1Сулаймоннинг энг гўзал қўшиғи. Ўпгин мени лабларинг билан, Сенинг севгинг шаробдан ҳам ширинроқдир.
2Атир мойларинг қанчалик хушбўй! Ёқимли атир каби номинг ҳар тарафга таралар. Шунинг учун қизлар сени севарлар.
3Мени ўзинг билан олиб кет, тезроқ борайлик. Эй шоҳим, мени ўз ётоғингга олиб киргин. Эй шоҳимиз, биз қувонамиз. Сиз билан севинамиз, Шаробдан ҳам кўпроқ сизнинг севгингизни мақтаймиз. Эй севгилим! Қизлар сени севиб, тўғри қилишади.
4Эй Қуддус қизлари! Мен қорачадан келган бўлсам ҳам гўзалман, Кедар чодирларидай қора бўлсам ҳам, Сулаймон пардаларидай чиройлидирман.
5Қоралигим учун менга паст назар билан қараманглар. Қуёш нурлари мени қорайтирди. Ака–укаларимнинг мендан жаҳли чиқиб, Мени узумзорлар қоровули қилиб қўйишди, Аммо ўз узумзоримга қарай олмадим!
6Севгилим, менга айтгин–чи, Қаерда ўз подангни боқасан? Туш вақти уларни қаерга ётқизасан? Айт менга, яна подачи дўстларинг олдида Уятсиз аёллардай бўлиб юрмай ахир.
7Қаердалигимни билмасанг, Эй гўзалларнинг гўзали, Поданинг изларидан боргин. Чўпонларнинг чодирлари олдида Ўз эчкиларингни ўтлатгин.
8Эй севгилим, Сен фиръавн аравасига қўшилган учқур отдай гўзалсан.
9Зиракларинг туфайли ёноқларинг гўзалдир, Марваридлар бўйнингни қандай чиройли қилар.
10Сенга атаб тилладан безаклар, Кумушдан тақинчоқлар ясаттираман.
11Шоҳим ёнбошлаб ётганда, Атирларим ўз ҳидини таратди.
12Кўкракларим орасида ётган, Хушбўй миррага тўла халтача кабидир менинг севгилим.
13У мен учун Энгеди боғларидаги Хина гулларидайдир.
14Гўзалдирсан, эй севгилим, Сен гўзалсан! Кўзларинг кабутар кўзларидай назокатлидир.
15Чиройлисан, эй севгилим, Жуда ҳам хушрўйдирсан, Ям–яшил майсалар бизнинг тўшагимиздир.
16Садр дарахтлари томимиз бўлса, Арчалар томимиз синчларидир.