Ҳаворийлар 7:1-60 UZV2013 - Bible AI

1Олий руҳоний Стефандан: “Шу гаплар ростми?” деб сўради.

2Стефан шундай жавоб берди: “Биродарлар, оталар! Менинг гапларимга қулоқ солинглар. Бобомиз Иброҳим ҳали Хоронда яшамасдан олдин — Месопотамияда бўлган пайтда улуғвор Худо унга зоҳир бўлиб,

3шундай деди: ‘Ўз юртингдан, қариндош–уруғларинг олдидан чиқиб кет. Мен сенга бир юртни кўрсатаман, ўша ерга борасан.’

4Шундан кейин Иброҳим Халдейлар юртини тарк этиб, Хоронга бориб ўрнашди. Иброҳимнинг отаси вафот этгач, Худо уни Хорондан ҳозир сизлар яшаб турган юртга кўчирди.

5Худо Иброҳимга у ердан мулк бермади, ҳатто бир қарич ер ҳам бермади. Лекин Иброҳимга ва унинг наслига ўша юртни мулк қилиб беришни ваъда қилди. Ваҳоланки, ўша пайда Иброҳимнинг фарзанди йўқ эди.

6Худо унга шундай деди: “Сенинг наслинг бегона бир юртда мусофир бўлиб яшайди. Тўрт юз йил қул бўлиб, жабр–зулм тортади.

7Аммо уларни қул қилиб оладиган халқни Мен жазолайман. Шундан кейин улар ўша юртдан чиқадилар ва бу ерда Менга сажда қиладилар.”

8Кейин Худо унга суннат аҳдини берди. Шундай қилиб, Иброҳимдан Исҳоқ туғилди. Исҳоқни саккиз кунлигида Иброҳим суннат қилди. Исҳоқдан Ёқуб туғилди, у ҳам суннат қилинди. Ёқубдан ўн икки қабила асосчилари туғилди, улар ҳам суннат қилинди.

9Ёқубнинг ўғиллари ўзларининг укалари Юсуфга ҳасад қилиб, уни Мисрга сотиб юбордилар. Аммо Худо Юсуф билан бирга бўлиб,

10уни ҳамма кулфатлардан сақлаб қолди. Худо Юсуфни шунчалик доно қилдики, у Миср фиръавнининг илтифотига сазовор бўлди. Фиръавн Юсуфни бутун Миср ва ўзининг хонадони устидан ҳоким қилиб тайинлади.

11Ўша даврда бутун Миср ва Канъон бўйлаб очарчилик тарқалди, кўп азоб–уқубатлар келиб чиқди. Ота–боболаримиз егулик топа олмай қолдилар.

12Ёқуб, Мисрда дон бор экан, деб эшитиб қолди. У ўғилларини, яъни бизнинг боболаримизни Мисрга биринчи бор сафарга жўнатди.

13Улар Мисрга иккинчи марта борганларида, Юсуф акаларига ўзини танитди. Шундай қилиб, Юсуфнинг уруғ–аймоғи фиръавнга маълум бўлди.

14Шундан кейин Юсуф отаси Ёқубни, ҳамма қариндош–уруғларини ёнига чақирди. Улар ҳаммаси бўлиб етмиш беш киши эдилар.

15Шундай қилиб, Ёқуб Мисрга кетди. Ёқуб ҳам, унинг ўғиллари, яъни ота–боболаримиз ҳам Мисрда вафот этдилар.

16Уларнинг суякларини Шакам шаҳрига олиб келиб, Иброҳимнинг мақбарасига қўйдилар. Бу мақбарани Иброҳим шакамлик Хамўрнинг ўғилларидан бир қанча кумушга сотиб олган эди.

17Худонинг Иброҳимга берган ваъдаси амалга ошадиган пайт яқинлашгани сари, Мисрдаги халқимиз ғоят кўпайиб борар эди.

18Мисрни бошқа ҳукмдор бошқара бошлади. У Юсуф тўғрисида ҳеч нарса билмасди.

