Ҳаворийлар 16:1-40 UZV2013 - Bible AI

1Павлус Дарба ва Листра шаҳарларига борди. Листрада Исонинг Тимўтий исмли шогирди яшарди. Унинг онаси имонга келган яҳудий бўлиб, отаси юнон эди.

2Листра ва Икониядаги имонлилар Тимўтий тўғрисида яхши гаплар айтишарди.

3Павлус Тимўтийни ўзи билан бирга олиб кетмоқчи бўлиб, ўша ерларда яшайдиган яҳудийлар сабабли уни суннат қилдирди. Чунки Тимўтийнинг отаси юнон эканини ҳамма биларди.

4Улар шаҳарлар оралаб ўтганларида, Қуддусдаги ҳаворийлар ва оқсоқоллар қарор қилган қоидаларни имонлиларга етказиб, буларга риоя қилинглар, деб айтишарди.

5Шундай қилиб, жамоатлар имонда мустаҳкам бўлиб, кундан–кунга сон жиҳатдан кўпайиб бораверди.

6Улар Фригия ва Галатия ўлкасидан ўтишди, Муқаддас Руҳ Асия вилоятида Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилишни уларга тақиқлаганди.

7Улар Мусиядан ўтиб, Битиния вилоятига киришга ҳаракат қилдилар. Аммо Муқаддас Руҳ орқали Исо уларга ижозат бермади.

8Шундай қилиб, улар қайтиб, Мусия орқали Троасга кетдилар.

9Тунда Павлусга ваҳий келди: Македониялик бир одам: “Македонияга келиб, бизга ёрдам бер!” деб илтижо қиларди.

10Павлусга келган бу ваҳийдан кейин, биз тезда Македонияга боришга ҳозирлик кўрдик. Худо бизни у ердаги халққа Хушхабарни ваъз қилишга чақирди, деб ишонч ҳосил қилган эдик.

11Биз кемада Троас шаҳридан сузиб кетиб, тўғри Самофракияга йўл олдик, эртаси куни Неаполга кетдик.

12У ердан эса Филиппига бордик. Бу Македония вилоятининг биринчи туманидаги шаҳар бўлиб, Римга қарашли эди. Биз бир неча кун у ерда бўлдик.

13Шаббат куни биз шаҳардан дарё бўйига чиқдик. У ерда ибодат қиладиган жой бор, деб ўйлаган эдик. Ўша ерда аёллар йиғилган экан, биз улар билан ўтириб суҳбатлашдик.

14Бизни тинглаб ўтирганлар орасида Лидия деган бир аёл ҳам бор эди. У Тиятира шаҳридан бўлиб, сафсар матолар сотарди. У художўй эди. “Павлуснинг айтганларини жон дили билан тингласин”, деб Эгамиз Лидиянинг юрагини очди.

15Лидия билан унинг хонадон аҳли сувга чўмдирилганларидан кейин, у бизга шундай таклиф қилди: “Агар мени Раббимиз Исога содиқ имонли деб ҳисобласангизлар, менинг уйимга келиб, ўша ерда туринглар.” Лидия бизни кўндирди.

16Бир куни биз ибодат қиладиган жойга кетаётганимизда, олдимизга бир чўри қиз келди. Бу қизда фолчилик руҳи бўлиб, у башорат қилиш орқали хўжайинларига кўп пул ишлаб берар экан.

17У Павлус билан бизга эргашиб, шундай деб бақирарди: “Манави одамлар Қодир Худонинг қуллари! Улар сизларга нажот топиш йўлини эълон қиладилар.”

18Ўша чўри бир неча кун давомида шундай қилиб юрди. Охири, Павлус безор бўлиб, орқасига ўгирилди–да, ёвуз руҳга деди: “Сенга Исо Масиҳ номидан буюраман: бу қизнинг ичидан чиқиб кет!” Ўша заҳоти ёвуз руҳ қизнинг ичидан чиқиб кетди.

19Қизнинг хўжайинлари пул ишлаш имконияти қўлдан кетганини англаб етдилар. Улар Павлус билан Силани ушлаб, шаҳар майдонига судраб келдилар.

