Ҳаворийлар 18:1-28 UZV2013 - Bible AI

1Шундан кейин Павлус Афинадан кетиб, Коринфга йўл олди.

2У ерда Павлус Акил деган бир яҳудий билан танишди. Акил Понтусда туғилган бўлиб, хотини Прискилла билан Италиядан яқинда келган экан. Чунки Қайсар Клавдий, ҳамма яҳудийлар Римдан чиқиб кетсин, деб фармон берган эди. Павлус уларни кўргани борди.

3Улар ҳамкасб — чодир тикувчилик билан шуғулланганлари учун, Павлус уларникида қолиб, ишлади.

4Ҳар Шаббат куни у синагогада мунозара ўтказиб, яҳудийлар ва юнонларни ишонтиришга ҳаракат қилди.

5Сила билан Тимўтий Македониядан келганларидан кейин, Павлус бутун вақтини Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилишга бағишлади. У яҳудийларга Исонинг Масиҳ экани тўғрисида гувоҳлик берарди.

6Яҳудийлар эса Павлусга қарши чиқиб, уни ҳақорат қилдилар. Павлус улардан норози бўлиб, кийимларидан чангни қоқди–да: “Қонингиз ўз гарданингизда қолсин, менда айб йўқ, ҳозирдан бошлаб ғайрияҳудийлар орасига кетганим бўлсин”, деди уларга.

7Шундай қилиб, Павлус синагогани тарк этиб, Титас Юстус деган бир одамнинг уйига борди. Титас Юстус ҳам художўй одам бўлиб, унинг уйи синагоганинг ёнгинасида эди.

8Синагоганинг қавмбошиси Крисп бутун хонадони билан Раббимиз Исога имон келтирди. Павлусдан Хушхабар эшитган Коринфликларнинг кўпчилиги ишониб, сувга чўмдирилдилар.

9Бир куни тунда Раббимиз Исo ваҳийда Павлусга зоҳир бўлиб, деди: “Қўрқма! Гапиравер, сукут сақлама!

10Мен сен билан биргаман. Бу шаҳардаги кўпчилик Менинг одамларим бўлгани учун, ҳеч ким сенга зарар етказа олмайди.”

11Шундай қилиб, Павлус бу шаҳарда бир йилу олти ой туриб, халққа Худонинг каломидан таълим берди.

12Каллия Ахая вилоятига ҳокимлик қилган пайтларда, яҳудийлар биргалашиб Павлусга қарши чиқдилар ва уни судраб, маҳкамага олиб келдилар.

13Улар шундай дедилар: — Мана бу одам қонунга қарши йўллар билан Худога сажда қилишга халқни даъват қиляпти.

14Павлус энди гапирмоқчи бўлиб турган эди, Каллия яҳудийларга шундай деди: — Эй яҳудийлар! Агар даъвоингиз ёмон қилмиш ёки оғир жиноят масаласида бўлганда эди, шикоятларингизни қабул қилишга сабаб топган бўлардим.

15Аммо бу даъволарингиз айрим сўзлар, исмлар ва ўз қонунингиз борасида экан, буларни ўзларингиз кўриб чиқаверинглар. Мен бу масалаларнинг ҳаками бўлмайман.

16Каллия яҳудийларни маҳкамадан ҳайдаб чиқарди.

17Шунда оломон синагога қавмбошиси Состенни тутиб олди–да, маҳкаманинг олдида уни калтаклади. Аммо Каллия буларнинг биронтасига эътибор бермади.

18Павлус Коринфда имонлилар билан узоқ вақт турди. Сўнг улар билан хайрлашиб, кемада Сурияга сузиб кетди. Акил билан Прискилла ҳам у билан бирга кетдилар. Павлус Худога онт ичгани учун Кенхреядан сузиб кетишдан олдин сочини олдирди.

19[19-21] Улар Эфесга етиб келдилар. Павлус синагогага бориб, яҳудийлар билан мунозара ўтказди. Одамлар Павлусдан, биз билан узоқроқ қолинг, деб илтимос қилдилар. Аммо Павлус рози бўлмади. Кетишидан олдин эса уларга: “Худо хоҳиш билдирса, сизларнинг олдингизга қайтиб келаман”, деди. Шундан кейин Акил билан Прискиллани Эфесда қолдириб, ўзи кемада сузиб кетди.

22Павлус Қайсарияга етиб келгандан кейин, Қуддусга борди ва имонлилар жамоати билан кўришди. Шундан сўнг Антиохияга кетди.

23У ерда маълум вақт бўлгач, яна йўлга чиқди ва Галатия, Фригия ўлкаларини кезиб, барча имонлиларга далда берди.

24Шу пайтда Аполлос деган бир яҳудий Эфесга келди. У асли Искандариядан эди. У гапга чечан одам бўлиб, Муқаддас Битикларни жуда яхши биларди.

25У Раббимиз Исонинг йўлида таълим олган бўлиб, оташин руҳ билан гапирарди. Гарчи фақат Яҳёнинг сувга чўмдириш тўғрисидаги таълимотини билган бўлса–да, Исо ҳақида тўғри таълим берарди.

26Аполлос синагогада жасорат билан гапира бошлади. Прискилла билан Акил Аполлоснинг ваъзини эшитганларидан кейин, уни уйига таклиф қилиб, Худонинг йўлини янада аниқроқ тушунтириб бердилар.

27Аполлос Ахаяга боришга қарор қилди. Эфесдаги имонлилар Ахаядаги шогирдларга, Аполлосни яхши қабул қилсангизлар, деб мактуб ёздилар. Аполлос Ахаяга келгач, Худонинг инояти билан имонга келганларга катта ёрдам берди.

28Аполлос, Муқаддас Битиклар асосида Исонинг Масиҳ эканини исбот этиб, қатъият билан яҳудийларнинг ноҳақлигини очиқчасига фош қиларди.

icle>