Ҳаворийлар 15:1-41 UZV2013 - Bible AI

1Яҳудиядан бир неча одам Антиохияга келиб, имонлиларга шундай таълим бера бошладилар: “Мусонинг қонунига биноан суннат қилинмасангизлар, нажот топа олмайсизлар.”

2Павлус билан Барнабо улар билан қизғин баҳсу мунозарага киришдилар. Шунда: “Павлус билан Барнабо ҳамда Антиохиядан бир неча одам Қуддусга юборилсин”, деб қарор қилинди. Улар бу масалани ҳаворийлар ва оқсоқоллар билан муҳокама қилишлари керак эди.

3Имонлилар жамоати уларни йўлга кузатиб қўйди. Улар Финикия ва Самария орқали ўтар эканлар, ғайрияҳудийлар қандай қилиб Худога юз бурганини айтиб бердилар. Бу хабар ҳамма имонлиларга катта қувонч бағишлади.

4Павлус ва Барнабо Қуддусга келганларидан кейин, жамоат, ҳаворийлар, оқсоқоллар уларни самимий кутиб олдилар. Павлус ва Барнабо Худонинг улар орқали қилган ишларини йиғилганларга сўзлаб бердилар.

5Аммо фарзийлар мазҳабига мансуб имонлилар ўрниларидан туриб: “Ғайрияҳудийлар суннат қилинишлари керак. Уларга Мусонинг қонунига риоя қилишларини буюриш керак”, дедилар.

6Ҳаворийлар ва оқсоқоллар бу масалани муҳокама қилиш учун йиғилдилар.

7Узоқ давом этган мунозарадан кейин Бутрус ўрнидан туриб, уларга деди:

7Биродарларим! Ўзларингиз биласизларки, Хушхабарни ғайрияҳудийларга ваъз қилишим учун Худо мени анча вақт олдин орангиздан танлаб олди. Ғайрияҳудийлар ҳам Хушхабарни эшитиб, имонга келиши Унинг мақсади эди.

8Худо инсон зотининг юрагини билади, У бизга берган Муқаддас Руҳни ғайрияҳудийларга ҳам берди. Шу орқали уларни қабул қилганини тасдиқлади.

9Худо имон орқали ғайрияҳудийларнинг юракларини поклади. Шундай қилиб, Худо биз билан ғайрияҳудийлар орасидаги фарқни йўқ қилди.

10Шундай экан, нима учун шогирдларнинг елкасига оғир юк ортиб, Худони синаяпсизлар?! Ахир, бу юкни биз ҳам, ота–боболаримиз ҳам кўтара олмаган эдик–ку!

11Йўқ! Ишонамизки, биз ҳам улар сингари, Раббимиз Исонинг инояти туфайли нажот топамиз.

12Ҳамма ҳаворийлар ва оқсоқоллар сукутда қолдилар. Барнабо билан Павлус Худонинг улар орқали ғайрияҳудийлар орасида кўрсатган аломатлар ва ажойиботлар тўғрисида гапириб бердилар.

13Улар гапини тугатгач, Ёқуб cўз олди:

13— Биродарларим! Мени эшитинглар.

14Ҳозир Бутрус бизга Худонинг илк бор ғайрияҳудийларга илтифот назарини солганини ва улар орасидан Ўзига бир халқ танлаб олганини тушунтириб берди.

15Бу сўзлар пайғамбарларнинг айтганлари билан мос келади. Ёзилганидай:

16“‘Бундан кейин Мен қайтиб келиб, Довуднинг йиқилган шоҳлигини қайта тиклайман, Унинг харобаларини янгидан барпо қилиб, Уни қайта тиклаб қўюрман.

17Токи бошқа халқларнинг ҳаммаси Менга интилсинлар, Ўзим даъват қилган ўша ғайрияҳудийлар Мени изласинлар.’ Эгамизнинг каломи шудир.

18Эгамиз буларни бизга азалдан маълум қилган.”

19Ёқуб гапида давом этди: — Шунинг учун Худога юз бураётган ғайрияҳудийларни қийин аҳволга солиб қўймаслигимиз керак.