20Уларни Рим амалдорлари ҳузурига олиб келиб:

20— Бу одамлар шаҳримизни алғов–далғов қиляптилар! — дедилар. — Улар яҳудийлардир,

21биз эса Римликлармиз, улар бизнинг қонунларимизга зид бўлган одатларни тарғиб қиляптилар. Биз уларнинг одатларини қабул қила олмаймиз ёки амалда қўллай олмаймиз.

22Оломон Павлус билан Силага қарши ҳужумга қўшилди. Шунда Рим амалдорлари Павлус билан Силанинг кийимларини ечдириб, аскарларга: “Буларни калтакланглар”, деб буюрдилар.

23Уларни роса калтаклашгандан кейин, зиндонга ташладилар. Рим амалдорлари зиндонбонга: “Уларни яхшилаб қўриқла”, деб буйруқ бердилар.

24Зиндонбон буйруқни олиб, икковини ички бўлмага ташлади ва уларнинг оёқларини кундага маҳкамлаб қўйди.

25Ярим тунда Павлус билан Сила ибодат қилиб, Худога ҳамду сано айтаётган эдилар. Маҳбуслар эса уларни тинглаб ўтиришарди.

26Бирдан шундай қаттиқ зилзила юз бердики, қамоқхонанинг пойдевори ларзага келди, шу заҳоти ҳамма эшиклар очилиб, маҳбусларнинг кишанлари ечилиб кетди.

27Зиндонбон уйғониб, қамоқхона эшиклари очиқ эканини кўрди. У, маҳбуслар озод бўлиб кетибди, деб ўйлаб, қиличини қинидан суғуриб, ўзини ўлдирмоқчи бўлди.

28Павлус овози борича: “Зинҳор ўзингга шикаст етказа кўрма, ҳаммамиз шу ердамиз!” деб бақирди.

29Зиндонбон, чироқлар ёқилсин, деб буюрди ва шошилганича ичкари кирди–да, титраб–қақшаб, ўзини Павлус билан Силанинг оёқлари остига ташлади.

30Зиндонбон икковини ташқарига олиб чиқиб: “Жаноблар, нажот топишим учун нима қилишим керак?” деб сўради.

31— Раббимиз Исога ишон, шунда ўзинг ва хонадон аҳлинг нажот топасизлар, — деб жавоб беришди улар.

32Павлус билан Сила Раббимиз ҳақидаги хабарни зиндонбонга ва унинг хонадон аҳлига ваъз қилдилар.

33Зиндонбон тунда ўша заҳотиёқ икковини бир четга олиб ўтиб, яраларини ювди. Сўнг ўзи ва бутун хонадон аҳли сувга чўмдирилди.

34Зиндонбон Павлус билан Силани уйига олиб келиб, уларга дастурхон ёзди. У бутун хонадони билан бирга Худога имон келтирганидан севинди.

35Тонг отгач, амалдорлар миршабларни юбориб: “Анави одамлар ўз йўлига кетаверсин”, дедилар.

36Зиндонбон бу хабарни Павлусга етказди: “Амалдорлар сизларни кетаверсин, деб хабар юборибди, ҳозироқ чиқинглар, эсон–омон боринглар”, деди.

37Павлус эса миршабларга шундай деди:

37— Рим фуқароси бўлсак ҳам, бизни ҳукм қилмасдан халқнинг кўз ўнгида калтакладилар, зиндонга ташладилар. Нима учун энди яширинча бизни жўнатиб юбормоқчилар?! Бунақаси кетмайди! Ўзлари келиб, бизни зиндондан чиқарсинлар.

38Миршаблар бу сўзларни амалдорларга етказдилар. Улар Павлус билан Силанинг Рим фуқароси эканини эшитиб, қўрқиб кетдилар.

39Шундай қилиб, амалдорлар бориб, улардан кечирим сўраб, уларни зиндондан олиб чиқдилар. Сўнгра: “Шаҳардан кетсангизлар”, деб илтимос қилдилар.

40Павлус билан Сила зиндондан чиққанларидан кейин, Лидиянинг уйига бордилар. Улар бу ерда имонлилар билан учрашиб, уларга далда бердилар, сўнг у ердан кетдилар.

icle>