19Улар ота–боболаримизга найранг ишлатдилар. Ота–боболаримиз чақалоқларидан воз кечишларига тўғри келди, чақалоқлари ўлдирилди.

20Шу пайтда Мусо туғилган эди. У жуда ажойиб бола эди. Ота–онасининг уйида Мусони уч ой парваришлаганларидан кейин

21охири, воз кечишга мажбур бўлдилар. Фиръавннинг қизи Мусони сақлаб олиб, ўз ўғлидай тарбия қилди.

22Мусога Мисрликларнинг илму маърифати ўргатилди, у сўзда ҳам, ишда ҳам буюк одам бўлди.

23Мусо қирқ ёшга кирганда, унинг юрагида қардошлари бўлган Исроил халқини кўриш орзуси туғилди.

24Мисрликлардан бири Исроил халқидан биттасига шафқатсизлик қилаётганини кўрганда, Мусо қардошини ҳимоя қилди. Мисрликни ўлдириб, қардошининг ўчини олди.

25Мусо: “Худо мен орқали халқимни озод қилмоқчи, буни халқим тушунса керак”, деб ўйлади. Аммо улар тушунмадилар.

26Кейинги куни Мусо Исроил халқидан иккитаси жанжаллашаётганини кўриб, уларни яраштирмоқчи бўлди: “Қулоқ солинглар, эй одамлар, ахир, сизлар биродарсизлар! Нега бир–бирингизни хафа қиляпсизлар?”

27Аммо қардошини хафа қилаётган одам Мусони туртиб деди: “Ким сени бизнинг устимиздан ҳукмдор ёки ҳакам қилиб қўйди?

28Кеча Мисрликни ўлдирганингдай мени ҳам ўлдирмоқчимисан?”

29Мусо бу гапни эшитгач, Мисрдан қочиб кетди ва Мидиён юртида мусофир бўлиб яшай бошлади. Бу юртда Мусо икки ўғил кўрди.

30Орадан қирқ йил ўтгач, Синай тоғи ёнидаги саҳрода ёнаётган бута алангаси ичида Мусога бир фаришта зоҳир бўлди.

31Мусо буни кўриб, ҳайрон бўлди. Яхшироқ кўриш учун бутага яқин борди. Шу пайт у Эгамизнинг овозини эшитди:

32“Мен ота–боболарингиз — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худосиман.” Мусо қўрққанидан титрай бошлади.

33Шунда Эгамиз Мусога деди: “Оёғингдаги чориғингни еч, чунки сен турган жой муқаддас ердир.

34Мисрда халқимнинг қаттиқ азоб чекаётганини кўрдим, уларнинг оҳ–воҳларини эшитдим. Мен уларни озод қилиш учун келдим. Энди кел, Мен сени Мисрга юбораман.”

35Мана шу Мусони халқ рад қилиб, унга: “Ким сени бизнинг устимиздан ҳукмдор ёки ҳакам қилиб қўйди?” деб айтганди. Худонинг Ўзи эса Мусони ҳукмдор ва халоскор қилиб юборди. У буни бута ичида зоҳир бўлган фаришта орқали амалга оширди.

36Мусо Исроил халқини Мисрдан олиб чиқди. Мисрда, Қизил денгизда ва саҳрода қирқ йил давомида мўъжизалар ва аломатлар кўрсатди.

37Исроил халқига: “Худо сизлар учун ўзингизнинг халқингиз орасидан менга ўхшаган бир пайғамбар чиқаради”, деб айтган ҳам ўша Мусо эди.

38Саҳрода Исроил халқи билан бирга яшаган Мусодир, Синай тоғида оталаримиз билан бирга турган, фаришта билан гаплашган ҳам удир. У бизга бериш учун барҳаёт башоратларни қабул қилди.

39Аммо ота–боболаримиз Мусога итоат этишни истамадилар. Аксинча, улар Мусони менсимай, кўнгилларида Мисрга қайтишга мойил бўлдилар.

40Улар Хорунга шундай дедилар: “Биз учун худолар ясаб бер, токи улар бизни йўлда бошлаб борсин. Бизни Мисрдан олиб чиққан Мусога нима бўлганини билмаймиз.”

