1Қанийди, онам эмизган акамдай бўлсанг эди. Кўчада кўрганимда, сени ўпган бўлардим, Ҳеч ким мени бу учун айбламаган бўларди.
2Мен сени онамнинг уйига бошлаб келардим. Менга ўгит берган онамнинг ётоғига олиб кирардим, Сенга хушбўй шаробу анорларим шарбатини берардим.
3Мана, севгилимнинг чап қўли бошим остидадир, Ўнг қўли билан эса мени қучоқлайди!
4Эй Қуддус қизлари, ваъда беринглар, Вақт–соати келмагунча, Севгини қўзғатманг, уйғотманг.
5Ўз севгилиси билан қучоқлашиб, Чўл тарафдан келаётган ким? Олма дарахти остида мен сени уйғотдим. Онанг шу ерда сенга ҳомиладор бўлган, Мана шу ерда сени дунёга келтирган.
6Қўлингдаги муҳр узугингдай, Мени ҳам юрагингга муҳрлаб олгин. Ахир, севги ўлимдай кучли, Ишқ ажалдай шиддатлидир. Севгининг учқунлари олов учқунларидай, Ловуллаган алангадайдир.
7Сув севгини ўчиролмайди, Тўфонлар уни чўктиролмайди. Бирортаси севги учун Уйидаги бор бойлигини берса ҳам, Мазахдан бошқа ҳеч нарсага эришмайди.
8Бизнинг бир синглимиз бор, Унинг кўкраклари ҳали бўртмаган. Уни сўраб келишса, Биз нима қиламиз?
9Агар у девор бўлса, Унинг атрофида кумушдан қалъа қурамиз. Агар у эшик бўлса, Уни садр ёғочлари билан тўсиб қўямиз.
10Мен ҳам девордай эдим. Энди эса кўкракларим миноралардайдир. Шунинг учун севгилим мени Тўлиқ етилган, деб билади.
11Сулаймоннинг Баал–Ҳомонда узумзори бор эди. Узумзорини боғбонларга ишониб топширди. Уларнинг ҳар бири узумзор учун Минг кумуш танга тўлашлари керак эди.
12Сулаймон, сен минг танга ол, Қоровулларга эса икки юз тангадан берилсин. Менинг узумзорим ўзимникидир.
13Эй боғларда яшовчи қиз, Дўстларим овозингни эшитишни кутмоқда. Қани, мен ҳам овозингни бир эшитай.
14Худди кийикдай, ёш оҳудай бўлгин, Зираворлар тоғларига тезроқ келгин, севгилим.