Ҳаворийлар 23:1-35 UZV2013 - Bible AI

1Павлус Олий кенгаш аъзоларига диққат билан қараб шундай деди: Биродарлар! Шу кунгача мен Худо олдида тоза виждон билан яшадим.

2Олий руҳоний Ҳанания Павлуснинг ёнида турганларга: “Унинг оғзига уринглар!” деб буюрди.

3Павлус унга деди:

3— Худо албатта сени уради, эй оқланган девор! Сен қонунга кўра мени ҳукм қилгани ўтирибсан. Энди қонунни бузиб, мени уришга амр беряпсанми?!

4Павлусга яқин турган одамлар: — Сен ҳали Худонинг олий руҳонийсини ҳақорат қиляпсанми?! — дедилар.

5— Биродарлар, мен унинг олий руҳоний эканини билмабман, — деди Павлус. — Муқаддас Битикларда: “Ўз халқинг йўлбошчиси тўғрисида ёмон гапирмагин”, деб айтилган.

6Павлус билдики, бу ердагиларнинг баъзилари саддуқийлар, бошқалари фарзийлар экан. У Олий кенгашга қараб даъват қилди: — Биродарлар! Мен фарзийман, фарзийнинг ўғлиман. Ўликлар тирилади, деб умид қилганим учун, мени ҳукм қиляптилар.

7Павлус шу гапларни айтгач, фарзийлар ва саддуқийлар баҳслаша бошладилар, гуруҳ иккига бўлинди.

8Саддуқийлар, тирилиш ҳам, фаришта ҳам, руҳ ҳам йўқ, деб айтардилар, фарзийлар эса учаласига ҳам ишонардилар.

9Шунда шовқин–сурон авжига чиқди. Фарзий мазҳабидан бўлган баъзи Таврот тафсирчилари ўринларидан туриб, қаттиқ эътироз билдирдилар:

9— Биз бу одамда бирон айб топмадик. Эҳтимол, руҳ ёки фаришта унга гапирган бўлиши мумкин.

10Баҳс шу даражада кучайиб кетдики, мингбоши: “Павлусни тилка–пора қилишмасайди”, деб қўрқиб кетди. Шундан кейин у аскарларга: “Пастга тушинглар, Павлусни зудлик билан олиб чиқиб, қалъага олиб киринглар!” деб буюрди.

11Ўша куни тунда Павлуснинг олдига Раббимиз Исо келиб, шундай деди: “Дадил бўл! Сен Қуддусда Мен учун гувоҳлик берган эдинг, энди Римда ҳам гувоҳлик беришинг керак.”

12Эрталаб бир неча яҳудийлар йиғилиб, фитна қўзғадилар. Улар: “Павлусни ўлдирмагунимизча еб–ичмаймиз”, дея қасам ичдилар.

13Қасам ичганлар қирқ кишидан ортиқ эди.

14Шундан кейин улар бош руҳонийлар билан оқсоқолларнинг олдига бориб айтдилар:

14— Биз, Павлусни ўлдирмагунимизча, еб–ичмаймиз, деб қатъий қасам ичдик.

15Энди сизлар ва Олий кенгаш аъзолари мингбошига: “Павлусни бизнинг ҳузуримизга олиб кел, у тўғрида маълумотларни яхшироқ текшириб кўрмоқчимиз”, деб буюринглар. Павлус ҳузурингизга етиб келмасидан олдин уни ўлдирамиз.

16Павлуснинг жияни, яъни синглисининг ўғли бу фитна ҳақида эшитиб қолди. У қалъага бориб, Павлусга бу тўғрида айтиб берди.

17Павлус юзбошилардан биттасини чақирди–да, шундай деди: “Манави йигитни мингбошининг олдига олиб бор. У мингбошига бир нарса тўғрисида хабар бермоқчи.”

18Юзбоши йигитни мингбошининг олдига олиб бориб, деди:

18— Маҳбус Павлус мени чақириб, манави йигитни сизнинг олдингизга олиб келишимни илтимос қилди. Унинг сизга айтадиган гапи бор экан.

19Мингбоши йигитни қўлидан ушлаб бир четга олиб ўтди–да, сўради: — Менга нима тўғрисида хабар бермоқчисан?

20У шундай жавоб берди: — Яҳудийлар сиздан: “Эртага Павлусни Олий кенгашга олиб келинг”, деб илтимос қилишга келишиб олишди, гўё Олий кенгаш Павлус тўғрисидаги маълумотларни аниқроқ қилиб текширишар эмиш.

21Аммо уларга қулоқ солманг! Қирқтадан кўпроқ одам яшириниб, Павлусни кутиб ётибди. Улар, Павлусни ўлдирмагунимизча, еб–ичмаймиз, деб қасамёд қилганлар. Улар ҳозир тайёр бўлиб, сизнинг қарорингизни кутяптилар.

22Мингбоши йигитга: — Менга берган хабарингни биронтасига айта кўрма! — деди. Сўнг унга рухсат берди.

23Мингбоши юзбошилардан иккитасини ёнига чақириб, деди: — Оқшом соат тўққизда Қайсарияга кетиш учун икки юзта пиёда аскарни, етмишта отлиқ аскарни, икки юзта найзабардорларни тайёр қилиб қўйинглар.

24Павлусни ҳам отга миндириб олинглар. Уни ҳоким Феликс олдига эсон–омон олиб боринглар.

25Мингбоши қуйидаги мазмунда мактуб ёзди:

26“Кладиус Лисийдан ҳоким Феликс жаноби олийларига саломлар!

27Яҳудийлар бу одамни ушлаб, ўлдирмоқчи бўлдилар. У Рим фуқароси эканини билганимдан кейин, мен аскарларим билан бирга бориб, уни қутқариб қолдим.

28Унинг қандай айби бор эканлигини билмоқчи бўлиб, уни яҳудийларнинг Олий кенгашига олиб келдим.

29Мен шуни билдимки, у яҳудийларнинг қонунига оид масалаларда айб қилинган экан. Аммо ўлимга ёки зиндонга ташланишга лойиқ бирон иш қилмаган.

30Бу одамга қарши фитна уюштирилаётганидан хабар топганимдан кейин, ўша заҳоти уни сизнинг ҳузурингизга юборишга қарор қилдим. Унинг айбловчиларига ҳам, даъволарингизни ҳоким Феликсга бориб айтинглар, дедим.”

31Шундай қилиб, аскарлар мингбошининг кўрсатмасига мувофиқ, Павлусни олиб, тун бўйи юриб, Антипатрисга олиб келдилар.

32Эртаси куни отлиқ аскарлар Павлус билан бирга йўлда давом этди, қолганлар эса қалъага қайтиб келдилар.

33Отлиқ аскарлар Қайсарияга етиб келганларидан кейин, ҳокимга мактубни бердилар, Павлусни ҳам ҳокимга рўпара қилдилар.

34Ҳоким мактубни ўқиб бўлиб, Павлусдан: “Сен қайси вилоятдансан?” деб сўради. Павлуснинг Киликиядан эканини билгач,

35ҳоким: “Айбловчилар келганларидан кейин, сени эшитаман”, деди. Шундан кейин ҳоким: “У Ҳироднинг қароргоҳида ушлаб турилсин”, деб буйруқ берди.

icle>