41Ўша пайтда улар бузоқ ясадилар, ўша бутга қурбонлик қилдилар. Шундай қилиб, қўлларининг ижоди олдида кўнгилхушлик қилдилар.

42Шу сабабдан Худо улардан юз ўгирди, самовий жисмларга сажда қилишсин, деб уларни тарк этди. Зотан, пайғамбарлар китобида шундай ёзилган:
Саҳрода қирқ йил юрганингизда, Менга жонлиқлар сўйиб, қурбонликлар атадингизми?!

42“Эй Исроил халқи!

43Йўқ, худо Малахнинг чодирини, Худойингиз Рифоннинг юлдузини кўтариб юрдингиз, Сажда қилиш учун ўша тасвирларни ўзингиз ясадингиз. Шунинг учун сизларни Бобилдан нарига юбораман.”

44Саҳрода ота–боболаримизнинг Аҳд чодири бор эди. Бу чодир Худо Мусога буюргандай, У кўрсатган намуна бўйича ясалган эди.

45Кейинроқ ўша чодир оталаримизга берилди. Оталаримиз Ёшуа билан кетганларида чодирни ўзлари билан олиб кетдилар. Ўшанда оталаримиз Худо қувиб юборган халқларнинг ерини тортиб олган эдилар. Чодир шоҳ Довуд замонигача ўша юртда оталаримиз билан қолди.

46Худонинг марҳаматига сазовор бўлган Довуд: ‘Ёқубнинг Худосига маскан қуриб берай’, деб Ундан изн сўради.

47Аммо Худога уйни Сулаймон қуриб берди.

48Ваҳоланки, Қодир Худо инсон қўллари билан ясалган уйларда истиқомат қилмайди. Худо пайғамбар орқали айтгандай:

49Осмон Менинг тахтимдир, Ер оёғим тагидаги курсидир. Менга қандай уй қуриб бера оласиз?! — демоқда Эгамиз. — Қайси жой Менга маскан бўла олади?!

50Ахир, ҳаммасини Ўз қўлларим билан яратмаганманми?!”

51Сизлар ўжар халқсиз! Эй юраклари, қулоқлари суннат қилинмаганлар! Сизлар ҳам, ота–боболарингизга ўхшаб, ҳар доим Муқаддас Руҳга қарши турасизлар.

52Ота–боболарингиз пайғамбарларнинг ҳаммасини қувғин қилганлар! Солиҳ Зотнинг келишини башорат қилганларни улар ўлдирганлар! Энди эса сизлар Солиҳ Зотни сотиб, қатл қилдингизлар.

53Худонинг қонунини олган сизларсиз. Аммо ўша қонун сизларга фаришталар орқали берилганига қарамай, сизлар унга риоя қилмадингизлар.”

54Олий кенгаш аъзолари Стефаннинг сўзларини эшитиб, ғазабга миндилар, ғазабдан тишларини ғижирлатдилар.

55Аммо Муқаддас Руҳга тўлган Стефан осмонга тикилиб, Худонинг улуғворлигини кўрди. Исо Худонинг ўнг томонида турар эди.

56“Қаранглар! — деди Стефан. — Мен осмон очилганини кўряпман. Инсон Ўғли Худонинг Ўнг томонида турибди!”

57Улар эса қўллари билан қулоқларини беркитиб олдилар, сўнг бирданига ҳаммалари овозлари борича бақириб, Стефанга ташландилар.

58Улар Стефанни шаҳар ташқарисига олиб чиқдилар ва тошбўрон қилдилар. Унга қарши гувоҳлик берганлар эса чопонларини Шоул деган йигитнинг оёқлари остига қўйдилар.

59Улар Стефанни тошбўрон қилаётганларида, Стефан: “Эй Раббим Исо, руҳимни ол!” — деб ибодат қилди.

60Сўнгра у тиз чўкиб, овози борича бақирди: “Эй Раббим Исо! Бу гуноҳни уларга юклама!” У шундай деб, жон берди.

cle>