Ҳаворийлар 3:1-26 UZV2013 - Bible AI

1Бир куни Бутрус билан Юҳанно кундузи соат учларда — ибодат вақтида Маъбадга кетаётган эдилар.

2Ўша пайтда Маъбад олдига бир шол одамни олиб келишди. Уни ҳар куни Маъбаднинг Гўзал деган дарвозасига келтириб қўйишарди, у эса тиланчилик қилиб, Маъбадга келган одамлардан садақа йиғарди.

3Ўша одам Бутрус билан Юҳаннонинг келаётганини кўриб, садақа бериб кетинглар, деб ялинди.

4Иккови унга тикилди. Шу пайт Бутрус:

4— Бизга қара! — деди.

5У одам бирон нарса олиш илинжида икковига диққат билан қаради.

6Бутрус эса унга деди:

6— Менинг пулим йўқ, аммо ўзимда бор нарсани сенга бераман. Носиралик Исо Масиҳ номи билан сенга буюраман: ўрнингдан туриб юр!

7Шундан кейин Бутрус шол одамни ўнг қўлидан ушлаб, ўрнидан туришига кўмаклашди. Шу заҳоти шол одамнинг оёқлари билан тўпиқлари мустаҳкам бўлди.

8У сакраб турди–ю, юра бошлади. Кейин у юриб, сакраб, Худога ҳамду сано айтиб, Бутрус ва Юҳанно билан бирга Маъбад ҳовлисига кирди.

9Юриб Худога ҳамду сано айтаётган бу одамни халқ кўриб,

10таниди. Одамлар: “Гўзал дарвозаси ёнида ўтириб, садақа сўрайдиган одам–ку бу!” деб ҳайратланиб, юз берган воқеадан ҳайрон қолдилар.

11Бутрус билан Юҳанно Сулаймон айвони деган жойда турар эдилар. Шол одам икковининг қўлидан маҳкам ушлаб олган эди. Халқ ҳайрат ичида уларнинг олдига югуриб келди.

12Бутрус одамларни кўргач, уларга қарата нутқ сўзлади:

12— Эй Исроил халқи! Нега бунга ҳайрон бўляпсизлар? Худди биз ўз қудратимиз ёки художўйлигимиз билан бу одамга шифо бергандай, нега бизга тикилиб қараяпсизлар?

13Бу одамга ота–боболаримиз Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси шифо берди. Шу орқали Худо Ўзининг қули Исони улуғлади. Аммо сизлар Исони тутиб бердингизлар. Пилат Уни озод этишга қарор қилганда ҳам, сизлар Уни Пилатнинг ҳузурида рад этдингизлар.

14Ҳа, сизлар Муқаддас ва Солиҳ бўлган Исони рад қилиб, Унинг ўрнига бир қотилнинг озод бўлишини талаб қилдингизлар.

15Сизлар ҳаётга бошловчини ўлдирдингизлар. Аммо Худо Уни ўликдан тирилтирди. Биз бунга гувоҳмиз.

16Ўзларингиз кўриб–билиб турган мана бу одам Исонинг номига бўлган имони туфайли соппа–соғ турибди. Исо берган бу имон уни кўз ўнгингизда бутунлай соғайтирди.

17Эй биродарлар, сизлар Исога қилган бу ёмонлигингизни ҳукмдорларингиз каби билмасдан қилганингизни биламан.

18Аммо бу қилмишингиз орқали Худо пайғамбарларнинг оғзи билан айтган башоратини бажо қилди. Ахир, пайғамбарлар, Масиҳ азоб чекади, деб олдиндан айтган эдилар.

19Энди тавба қилинглар, Худога юз буринглар, токи гуноҳларингиз кечирилсин.

20Шунда Эгамиз сизларга ором олиш вақтини ато қилади. У сизлар учун танланган Масиҳ — Исони юборади.

21Худо Ўзининг муқаддас пайғамбарлари орқали азалдан эълон қилгандай, ҳамма нарсалар янгиланадиган давр келади. Аммо ўша давр келгунча Исо осмонда қолиши керак.

22Мусо шундай деган эди: “Эгангиз Худо сизлар учун халқингиз орасидан менга ўхшаган бир пайғамбар чиқаради. У сизларга нима айтса қулоқ солинглар.

23Ўша пайғамбарга итоат этмайдиган ҳар ким Худонинг халқи орасидан ажратиб олиниб, йўқ қилинади.”

24Ҳақиқатдан ҳам, Шомуил ва ундан кейин келиб хабар берган ҳамма пайғамбарлар биз яшаётган бу кунлар ҳақида башорат қилган эдилар.

25Худонинг Ўз пайғамбарлари орқали берган ваъдалари сизлар учундир. Сизлар Худонинг Иброҳим орқали ота–боболарингиз билан тузган аҳдини ўзларингизга мерос қилиб оляпсизлар. Ахир, Иброҳимга Худо: “Сенинг зурриётинг орқали ер юзидаги жамики халқлар барака топади”, деб айтган эди.

26Худо Ўз қули Исони зоҳир қилгандан кейин, Уни биринчи бўлиб сизларнинг орангизга юборди. Чунки У ҳар бирингизни ёмон йўлдан қайтариб, сизларга барака бермоқчи.

cle>