1Эгамиз менга Исроилнинг икки шаҳзодаси учун марсия айтишимни буюрди:
2Сенинг онанг қўрқмас бир шер эди! У шерлар орасида ўрнашди, Ёш шерлар орасида болаларини ўстирди.
3Битта боласи кучли бир шер бўлди. У ов қилишни ўрганди, Oдамхўрлик қила бошлади.
4Буни халқлар эшитдилар, Шерни тузоғига туширдилар. Уни занжирбанд қилиб, Мисрга олиб кетдилар.
5Она шер умиди пучга чиққанини кўрди, Орзуси ушалмаганини билди. Шунда бошқа боласини ўстирди, Уни кучли бир шер қилди.
6У катта бўлгач, Бошқа шерлар ила изғийдиган бўлди. Ов қилишни ўрганди, Одамхўрлик қила бошлади.
7Қалъаларини бузар эди, Шаҳарларини вайрон қиларди. Юрт ва унинг бутун аҳолиси У ўкирганда даҳшатга тушарди.
8Атрофдаги ҳудудлардан халқлар Унга ҳужум қилдилар. Устига тўр ташлаб, Тузоғига туширдилар.
9Занжирбанд қилиб, қафасга солдилар, Бобил шоҳи ҳузурига олиб бордилар. Исроил тоғларида унинг товуши Бошқа эшитилмасин, дея Уни зиндонга ташладилар.
10Сенинг онанг узумзордаги токдай эди, Ариқ бўйига ўтқазилган эди. Сувга мириққанидан Серновдаю серҳосил эди.
11Бақувват новдалари Салтанат ҳассаларига айланди. Қалин шох–шаббадан ҳам баланд кўтарилди. Баландлиги, сербарглиги билан Кўзга ташланиб турар эди.
12Аммо ғазаб ичра ток суғуриб ташланди, Ерга улоқтириб юборилди. Шарқдан эсган шамол ҳосилини қуритди, Бақувват новдалари синиб қуриди. Ҳаммасини олов ямлаб юборди.
13Энди бу ток саҳрога ўтқазилган. Ҳа, қуруқ, сувсаган чўлга экилган.
14Унинг поясидан олов чиқди, Новдалару меваларини куйдириб юборди. Биронта бақувват новдаси қолмади, Салтанат ҳассасига ярамайдиган бўлди.
14 Бу марсия қўшиғидир, у мотам оҳангида куйланади.