонинг мурувватига муяссар қилсин, Aка–укалари орасидан танланган Юсуфга булар буюрсин.

17Биринчи туғилган буқадай қудратлидир у! Унинг шохлари ёввойи буқанинг шохларидайдир. Бир шохи Эфрайимнинг туман лашкаридир, Бошқа шохи Манашенинг минглаб жангчиларидир. Бу шохлари билан Юсуф халқларни қувади, Ер юзининг четигача уларни ҳайдаб боради.”

18Забулун ва Иссахор қабиласи ҳақида шундай деди:

18 “Забулун сафарга чиққанда хурсанд бўлсин, Иссахор эса чодирларида шодлансин.

19Улар бутун халқни тоққа чақиради, У ерда маъқул қурбонликлар келтиради, Денгизнинг бойлиги билан, Қумдаги хазина билан озиқланади.”

20Гад қабиласи ҳақида шундай деди:

20 “Гаднинг ерини кенгайтирган Худони олқишланг! Гад бир арслон каби яшайди, Қурбонининг қўлу бошини узиб ташлайди.

21У ўзи учун ернинг аълосини олди, Йўлбошчининг улуши унга берилди. Халқнинг йўлбошчилари йиғилганда Гад Худонинг одил иродасини бажарди, Худонинг Исроил учун чиқарган қарорини адо этди.”

22Дан қабиласи ҳақида шундай деди:

22 “Дан ёш шерга ўхшар, У Башандан сакраб чиқар.”

23Нафтали қабиласи ҳақида шундай деди:

23 “Эгамизнинг муруввати Нафталига ёр! Баракаси уни тўлдирди бисёр! Ғарбу жанубга у эгалик қилар.”

24Ошер қабиласи ҳақида шундай деди:

24 “Ўғиллар орасида Ошер энг баракалисидир, Ака–укалари уни афзал кўрсин, Оёғи зайтун мойида бўлсин.

25Тамбалари темиру бронзадан бўлсин, Умри қанча узоқ бўлса, кучи шунча кўп бўлсин.”

25 Мусо Исроил халқига шундай деди:

26“Эй азизим Исроил, Худойинга ўхшагани йўқ, У салобат билан булутларни эгарлайди, Сенга ёрдам бергани осмондан учиб келади,

27Қадимдан бор бўлган Худо сенинг паноҳингдир, Унинг абадий қўллари сени тутиб туради. У душманларингни олдингдан ҳайдайди, Сенга: ‘Уларни қириб ташла!’ деб айтади.

28Эй Исроил, хавф–хатарсиз яшайсан, Ёқуб хонадони, осойишта бўласан. Сенинг еринг дон ва шаробга бойдир, Юртингга осмондан шудринг тушади.

29Эй Исроил, сен бахтлисан! Ким сенга ўхшар?! Сен Эгамиз қутқарган халқсан. Сени асрайдиган қалқонинг, Шонли қиличинг Эгамиздир. Олдингда душманларинг тиз чўкади, Сен эса уларнинг белини эзасан.”

le>