Қонунлар 34:1-12 UZV2013 - Bible AI

1Мусо Мўаб текислигидан Наво тоғининг чўққисига чиқди. Наво тоғи Ерихо шаҳрининг шарқида жойлашган Фисгах тоғ чизмасининг энг баланд жойи эди. У ердан Мусога Эгамиз бутун ўлкани кўрсатди: шимолдаги Дан шаҳригача чўзилган бутун Гилад ерини,

2ҳамма Нафтали ерларини, Эфрайим ва Манаше ерларини, Ўрта ер денгизигача чўзилган бутун Яҳудо ерларини,

3Нагав чўли ва текисликни. Бу текислик Зўвар шаҳридан то пальмалар шаҳри бўлмиш Ерихогача чўзилган эди.

4Эгамиз Мусога деди:

4— Мен Иброҳим, Исҳоқ, Ёқубга, сенинг авлодингга бераман, деб қасам ичиб айтган юрт мана шудир. Мана, бу юртни ўз кўзинг билан кўрдинг, лекин у юртга кирмайсан.

5Эгамиз айтганидай, Унинг қули Мусо ўша ерда, Мўаб юртида вафот этди.

6Эгамиз уни Мўабда, Байт–Пиёр шаҳрининг яқинидаги бир водийда дафн қилди. Мусо дафн қилинган жойни ҳозиргача ҳеч ким билмайди.

7Мусо вафот этганда 120 ёшда эди. Лекин кўзларининг нури ҳали сўнмаган эди, ғайрати йўқолмаган эди.

8Исроил халқи Мўаб текисликларида Мусо учун ўттиз кун аза тутди. Мусо учун аза кунлари тамом бўлди.

9Мусо ўлимидан олдин Ёшуага қўл қўйиб, уни йўлбошчи қилиб тайинлаган эди. Нун ўғли Ёшуани Худо донолик руҳи билан тўлдирди. Исроил халқи Ёшуага бўйсунди, Эгамиз Мусога буюрганларнинг ҳаммасини улар қилди.

10Исроилда Мусога ўхшаган пайғамбар бошқа чиқмади. Эгамиз Мусо билан юзма–юз гаплашар эди.

11Эгамиз уни Миср юртида фиръавнга, унинг аъёнлари ва бутун халқига аломату мўъжизалар кўрсатиш учун юборган эди.

12Мусо бутун Исроил халқи олдида буюк қудрату ҳайбатли ишларни намоён қилганди.

le>