Ҳизқиёл 12:1-28 UZV2013 - Bible AI

1Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2“Эй инсон, сен исёнкор халқ орасида яшаб юрибсан. Уларнинг кўзлари бор, аммо кўрмайдилар, қулоқлари бор, аммо эшитмайдилар, чунки улар исёнкор халқдир.”

3Эй инсон, керакли нарсаларингни тугиб ол. Худди сургунга кетаётгандай йўлга чиқ. Буни кундуз куни қил, одамлар сени кўрсин. Сен уйингни ташлаб, бошқа жойга кетаётганингни ҳамма кўрсин. Ким билсин, балки шунда бу исёнкор халқ эсини йиғиб олар.

4Халқ сени томоша қила олиши учун, тугунингни кундуз куни ташқарига чиқариб қўй. Ўзинг эса кеч тушганда сени томоша қилаётган оломон олдида, худди сургунга кетаётгандай йўлга чиқ.

5Одамларнинг кўзи олдида уйинг деворини теш, тугунингни тешикдан олиб чиқ.

6Кеч тушганда уни елкангга ортиб, йўлга туш. Тарк этаётган юртингни кўра олмаслигинг учун, юзингни ёпиб ол, чунки халқ томоша қиладиган бу намойиш улар учун бир тимсол бўлади.

7Мен Эгамизнинг айтганини қилиб, сургунга кетаётгандай тугунимни кундуз куни кўчага чиқариб қўйдим. Кеч тушганда қўлим билан уйим деворини тешдим. Қоронғида тугунни кўчага чиқариб, елкамга ортиб олдим. Одамлар мени томоша қилаётган эди.

8Эртаси куни эрталаб Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

9— Эй инсон, бу исёнкор Исроил халқи сендан “Нималар қиляпсан?” деб сўраганди, шундай эмасми?

10Уларнинг олдига бориб айт: “Эгангиз Раббий шундай демоқда, сизлар томоша қилган намойиш — Қуддусда ҳукмронлик қилаётган шаҳзода ва у ердаги бутун Исроил халқининг қисмати рамзидир.”

11Сўнг айт: “Кеча мен сизларга келажакда содир бўладиган воқеаларни намойиш қилдим. Сизлар сургун бўлиб, асирликка тушасизлар.

12Ҳозир ҳукмронлик қилаётган шаҳзодангиз ҳам қоронғида елкасига тугун ортиб, йўлга тушади. У деворда очилган тешикдан чиқади. Тарк этаётган юртни кўрмаслиги учун, юзини ёпиб олади.

13Мен унинг устига тўр ташлайман, у тузоғимга тушади. Мен уни Халдейлар юрти Бобилга олиб бораман, аммо у Бобилни кўра олмайди. У ўша ерда оламдан ўтади.

14Mен шоҳ саройининг бутун аҳлини — вазирлару соқчиларини тўрт томонга тарқатиб юбораман. Қиличимни яланғочлаб, уларни таъқиб қиламан.

15Мен уларни халқлар орасига тарқатиб ташлаганимда, бошқа юртларга қувиб юборганимда, Эгаси Мен эканлигимни билиб оладилар.

16Аммо Мен халқимдан баъзиларини асраб қоламан. Уларни жангда сақлайман, очарчилигу ўлатдан қутқараман. Улар бошқа улуслар орасига сургун бўлганда, қилган жирканч одатларини эътироф қиладилар. Ўшанда Эгаси Мен эканлигимни билиб оладилар.”

17Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

18“Эй инсон, нонингни еганингда титрагин, сувингни ичганингда қўрқув ичра қалтирагин.

19Юртдаги одамларга айт: “Исроилдаги Қуддус аҳолиси тўғрисида Эгамиз Раббий шундай демоқда: бу одамлар ёвуз бўлиб кетганлари учун Мен уларнинг юртини талон–тарож қилдираман. Улар нонни қўрқув ичра ейдилар, сувни саросима ичра ичадилар.

20Аҳоли яшаган шаҳарлари вайрон бўлади, бутун юрт ташландиқ бўлиб қолади. Шунда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.”

21Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

22— Эй инсон, Исроил юртида айтилаётган, “кунлар ўтяпти, башоратлар эса пучга чиқяпти”, деган мақолни эшитгансан.

23Энди халқим олдига бориб айт: “Эгамиз Раббий шундай демоқда, Мен бу мақолни йўқ қилиб юбораман. Исроилда уни айтмайдиган бўлишади.” Яна уларга: “Башоратлар бажо бўладиган кунлар яқинлашиб қолди”, деб айт.

24Энди Исроил юртида сохта башоратлару, ёлғон кароматлар айтилмайди.

25Аммо Mен, Эгангиз, сизларга гапираман, айтган сўзларим амалга ошади, кечикмайди. Эй исёнкор халқ, сизнинг кунингизда Мен айтганларимни бажо келтираман”, деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

26Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

27— Эй инсон! Исроил халқи сен айтган башоратлар узоқ келажакка тааллуқли, деб ўйлаяпти.

28Шунинг учун уларга бориб айт: Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Айтган бирорта сўзим кечикмайди, ҳаммаси амалга ошади!” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

e>