Ҳизқиёл 11:1-25 UZV2013 - Bible AI

1Руҳ мени кўтариб, Эгамиз уйининг шарқий дарвозасига олиб борди. Дарвоза ёнида мен йигирма беш нафар кишини кўрдим. Уларнинг орасида халқ раҳнамоларидан Оззур ўғли Язаниё ва Бинаё ўғли Пилатиё бор эди.

2Эгамиз менга шундай деди:

2— Эй инсон, мана бу одамларнинг нияти ёмон. Улар шаҳардагиларга бўлмағур маслаҳатлар бериб юришибди.

3Ўша бузуқ одамлар шундай дейдилар: “Ҳозир иморатлар солишнинг ҳожати йўқ. Бу шаҳар қозон кабидир, биз эса қозонда сақланган гўштдаймиз.”

4Шундай экан, эй инсон, уларга қарши башорат қил!

5Сўнг Эгамизнинг Руҳи бутун вужудимни қамраб олди. У Исроил халқига қуйидагиларни айтишимни буюрди: “Эгамиз шундай демоқда: — Эй Исроил халқи, сизлар ўша гапни айтдингиз. Мен эса ҳамма ўйларингизни биламан.

6Сизлар шаҳардаги кўп одамларни ўлдирдингиз, кўчаларни жасадларга тўлдирдингиз.

7Шунинг учун Мен, Эгангиз Раббий, айтаманки: бу шаҳар ҳақиқатан ҳам қозон кабидир. Аммо гўшт сизлар эмас, сиз ўлдирган одамларнинг жасадларидир. Мен сизларни шаҳардан чиқариб юбораман.

8Сизлар қиличдан қўрққан эдингизлар, аммо устингизга қилич юбораман. Мен, Эгангиз Раббий, шундай дедим.

9Мен сизларни шаҳардан ҳайдаб чиқариб, ажнабийларнинг қўлига топшираман. Шу йўсин сизларни жазолайман.

10Сизлар қиличдан нобуд бўласизлар. Мен сизларни Исроил чегараларида жазолайман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.

11Бу шаҳар сизлар учун қозондай бўлмайди, сизлар ҳам қозон ичидаги гўштдай бўлмайсизлар. Мен сизларни Исроил чегараларида жазолайман.

12Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар. Зеро, сизлар шу пайтгача қонун–қоидаларимни бузиб, ён–атрофингизда яшовчи халқларнинг одатларига тақлид қилиб келдингизлар.”

13Мен, Ҳизқиёл, башорат қилаётганимда, бирданига Бинаё ўғли Пилатиё жон берди. Мен ерга юз тубан йиқилиб: “Ё Эгам Раббий! Сен Исроилда қолган ҳамма одамларни нобуд қилмоқчимисан?” дея овозим борича ҳайқириб юбордим.

14Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

15— Эй инсон, Қуддусда қолган одамлар сен ва сенинг сургун бўлган қариндошларинг ҳақида шундай айтишмоқда: “Улар узоқда, Эгамизга сажда қила олмайдилар. Шунинг учун бу юрт бизга мулк қилиб берилди.”

16Аммо сен сургунда бўлган халқимга шундай хабарни етказ: “Эгангиз Раббий айтмоқда, Мен сизларни олисдаги халқлар орасига жўнатдим. Бошқа юртларга тарқатиб юбордим. Бироқ бегона юртдаги мусофирлик даврингизда, Ўзим сизларга саждагоҳ бўламан.”

17— Яна айт: “Эгамиз Раббий шундай демоқда, Мен сизларни халқлар орасидан йиғиб оламан. Ҳа, сизлар бегона юртларга тарқалиб кетдингиз, аммо Мен сизларни олиб чиқаман. Исроил юртини сизларга қайтариб бераман.

18Халқим ўз юртига қайтиб келганда, у ердаги макруҳ худоларни, жирканч бутларни илдизи билан йўқ қилади.

19Мен уларга яхлит бир юрак бераман, қалбларини янги руҳга тўлдираман. Бағридаги тош юракни олиб ташлаб, ўрнига юмшоқ юрак соламан.

20Шунда улар фармонларимни бажарадилар, қонун-қоидаларимга риоя қиладиган бўладилар. Улар Менинг халқим, Мен эса уларнинг Худоси бўламан.

21Аммо макруҳ худолару жирканч бутларга сажда қилишни хуш кўрган одамларни қилмишларига яраша жазолайман”, деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

22Карублар қанотларини ёзиб, ёнидаги ғилдираклари билан бирга осмонга кўтарилдилар. Исроил Худосининг улуғворлиги карублар устида эди.

23Эгамизнинг улуғворлиги шаҳарни тарк этиб, шаҳарнинг шарқ томонидаги тоққа бориб тўхтади.

24Ваҳийда Руҳ мени кўтариб, Бобилга сургун қилинганларнинг олдига қайтариб олиб борди. Ваҳий тамом бўлди.

25Мен сургундаги биродарларимга Эгамиз аён қилган ҳамма нарсани айтиб бердим.

e>