Ҳакамлар 1:1-36 UZV2013 - Bible AI

1Ёшуанинг ўлимидан сўнг, Исроил халқи Эгамиздан: “Канъон халқига қарши жанг қилиш учун орамиздан ким биринчи бўлиб чиқсин?” — деб сўради.

2Яҳудо қабиласи чиқсин, — деди Эгамиз. — Мен бу юртни уларнинг қўлига беряпман.”

3Шунда Яҳудо қабиласи қардоши бўлган Шимўн қабиласига шундай деди: “Келинглар, биргаликда бизга улуш бўлиб тушган ерга борайлик. Ўша ерда биргалашиб Канъон халқига қарши жанг қилайлик. Кейин биз ҳам сизларга тушган улушга эргашиб борамиз.” Шундай қилиб, Шимўн қабиласи улар билан бирга борди.

4Яҳудо қабиласи жангга чиқди. Канъон ва Париз халқларини Эгамиз уларнинг қўлига бергани учун, улар Базах шаҳрида [1] ўн мингта душманини қириб ташлашди.

5Ўша ерда шоҳ Одонивазахга дуч келишди, унга ҳужум қилиб, Канъон ва Париз халқларини мағлуб этишди.

6Одонивазах қочди, аммо улар унинг кетидан қувиб, қўлга олишди ва оёқ–қўлларининг бош бармоқларини чопиб ташлашди.

7Шунда Одонивазах деди: “Оёқ–қўлларининг бош бармоқлари чопиб ташланган етмишта шоҳ дастурхонимдан тушган ушоқларни териб юришар эди [2]. Мен ўша шоҳларнинг бошига солган не–не кунларни Худо қайтариб ўз бошимга солди.” Исроил одамлари Одонивазахни Қуддусга олиб боришди, у ўша ерда жон берди.

8Кейин Яҳудо қабиласи Қуддусга ҳужум қилиб, шаҳарни қўлга киритди [3]. Улар у ердагиларни қиличдан ўтказиб, шаҳарга ўт қўйишди.

9Сўнг эса қирларда, ғарбдаги қирлар этакларида ва Нагав чўлида яшовчи Канъон халқига қарши жанг қилиш учун жанубга қараб юришди.

10Яҳудо қабиласи Хеврон шаҳрида [4] истиқомат қилган Канъон халқига ҳужум қилиб, Шешай, Охиман ва Талмай қўшинларини яксон қилди. Хевроннинг эски номи Хират–Арба эди.

11У ердан Яҳудо одамлари Давир шаҳрига ҳужум қилиш учун йўлга тушишди. Давирнинг эски номи Хират–Сафар эди.

12Шунда Холиб [5]: “Хират–Сафарга ҳужум қилиб, қўлга киритган кишига қизим Ахсани бераман”, — деди.

13Ўтниёл шаҳарни қўлга киритди, Холиб эса унга қизи Ахсани узатди. Ўтниёл — Холибнинг жияни, аниқроғи, Ханаз исмли кенжа укасининг ўғли эди.

14Тўйдан кейин қиз Ўтниёлга [6]: “Келинг, отамдан бир дала сўраб олайлик”, деб туриб олди. Холиб эшакдан тушаётган қизига: “Ҳа, қизим, бирон истагинг борми?” — деб сўради.

15“Менга бир совға қилсангиз, — деди Ахса. — Сиз менга Нагав чўлидаги ерни бердингиз, энди сув булоқларини ҳам ҳадя этинг.” Шундай қилиб, Холиб унга тепадаги ва пастдаги булоқларни берди.

16Яҳудо халқи пальма шаҳри — Eрихони [7] тарк этди. Мусонинг қайнатаси авлодидан бўлган Хайин халқи Яҳудо халқига эргашиб, Яҳудо чўлига йўл олди. Улар Арод шаҳрининг жанубида жойлашиб, у ерда маҳаллий халқ орасида ўрнашиб олдилар.

17Яҳудо ва Шимўн қабилалари биргаликда Зафат шаҳрида яшайдиган Канъон халқига ҳужум қилиб, шаҳарни ер билан яксон қилишди [8]. Шунинг учун бу шаҳар Хўрмах [9], деб аталган.

18Яҳудо қабиласи Ғазо, Ашқалон, Эхрон шаҳарларини [10] ва уларнинг атрофидаги ерларни қўлга киритди.

