1Кечқурун ўрнимда ётганимда, Бутун қалбим билан севган ошиғимни қўмсадим. Жуда қўмсадим, лекин уни тополмадим.
2Энди туриб, шаҳарга чиқаман. Шаҳар майдонларию, кўчаларида юриб, Севгилимни излайман. Изладим–у, аммо уни тополмадим.
3Қўриқчилар шаҳарни кезиб юриб, Мени кўриб қолишди. Улардан: “Севгилимни кўрмадингизми?” деб сўрадим.
4Уларнинг олдидан кетишим биланоқ, Севгилимни топдим. Уни маҳкам қучиб, қўйиб юбормадим. Онамнинг уйига олиб келдим. Уни ўз туққан онамнинг хонасига олиб кирдим.
5Эй Қуддус қизлари, Кийигу ёввойи оҳулар ҳақи онт ичинг. Вақт–соати келмагунча, Севгини қўзғатманг, уйғотманг.
6Даштда тутундай кўтарилиб, Кўринаётган нарса нимадир? Ундан аттор растасидаги барча хушбўй атирларнинг ҳиди, Мирра ва хушбўй тутатқиларнинг ҳиди келиб турибди.
7Қаранглар, у Сулаймоннинг тахтиравонидир, Унинг атрофида олтмишта паҳлавони бор. Улар Исроил халқи орасидаги энг баҳодир жангчилардир.
8Қилич ўйнатишда ҳаммаси моҳир, Жангда ҳам жуда маҳоратлидирлар. Тунда бўладиган ҳужумлардан сақланиш учун Уларнинг ҳаммаси қилич билан қуролланган.
9Шоҳ Сулаймон ўз тахтиравонини Лубнон ёғочларидан ясаттирган.
10Бу тахтиравон дасталари кумушдан, Орқаси тилладан ясалган, Ўриндиғига эса сафсар кимхоб тўшалган. Қуддус қизлари тахтиравоннинг ичини Муҳаббат билан безатганлар.
11Чиқинглар, эй Сион қизлари! Шоҳ Сулаймонга қаранглар. Тўйи куни, юраги шодлик билан тўлган куни Онаси кийдирган тожга қаранглар.