Ҳаворийлар 24:1-27 UZV2013 - Bible AI

1Беш кун ўтгач, олий руҳоний Ҳанания бир неча оқсоқоллар ва Тертулл деган бир ҳуқуқшунос билан бирга Қайсарияга келди. Улар Павлусга қарши арзларини ҳокимга баён қилмоқчи бўлдилар.

2Павлусни чақириб келтирганларидан кейин, Тертулл уни айблай бошлади:

3— Жаноби олийлари! Сизнинг доно раҳбарлигингиз остида биз анчадан буён тинч–хотиржам яшаяпмиз, узоқни кўра билишингиз шарофати билан халқимиз учун ислоҳотлар амалга оширилди. Биз буни ҳамма жойда ва ҳар доим эътироф этамиз, сиздан чуқур миннатдормиз.

4Мен сизнинг вақтингизни кўп олмоқчи эмасман, марҳаматингизни дариғ тутмай, бизнинг қисқа ахборотимизга қулоқ солишингизни илтимос қиламан.

5Биз аслида бу одамни вабо сингари хавфли деб биламиз. У дунёдаги ҳамма яҳудийлар орасида исён бошлади. У насронийлар мазҳабининг раҳнамосидир.

6[6-7] У ҳатто Маъбадни булғашга ҳаракат қилди. Шунинг учун биз уни ҳибсга олдик [1].

8Бу одамни ўзингиз сўроқ қилсангиз, биз уни нимада айблаётганимизни унинг ўзидан билиб оласиз.

9Яҳудийлар бу айбловларга қўшилиб, буларнинг ҳаммаси ҳақиқат, деб айтдилар.

10Ҳоким Павлусга, гапир, деб ишора қилгандан кейин, у шундай жавоб берди: — Биламан, сиз анча йиллардан бери бу халқ устидан ҳукмрон бўлиб келасиз. Шунинг учун ўзимни сизнинг ҳузурингизда ҳимоя қилаётганимдан хурсандман.

11Ўзингиз билиб олишингиз мумкин: Худога сажда қилгани Қуддусга борганимга ўн икки кундан ошгани йўқ.

12Мен Маъбадда бирон одам билан тортишиб қолганимни ёки синагогаларда, ё бўлмаса шаҳарда оломон орасига ғулғула солганимни улар кўрганлари йўқ.

13Қолаверса, ҳозир менга қарши айтаётган айбловларини улар исботлаб бера олмайдилар.

14Аммо шуни тан олишим керакки, улар Исонинг йўлини сохта эътиқод деб айтишади. Мен эса Исонинг йўли орқали ота–боболаримизнинг Худосига сажда қиламан. Тавротга мос келган ва пайғамбарлар битикларида ёзилган ҳар бир сўзга мен ишонаман.

15Мен мана шу одамлар сингари Худога умид боғлаганман. Мен ҳам улардай Худо солиҳларни ва фосиқларни тирилтиришига ишонаман.

16Айни шу сабабдан Худо ва халқ олдида мен доим виждонимни соф сақлашга тиришаман.

17Мана, Қуддусда бўлмаганимга бир неча йил бўлди, энди халқимга садақа бериш ва назр қилиш учун Қуддусга боргандим.

18Мен шуларни бажараётганимда, улар мени Маъбадда кўриб қолдилар. Мен покланиш маросимини адо этаётган эдим, ёнимда оломон йўқ эди, шовқин–сурон ҳам кўтармаган эдим.

19Асия вилоятидан бўлган бир неча яҳудийлар ўша ерда эдилар. Агар уларнинг менга қарши бирон даъволари бўлса, улар ўзлари сизнинг ҳузурингизга келиб, ўз айбловларини билдиришлари керак.

20Ёки бу ердагилар айтишсин, мен Олий кенгаш аъзолари олдида турганимда менда қандай жиноят топдилар экан?

21Мен уларнинг олдида турганимда, баланд овозда: “Mен ўликлар тирилади, деб айтганим учун бугун олдингизда ҳукм қилиняпман”, деб айтган эдим. Бундан бошқа нима айбим бор?

22Исонинг йўли тўғрисида батафсил хабардор бўлган Феликс йиғилишни тўхтатиб: “Мингбоши Лисий келгандан кейин, сенинг ишинг тўғрисида қарор қабул қиламан”, деди.

23Феликс юзбошига: “Уни қамаб қўй, аммо унга озгина эркинлик бер, унинг эҳтиёжлари учун хизмат қилмоқчи бўлган дўстларига ижозат бер”, деб буйруқ берди.

24Бир неча кундан кейин Феликс хотини Друсилла билан келди. Друсилла яҳудий эди. Феликс Павлусни чақиртириб келди ва Исо Масиҳга ишонч тўғрисидаги гапларини тинглади.

25Павлус солиҳлик, нафсни тийиш, қиёмат кунининг келиши тўғрисида гапирар экан, Феликс қўрқиб, деди:

25— Сен энди боравер. Имкон топилган заҳоти, сени чақираман.

26Феликс: “Павлус менга пора беради”, деб умид қиларди, шунинг учун Павлусни тез–тез чақириб, у билан суҳбатлашарди.

27Орадан икки йил ўтгач, Феликснинг ўрнига Порций Фестус ҳоким бўлди. Феликс яҳудийларнинг кўнглини олмоқчи бўлиб, Павлусни қамоқда қолдирди.

icle>