Ҳизқиёл 29:1-21 UZV2013 - Bible AI

1Сургун бўлган пайтимизнинг ўнинчи йили ўнинчи ойнинг ўн иккинчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2“Эй инсон, Миср фиръавнига юзлан. Унга ва бутун Миср халқига қарши башорат қилиб айт:

3Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Эй Миср фиръавни, Мен сенга қаршиман. Сен Нил ҳавзаларида чўзилиб ётган бамисоли буюк аждарҳодирсан. Сен: “Нил дарёси менинг шахсий мулким, уни ўзим учун яратганман”, деб айтасан.

4Аммо Мен жағларингга илмоқлар соламан. Терингдаги тангачаларингга балиқларни ёпиштираман. Сени терингга ёпишган балиқлар билан бирга қуруқликка тортиб чиқараман.

5Мен сени ва ҳавзаларингдаги ҳамма балиқларни саҳрога улоқтириб ташлайман. Сен очиқ майдонда ётасан. Сени олиб, кўмадиган одам бўлмайди. Мен сени дашт ҳайвонларию осмон қушларига ем қилиб бераман.

6Шунда бутун Миср халқи Эгангиз Мен эканлигимни билиб олади.

6Сен халқим Исроил учун қамиш ҳассадай бўлдинг.

7Улар сени ушлаганда, сен ёрилиб, қўлларини кесиб юбординг. Сенга суянганларида синиб, белларини чиқариб юбординг.”

8Шу боис Эгамиз Раббий айтмоқда: “Мен сенинг бошингга қилич келтираман, одаму ҳайвонларингни қилич тиғидан ўтказаман.

9Бутун Миср юртини ташландиқ харобазорга айлантираман. Ўшанда Эганг Мен эканлигимни билиб оласан.

9Сен: “Нил меники, мен ўзим уни яратдим”, деб айтганинг учун,

10Мен сенга ва сенинг барча ҳавзаларингга қарши чиқаман. Бутун Миср юртини бутунлай хароб қиламан. Мигдолдан тортиб, то Саванайгача ва жанубдаги Ҳабашистон ҳудудигача ҳамма ерларини ташландиқ қиламан.

11Одам у ерга оёғини босмайди, ҳайвонлар ҳам у ердан юрмайди. Қирқ йил мобайнида у ерда ҳеч ким яшамайди.

12Мен Миср юртини дунёдаги энг хароб юртга айлантираман. У ердаги шаҳарлар қирқ йил мобайнида ташландиқ бўлиб ётади, вайроналари бошқа шаҳарлардан баттар бўлади. Мен Мисрликларни халқлар орасига тарқатиб ташлайман, бошқа юртларга қувиб юбораман.”

13Эгамиз Раббий яна шундай демоқда:“Қирқ йил ўтгач, Мен халқлар орасига тарқатиб юборган Мисрликларни йиғиб оламан.

14Уларни яна фаровонликка эриштириб, ўз она юрти Патрўсга олиб келаман. Уларнинг шоҳлиги ожиз бир шоҳлик бўлади.

15Ҳа, улар дунёнинг энг ожиз шоҳлиги бўлиб, ҳеч қачон бошқа халқлардан устун бўлишмайди. Мен уларни шу қадар аҳамиятсиз қиламанки, улар ўз ҳукмини бошқа халқларга ўтказа олмайди.

16Халқим Исроил энди ҳеч қачон ўз умидини Мисрга боғламайди. Улар Мисрдан ёрдам сўраб, гуноҳ қилганларини доимо эсларида тутадилар. Ўшанда Эгаси Раббий Мен эканлигимни билиб оладилар.”

17Сургун бўлган пайтимизнинг йигирма еттинчи йили биринчи ойнинг биринчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

18“Эй инсон, Бобил шоҳи Навухадназар Тирга қарши шиддатли уруш олиб борди. Бобил лашкарларининг сочлари тўкилиб, елкалари шилиниб яллиғланди. Аммо қилган меҳнатларига яраша улар Тирдан ҳеч қандай ўлжа ололмадилар.”

19Шу боис Эгамиз Раббий айтмоқда: “Мен Миср юртини Бобил шоҳи Навухадназарга бераман. У Мисрни талон–тарож қилиб, у ердаги бойликларни ўзи билан олиб кетади. Миср бойликлари Бобил лашкарлари учун меҳнат ҳақи бўлади.

20Ҳа, Мен Миср юртини Бобил шоҳига меҳнат ҳақи қилиб бердим, чунки у ва унинг лашқарлари Менинг хизматимни килдилар”, деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

21“Ўша куни Мен Исроил халқининг қудратини тиклайман. Бу сўзларимни халқимга етказишинг учун Мен сенга куч бераман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни улар билиб оладилар.”

e>