19Эгамизнинг Ўзи Яҳудо қабиласи билан бўлгани учун, улар қирларни эгаллаб олдилар. Аммо текисликда яшайдиган халқларни ўз еридан қува олмадилар, чунки ўша халқларнинг темир жанг аравалари [11] бор эди.

20Мусо айтганидек [12], Хеврон шаҳри Холибга берилди. Холиб у ердан Иноқдан келиб чиққан учта уруғни [13] қувиб чиқарди.

21Бенямин қабиласи эса Қуддусда истиқомат қилган Ёбус халқини ҳайдаб чиқармади. Шу сабабдан Ёбус халқи бугунга қадар [14] Қуддусда, Бенямин авлодлари орасида яшаб келмоқда.

22Юсуфнинг икки ўғли — Эфрайим ва Манашедан бино бўлган қабилалар ҳам Байтил шаҳрига [15] ҳужум қилмоқчи бўлиб, йўлга чиқдилар. Эгамиз улар билан эди.

23Байтил ҳақида кўпроқ маълумот йиғиш учун улар ўз айғоқчиларини шаҳар томон юбордилар. Байтил шаҳрининг эски номи Луз эди.

24Айғоқчилар шаҳардан чиқиб келаётган бир одамни кўриб, унга: “Бизга шаҳарга олиб кирадиган яширин кириш жойини [16] кўрсат! Бунинг эвазига жонингни сақлаб қоламиз!” — дедилар.

25Ўша одам уларга йўл кўрсатди. Эфрайим ва Манаше лашкарлари шаҳар аҳолисини битта қўймай қиличдан ўтказишди. Йўл кўрсатган одамни эса бутун оиласи билан бирга қўйиб юборишди.

26Ўша одам Хет халқининг юртига [17] бориб бир шаҳар қурди, унинг номини эса Луз, деб қўйди. Ўша шаҳар бугунга қадар шу ном билан аталади.

27Манаше қабиласи Байт–Шан [18], Танах, Дўр, Йиблаём, Махидў шаҳарлари ва уларнинг қишлоқларида яшаган Канъон халқини ҳайдаб чиқармади, улар ўша ерларда яшайвердилар.

28Вақти келиб, Исроил халқи кучини йиғиб олди, шунда Канъон халқини ўзига бўйсундириб, қарол бўлиб хизмат қилишга мажбур қилди. Аммо шунда ҳам ўз еридан ҳайдаб чиқармади.

29Эфрайим қабиласи ҳам Гезер шаҳридаги Канъон халқини қувиб чиқармади. Канъон халқи Гезерда уларнинг орасида яшайверди.

30Забулун қабиласи ҳам Хитрўн ва Наҳалил шаҳарларида истиқомат қилган Канъон халқини ҳайдаб чиқармади. Канъон халқи Забулун қабиласи билан бирга яшаб, уларга қарол бўлиб хизмат қилишга мажбур бўлди.

31Ошер қабиласи ҳам Аккў, Сидон, Ахлоб, Ахсиб, Хелба, Офиқ ва Рехоб шаҳарларида яшайдиган Канъон халқини еридан ҳайдаб чиқармади.

32Улар ўша юрт аҳолисини ҳайдаб чиқармаганлари учун Канъон халқи билан бирга яшадилар.

33Нафтали қабиласи ҳам Байт–Шамаш ва Байт–Онот шаҳарларининг аҳолисини ҳайдаб чиқармай, ерли халқ — Канъон халқи орасида яшаб қолди. Лекин улар ўша шаҳарлар аҳолисини ўзига бўйсундириб, қарол бўлиб хизмат қилишга мажбур қилдилар.

34Бироқ Амор халқлари [19] Дан қабиласини сиқиб, қирларга чиқиб кетишга мажбур қилдилар, водийга тушишларига йўл қўймадилар.

35Амор халқлари Хар–Харес, Ойжавлон ва Шалбим шаҳарларида яшайвердилар. Лекин Эфрайим ва Манаше қабилалари уларга ўз ҳукмини ўтказиб, қарол бўлиб хизмат қилишга мажбур қилдилар.

36Амор халқлари яшаган ҳудуднинг чегараси Чаёнлар довонидан [20] Селагача чўзилган ва у ердан шимолга қараб кетган эди.

e>