20Бунинг ўрнига, уларга хат ёзиб, шундай деб айтайлик: “Бутларга келтирилган қурбонликнинг гўштини тановул қилишдан, зинодан ва қони чиқарилмаган ҳайвоннинг гўштини ейишдан ўзларингизни тийинглар.”

21Ахир, Мусонинг қонуни азал–азалдан ҳар бир шаҳарда ваъз қилинмоқда, ҳар Шаббат куни синагогаларда ўқилмоқда.”

22Шундан кейин ҳаворийлар ва оқсоқоллар бутун имонлилар жамоати билан шундай қарорга келдилар: “Гуруҳимиздан бир неча одамни танлаб олиб, уларни Павлус ва Барнабо билан бирга Антиохияга юборамиз.” Улар иккита одамни — Барсабо деган Яҳудони ва Силани танлаб олдилар. Яҳудо ва Сила жамоатнинг йўлбошчилари эдилар.

23Уларни шундай мактуб билан жўнатдилар: “Биз, ҳаворийлар ва оқсоқоллар — сизларнинг биродарларингиз Антиохия, Сурия ва Киликияда яшайдиган ғайрияҳудий биродарларимизга салом йўллаяпмиз.

24Эшитишимизча, бизнинг орамиздан баъзилар бориб, ўзларининг гаплари билан сизларни хавотирга солибди, юракларингизни ғаш қилибди. Аммо уларни биз юбормаган эдик.

25Биз вакиллар танлаб, уларни азиз дўстларимиз Барнабо ва Павлус билан бирга сизларнинг ҳузурингизга юборишга бир овоздан қарор қилдик.

26Барнабо билан Павлус Раббимиз Исо Масиҳ ҳақи–ҳурмати, ҳаётларини хавф остига қўйганлар.

27Шу боис биз Яҳудо билан Силани юборяпмиз. Ушбу ёзаётганларимизни улар сизларга оғзаки ҳам тасдиқлаб берадилар.

28Биз Муқаддас Руҳ бошчилигида сизларга қуйидаги керакли талаблардан бошқа юкни юкламасликка қарор қилдик:

29сизлар бутларга келтирилган қурбонликнинг гўштини ва қони чиқарилмаган ҳайвоннинг гўштини тановул қилишдан ҳамда зинодан ўзларингизни тийинглар. Ўзларингизни ана шулардан тийсангизлар, яхши иш қилган бўласизлар. Омон бўлинглар.”

30Шундай қилиб, вакиллар йўлга чиқиб, Антиохияга келдилар. Улар жамоатни йиққанларидан кейин мактубни жамоат аъзоларига топширдилар.

31Жамоат аъзолари мактубни ўқиб, далда сўзларидан хурсанд бўлдилар.

32Яҳудо билан Сила пайғамбар эдилар. Улар имонлиларга далда бериб, уларга кўп гаплар айтиб, имонда мустаҳкамладилар.

33[33-34] Яҳудо билан Сила маълум вақт у ерда бўлганларидан кейин, имонлилар уларни юборган биродарлари ёнига хайрихоҳлик билан жўнатиб юбордилар [1].

35Павлус билан Барнабо эса бирмунча вақт Антиохияда қолишди. Улар у ерда бошқалар билан бирга таълим бериб, Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилдилар.

36Орадан бир неча кун ўтгач, Павлус Барнабога деди: — Қани, биз Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилган шаҳарларга борайлик, имонлиларни йўқлайлик, уларнинг ҳол–аҳволини билайлик.

37Барнабо Марк деган Юҳаннони ўзлари билан бирга олиб кетмоқчи эди.

38Аммо Павлус буни истамади. Марк уларни Памфилияда қолдириб, хизматда охиригача бирга бўлмагани учун Павлус Барнабонинг бу фикрига қаттиқ эътироз билдирди.

39Павлус билан Барнабонинг орасида шундай англашилмовчилик бўлдики, улар бир–бирларини тарк этдилар. Барнабо Маркни ўзи билан бирга олиб, кемада Кипрга сузиб кетди.

40Павлус эса Силани танлади. Имонлилар уларни Раббимиз Исонинг паноҳига топширганларидан кейин улар йўлга чиқдилар.

41Сурия ва Киликия ҳудудларини кезиб, жамоатларни имонда мустаҳкамладилар.

icle>