Ҳизқиёл 18:1-32 UZV2013 - Bible AI

1Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2“Нима учун сизлар Исроил юртида: “Оталари аччиқ узум ейишган эди, болаларининг эса тиши қамашди”, деган мақолни ишлатасизлар?

3Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, сизлар энди Исроилда бу мақолни бошқа айтмайдиган бўласизлар.

4Билиб қўйинг, ҳар бир одамнинг жони Меникидир. Ота–оналарнинг ҳам, болаларнинг ҳам жонлари Менга тегишлидир. Фақат гуноҳ қилган одамгина ўлади.

5Борди–ю, одам солиҳ бўлиб, адолатли ва тўғри ишлар қилса,

6Исроил халқининг бутларига сиғинмаса, бутхоналарда келтирилган қурбонликлардан тановул қилмаса, бировнинг хотини билан зино қилмаса, ҳайз кўрган аёлга яқинлашмаса,

7бировга жабр қилмаса, гаровга олган нарсасини қайтариб берса, ўғирлик қилмаса, очга нон, яланғочга кийим берса,

8берган қарзидан фоиз талаб қилмаса, ўзини гуноҳдан тортса, тўғри ҳукм чиқарса,

9фармонларимга риоя қилса, қонун–қоидаларимни битта қолдирмай садоқат билан бажарса, бундай одам ҳақиқатан ҳам солиҳ ҳисобланиб албатта яшайди”, деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

10“Энди шундай солиҳ одамнинг ваҳший бир ўғли бор, деб фараз қилайлик. Борди–ю, бу ярамас ўғил қотиллик қилса ёки қуйидаги жиноятларнинг бирортасини Исроиллик биродарига қилса:

11отаси қилмаган ишларга қўл уриб, бутхоналарда келтирилган қурбонликлардан тановул қилса, бировнинг хотини билан зино қилса,

12камбағалу мазлумларга жабр етказса, ўғирликка қўл урса, гаровга олган нарсани қайтармаса, бутларга сиғинса, жирканч одатларга тақлид қилса,

13берган қарзидан фоиз талаб қилса, у яшармиди?! Йўқ! Бундай жирканч ишларга қўл урган одам албатта ўлади. У ўз бошини ўзи ейди–ку!”

14Аммо бундай фосиқ кишининг ўғли, отаси қилган гуноҳларини кўра туриб, отасига тақлид қилмаса,

15Исроил халқининг бутларига у сиғинмаса, бутхоналарда келтирилган қурбонликлардан тановул қилмаса, бировнинг хотини билан зино қилмаса,

16бировга зулм ўтказмаса, қарздорларидан кафиллик талаб қилмаса, ўғирлик қилмаса, очга нон, яланғочга кийим берса,

17камбағалга жабр етказмаса, берган қарзидан фоиз олмаса, қонун–қоидаларимга риоя қилиб, фармонларимни бажарса, бундай одам ўз отасининг гуноҳлари учун ўлмайди. У албатта яшайди.

18Ўша одамнинг отаси эса қилган қабиҳликлари учун ўзи ўлади, чунки у биродарига жабр етказиб, нарсасини ўғирлади, одамлар орасида ярамас ишлар қилди.

19Сизлар эса: “Йўғ–е, наҳотки бола отасининг гуноҳи учун жазо тортмаса?” деб айтасизлар. Агар бола адолатли ва тўғри ишлар қилса, қонун–қоидаларимнинг ҳаммасини битта қолдирмай бажарса, у албатта яшайди.

20Гуноҳ қилган одамгина ўлади. Бола отасининг гуноҳи учун жазоланмайди, ота ҳам боласининг гуноҳи учун жазоланмайди. Солиҳ одамлар ўз солиҳлигига яраша мукофот оладилар, фосиқлар ўз фосиқлиги учун жазо тортадилар.

21Борди–ю, фосиқ одам қилган гуноҳларидан тавба қилса, қонун–қоидаларимнинг ҳаммасини бажарса, адолатли ва тўғри ишлар қилса, у албатта яшайди, ўлмайди.

22Мен бундай одамнинг қилган барча гуноҳларидан кечиб юбораман. У қилган солиҳ ишлари туфайли яшайди.

23“Наҳотки Мен фосиқ одамнинг ўлимини истасам? Йўқ! Мен унинг ёмон йўлдан қайтишини ва яшашини истайман!” деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

24Ёмон йўлга кириб кетган солиҳ одам–чи? Фосиқлар каби жирканч ишлар қилган бундай одам яшайдими? Йўқ! Мен унинг биронта хайрли ишини эсга олмайман. У Менга хиёнат қилгани учун, гуноҳга қўл ургани учун ўлади.

25Сизлар эса: “Раббий нотўғри иш тутяпти”, деб айтяпсизлар. Эй Исроил халқи, гапимни тингланг: “Нотўғри иш тутган Менми ёки сизларми?!

26Билиб қўйинг, ёмон йўлга кириб кетган ҳар бир солиҳ киши қилган гуноҳи учун ўлади.

27Ёмон йўлдан қайтган фосиқ эса адолатли ва тўғри ишлар қилса, ўз ҳаётини асраб қолади.

28Бундай одам тутган йўли нотўғри эканлигини англаб, қилган гуноҳларидан қайтгани учун албатта яшайди, ўлмайди.

29Шундай бўлса–да, Исроил халқи: “Раббий нотўғри иш тутяпти”, деб айтяпти. Эй Исроил халқи, қани, Менга айтинг–чи, нотўғри иш тутган Менми ёки сизларми?!”

30Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Эй Исроил халқи, Мен ҳар бирингизни тутган йўлингизга яраша ҳукм қиламан. Тавба қилинглар! Гуноҳларингиздан қайтинглар! Акс ҳолда гуноҳингиз сизга тўғоноқ бўлади.

31Менга қарши қилган гуноҳларингиздан воз кечинглар. Ўзларингиз учун янги юрак ва янги руҳ олинглар! Нима учун сизлар ўлишингиз керак, эй Исроил халқи?!

32Мен биронта одамнинг ҳалок бўлишини истамайман. Ёмон йўлдан қайтинг, яшанг!” деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

e>