Қўшиқ 7:1-14 UZV2013 - Bible AI

1Қайтгин, қайтиб келгин, эй Шуламлик қиз! Қайтиб кел, сени яна бир бор кўрайлик. Нима учун бу Шуламлик қизга қарайсизлар?! У икки қатор қизлар орасида рақсга тушяптими?!

2Эй маликага ўхшаган қиз! Кафш кийган оёқларинг қандай чиройли! Думалоқ сонларинг жавоҳирлардай, Худди моҳир устанинг қўли билан ишлангандай!

3Доимо хушбўй шаробга тўла бўлган, Дум–думалоқ косадайдир сенинг киндигинг. Юмалоқ қорнинг эса нилуфарлар билан ўралган, Тилларанг буғдой уюми кабидир.

4Кўкракларинг эгизак кийиклардайдир.

5Фил суягидан қурилган минорадай гўзалдир бўйнинг, Батрабим дарвозаси ёнидаги Хашбон булоқларидай ёрқиндир кўзларинг. Бурнинг эса Дамашқ шаҳрига қараган Лубнон минорасидай текисдир.

6Бошинг Кармил тоғидай баланд туради, Сочинг кимхобдай гўзал, Ҳатто шоҳ ҳам унга асирдир.

7Қандай гўзал ва хушрўйсан, Ҳузурбахш севгилим менинг.

8Пальма дарахтидай савлатлисан, Кўкракларинг унинг меваларидай тўлиқдир.

9Мен шундай дедим: “Пальма дарахтига чиқиб, Меваларидан ушлайман.” Кўкракларинг мен учун узумдай мазали, Нафасинг эса олмалардай ширин бўлсин.

10Ўпичларинг энг аъло шаробдай шириндир, Бундай шароб лаб ва тишлар орасидан текис ўтади.

11Мен севгилимникиман, У фақат мени қўмсайди.

12Келгин, севгилим, далаларга борайлик. Хина гуллар орасида ётиб қолайлик.

13Вақтли туриб, узумзорларга кирайлик. Улар гулга кирдимикин?! Токлару анорлар гуллаганмикин?! Ўша ерда мен сенга ўз севгимни тўла кўрсатаман.

14Меҳригиёлар ҳид таратиб турибди. Эшигимиз тепасига ҳар хил мевалардан осиб, Сен учун сақлаб қўйдим, севгилим.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>