Ҳизқиёл 33:1-33 UZV2013 - Bible AI

1Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2“Эй инсон, халқинг олдига бориб шундай сўзларни айт: Борди–ю, Мен бирон бир юртга қилич юбормоқчи бўлсам, ўша ердаги халқ ўзига бир соқчини тайинлайди.

3Соқчи яқинлашиб келаётган ёв қўшинларини кўргач, бурғу чалиб бу ҳақда бутун халқни огоҳлантиради.

4Борди–ю, бурғу овозини эшитган одамлар бепарволик қилиб ҳалок бўлишса, уларнинг қони ўз гарданида қолади.

5Улар бурғу овозини эшитиб туриб, унга эътибор бермаганлари учун, ўз бошини ўзлари еган бўладилар. Улар огоҳлантиришга эътибор берганда, жонларини сақлаб қолишлари мумкин эди, ахир!

6Борди–ю, соқчи яқинлашиб келаётган ёв қўшинини кўриб туриб, бурғу чалмаса, у халқни огоҳлантирмаган бўлади. Ҳалок бўлган одамлар ўз гуноҳлари учун ўладилар, бироқ улар учун Мен соқчидан ўч оламан.

7Шу сингари, эй инсон, Мен сени Исроил халқи учун бир соқчи қилиб тайинладим. Сен оғзимдан чиққан ҳар бир сўзимни халқимга айтиб, уларни огоҳлантирасан.

8Борди–ю, Мен фосиққа: “Эй фосиқ, сен ўласан”, деб айтсам–у, сен эса унга гапирмасанг, уни ёмон йўлдан қайтариш учун огоҳлантирмасанг, ўша фосиқ ўз гуноҳлари учун ўлади, бироқ унинг ўлими учун Мен сени жавобгар қиламан.

9Борди–ю, сен ўша фосиқни огоҳлантирсанг–у, у эса ёмон йўлидан қайтмаса, у ўз гуноҳлари учун ўлади, сен эса жонингни сақлаб қолган бўласан.”

10“Эй инсон, Исроил халқига айт: Сизлар шундай деб айтасизлар: “Қилган гуноҳларимиз бизни босиб қолди. Биз адо бўляпмиз. Бундай аҳволда яшаб бўладими ўзи?!”

11Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, фосиқнинг ҳалокатидан севинмайман. Аксинча, фосиқлар ёмон йўлидан қайтиб, яшашини хоҳлайман. Эй Исроил, орқага қайт! Ёмон йўлдан қайт! Нима учун ҳалок бўлишинг керак?!

12Эй инсон, халқинг олдига бориб айт: агар солиҳ одам ёмон йўлга кирса, қилган савоб ишлари уни қутқара олмайди. Агар фосиқ одам тўғри йўлга кирса, қилган гуноҳлари уни ҳалокатга етакламайди. Гуноҳга қўл урган солиҳ одам эса жонини сақлаб қолмайди.

13Борди–ю, Мен солиҳ одамга ҳаёт ваъда қилсаму у одам эса солиҳлигига ишониб, гуноҳга қўл урса, унинг қилган савоб ишлари ҳисобга олинмайди. Қилган гуноҳи туфайли у ўлади.

14Борди–ю, фосиқ одамга “Сен ўласан”, деб айтсам–у, у одам эса ёмон йўлидан қайтиб тўғри, адолатли ишлар қилса,

15гаровга олган нарсани эгасига берса, ўғирлаган нарсасини қайтарса, ёмонликдан воз кечиб, ҳаётбахш қонун–қоидаларга риоя қилса, бундай одам албатта яшайди, у ўлмайди.

16Мен унинг қилган бирорта гуноҳини эсга олмайман. Ўша одам тўғри ва адолатли ишлар қилгани учун албатта яшайди.

17Сенинг халқинг “Раббийнинг тутган йўли ноҳақ–ку!” деб шикоят қилади. Аслида эса ўзларининг йўллари ноҳақдир.

18Ҳақ йўлдан озган ва гуноҳга қўл урган солиҳ киши қилган гуноҳи учун ҳалок бўлади.

19Ёмон йўлдан қайтиб тўғри, адолатли ишлар қилган фосиқ киши эса қилган тўғри ишлари учун жонини сақлаб қолади.

20Сизлар эса: “Раббийнинг тутган йўли ноҳақ–ку”, деб айтасизлар. Эй Исроил халқи, билиб қўй, Мен ҳаммангизни қилган ишингизга яраша ҳукм қиламан.”

21Сургун бўлган пайтимизнинг ўн иккинчи йили ўнинчи ойнинг бешинчи кунида Қуддусдан қочиб келган бир одам олдимга келиб: “Қуддус қулади”, деб айтди.

22Бундан бир кун аввал, кечаси, Эгамизнинг қудрати мени қамраб олган эди. Эрталаб қочоқ келмасидан олдин, Эгамиз менга гапириш иқтидорини қайтариб берган эди. Мен яна тилга кирган эдим.

23Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

24“Эй инсон, Исроилнинг хароб шаҳарларида яшаб юрган одамлар шундай деб юришибди: “Иброҳим ёлғиз ўзи бўла туриб, бутун юртга эгалик қилар эди. Биз эса кўпчиликмиз. Бизнинг ҳам бу юртга эгалик қилишга ҳақимиз бор.”

25Ўша одамларга айт: Эгамиз Раббий шундай демоқда, сизлар қони чиқарилмаган гўштни тановул қиласизлар, бутларга сиғиниб, қотилликка қўл урасизлар. Шундай экан, бу юртга эгалик қилишга нима ҳақингиз бор?!

26Сизлар фақат ўз қиличингизга ишоняпсизлар! Жирканч ишлар қиляпсизлар. Ҳар бирингиз қўшнингизнинг хотинини булғаяпсизлар! Бу юртга эгалик қилишга нима ҳақингиз бор?!”

27Уларга айт: Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, ўша хароб шаҳарларда яшаб юрган одамларнинг ҳаммаси қиличдан ҳалок бўладилар. Бепоён далаларда бўлганларни ёввойи ҳайвонлар ғажиб ташлайди. Қалъаларда ва ғорларда бўлганлар эса ўлатдан нобуд бўладилар.

28Мен бутун юртни ташландиқ харобазорга айлантираман. Бу халқнинг мағрур қудратига чек қўяман. Исроил тоғларида бирорта тирик жон қолмайди, у ерга одам оёқ босмайди.

29Мен одамларни қилган жирканч ишлари учун жазолаб, юртни ташландиқ харобазорга айлантирганимда, Эгаси Мен эканлигимни улар билиб оладилар.”

30“Эй инсон, юртдошларинг шаҳар деворлари олдида ҳамда уй остоналарида туриб, сени ғийбат қилишяпти. Улар бир–бирларига: “Қани юринглар, Эгамиздан келган хабарни бир эшитиб кўрайлик–чи!” дейишади.

31Улар олдингга тўдалашиб келишади. Гапларингни эшитиб ўтиришади, лекин биронтаси ҳам айтганларингни қилмайди. Уларнинг тилидан бол томади, аммо дилида ўз фойдасини кўзлайдилар.

32Улар учун сен моҳир бир созанда, муҳаббат ҳақида куйлаган хушовоз бир ашулачидайсан, холос. Улар айтганларингни эшитишади–ю, аммо гапингга киришмайди.

33Мен сенга айтган барча кулфатлар уларнинг бошига тушади. Шунда улар сени пайғамбар деб тан олишади.

e>