Ҳизқиёл 32:1-32 UZV2013 - Bible AI

1Сургундалигимизнинг ўн иккинчи йили ўн иккинчи ойнинг биринчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2“Эй инсон, фиръавн ҳақида шундай марсия куйла:
Аммо сен сувдаги аждарҳо кабидирсан! Сен ирмоқларингдаги сувни кўпиртирасан, Оёқларинг билан уни лойқалатасан.”

2Сен ўзингни халқлар орасидаги шер деб биласан.

3Эгамиз Раббий шундай демоқда:

3 “Бир талай халойиқ йиғилганда, Мен устингга тўр ташлайман. Улар эса сени қирғоққа тортиб чиқаришади.

4Мен сени ерга улоқтираман, Ялангликка ташлаб қўяман. Осмондаги барча қушларни устингга қўндираман. Ер юзидаги ҳамма ёввойи ҳайвонларга Сени ем қилиб бераман.

5Ичак–човоқларингни қирларга ёйиб ташлайман, Водийларни жасадинг қолдиқлари билан қоплайман.

6Юртни тоғларгача оққан қонинг билан суғораман, Жарликларни сенинг этинг билан тўлдираман.

7Сени даф қилганимда, осмонни тўсиб қўяман, Юлдузларни зулматга чўктириб юбораман. Қуёш юзини булут билан қоплайман, Ой нурини сўндираман.

8Бошинг узра порлаган Ҳамма осмон чироқларини ўчираман. Юртингни зулмат қучоғига отаман”, Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

9Мен қулашингнинг хабарини халқлар орасига ёяман, сен билмаган юртларга етказаман. Шунда кўп халқларнинг юракларига ваҳима соламан.

10Бошингга туширадиган кулфатлар боис кўп халқларнинг ақлини шошираман. Қиличимни ўйнатиб, сен туфайли уларнинг ҳукмдорларини титратаман. Бошингга кулфат келган куни, уларнинг ҳар бири жонини ҳовучлаб, қалтирайди.”

11Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Бобил шоҳининг қиличи бўғзингда бўлади.

12Лашкарларинг ўтакетган ёвуз халқнинг қўлига тушади. Улар қудратли жангчилар тиғидан ўлади. Сенинг ғуруринг поймол этилади, тўда лашкарларинг ҳалок бўлади.

13Сероб сувлар бўйидаги ҳамма подаларингни Мен қириб ташлайман. Бундан буён бирорта инсон оёғи билан сувларни лойқалатмайди, бирорта ҳайвон туёқлари билан уни булғамайди.

14Мен Миср сувларини тиндираман, ирмоқларини мойдай оқадиган қиламан”, деб айтмоқда Эгамиз.

15“Мен Мисрни ташландиқ қилганимда, у ердаги ҳамма нарсани йўқ қилганимда, бутун аҳолисини қириб ташлаганимда, Эгаси Мен эканлигимни улар билиб оладилар.

16Миср учун айтиладиган марсия шудир. Ажнабий аёллар бу марсияни куйлашар. Ҳа, бу мотам шеърини Миср ва унинг тўдасига бағишлаб айтишар”, деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

17Ўша ойнинг ўн бешинчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

18“Эй инсон, Миср ва унинг тўдаси учун қайғуриб йиғла. Уларни бошқа буюк халқлар қаторида гўрдаги марҳумлар олдига жўнат.

19Уларга шундай деб айт: сен ўзингни бошқалардан гўзал деб биласанми? Қани бор, суннатсизлар билан бир гўрда ёт!”

20Мисрликлар жангда ҳалок бўлганлар билан бирга жон берадилар. Мана, қилич ҳозирланди! У Мисрни ва унинг тўдасини қириб ташласин.

21Ўликлар диёридаги буюк саркардалар Мисрликлар ва уларнинг иттифоқчиларини қаршилаб олишади. Улар шундай деб ҳайқиришади: “Бу суннатсизлар жангда ҳалок бўлишди, ер бағрига тушиб келишди, энди шу ерда ётишибди!”

22Оссурия ҳам у ерда, сипоҳларининг қабрлари орасида ётибди. Уларнинг ҳаммаси қиличдан ҳалок бўлишган.

23Қабрлари чуқурликнинг энг тубидадир. Оссуриянинг қабри сипоҳларининг қуршовида жойлашган. Ҳа, тириклар дунёсига даҳшат солган ҳамма қиличдан ҳалок бўлди.

24Элам ҳам ўша ерда, бир тўда сипоҳларининг қабрлари орасида ётибди. Уларнинг ҳаммаси жангда ҳалок бўлган. Бу суннатсизлар нариги дунёга кетган. Улар тириклар дунёсига даҳшат солишган эди, энди эса гўрдаги марҳумлар сингари иснодга қолишди.

25Ўлдирилганлар орасида Элам учун тўшак ҳозирланган. Бир тўда сипоҳлари унинг атрофига дафн қилинган. Жангда ҳалок бўлган бу суннатсизлар қачонлардир тириклар дунёсига даҳшат солишган эди, энди эса гўрдаги марҳумлар сингари иснодга қолишди. Ҳа, улар ҳалок бўлганлар орасида ўрнашишди.

26Мешех билан Тувал ҳам ўша ердадир. Улар сипоҳларининг қабрлари орасида ётишибди. Бу суннатсизларнинг ҳаммаси жангда ҳалок бўлишган. Бироқ улар ҳам қачонлардир тириклар дунёсига даҳшат солишган эди.

27Қадимда қаҳрамонларни қурол–аслаҳалари билан бирга дафн қилишар эди. Марҳумларнинг боши остига қилич қўйиб, танасини қалқон билан ёпишар эди. Бироқ Мешех билан Тувал бундай иззат–эҳтиромларга сазовор бўлмади, чунки улар тириклигида бутун жаҳонга даҳшат солишган эди.

28Сен ҳам, эй фиръавн, йўқ қилинасан. Жангда ҳалок бўлган суннатсизлар билан бирга ётасан.

29Эдом ҳам ўз шоҳларию раҳнамолари билан ўша ердадир. Улар ўз қудратига қарамай, ўлдирилганлар орасига дафн қилинганлар. Гўрдаги суннатсизлар билан бирга ётишибди.

30Шимол салтанатларининг ҳамма шаҳзодалари ва ҳамма Сидонликлар ўша ердадир. Улар қачонлардир буюк қудрати билан бутун жаҳонни даҳшатга туширишган эди, сўнг шармандаларча ҳалок бўлишди. Бу суннатсизлар қиличдан ҳалок бўлганлар орасида ётишибди. Улар гўрдаги марҳумлар сингари иснодга қолишди.”

31Эгамиз Раббий айтмоқда: “Ўз тўдасидан айрилган фиръавн бу чексиз қабристоннинг манзарасини кўриб, таскин топади.

32Мен у орқали бутун жаҳонни даҳшатга солган бўлсам ҳам, фиръавн ва унинг барча қўшинлари жангда ҳалок бўлган суннатсизлар орасида ётади”, деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

e>