Ҳизқиёл 4:1-17 UZV2013 - Bible AI

1Эй инсон, бир ғишт олиб олдингга қўй, унинг устига Қуддус расмини чиз.

2Расмдаги шаҳарни қамал қилиб, атрофига қамал иншоотларини билдирувчи уюмларни қил, шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уй, душман қароргоҳларини ўрнат, шаҳарнинг гир айланасига девортешар қуролларни жойлаштир.

3Кейин товани ол. Товани темир девор каби ўзинг билан расмдаги шаҳарнинг орасига ўрнат. Сўнг шаҳарга юзлан, сен шаҳарни қамал қилган бўласан. Бу Исроил халқи учун бир аломат бўлади.

4Сўнг чап томонингга ёнбошлаб, ўз гарданингга Исроил халқининг гуноҳларини ол. Сен чап томонингда ётган пайтингда уларнинг гуноҳи учун жазо тортган бўласан.

5Улар гуноҳ қилган йилларнинг сонига кўра, Мен сен учун кунларни ажратдим. Сен 390 кун давомида Исроил халқининг гуноҳи учун жазо тортасан.

6Белгиланган вақт тугагач, ўнг томонингга ёнбошлаб ётгин. Бу сафар сен 40 кун давомида Яҳудо халқининг гуноҳи учун жазо тортасан. Бир кун бир йил ҳисобланади.

7Қуддус рамзи бўлган ғиштга юзлан, қўлингни паншаха қилиб, қамал қилинган шаҳарга қарши башорат қил.

8Мана, қамалингнинг муддати тугамагунча бир томондан бошқа томонга ўгирилмаслигинг учун, Мен сени арқонлар билан боғлаб ташлайман.

9Энди бориб ўзинг учун буғдой, арпа, ловия, ясмиқ дони, тариқ ва қизил буғдойни олиб, бир хумчага сол. Сен улардан ўзингга нон тайёрлайсан. 390 кун чап томонингга ёнбошлаб ётиб, ўша нондан ейсан.

10Бир кунлик ейдиган озуқангнинг миқдори 50 мисқолни ташкил қилиши керак. Ҳар куни белгиланган вақтдагина уни ейишинг шарт.

11Сувни ҳам белгиланган вақт ва белгиланган миқдорда ичасан. Кунига бир коса сув ичасан.

12Ўтин ўрнига одам тезагини ишлатасан, одамларнинг кўзи олдида нон ёпиб ейсан.”

13Эгамиз шундай деди: — Мен Исроил халқини бегона халқлар орасига сургун қилганимда, улар ҳам худди шундай ҳаром нонни ейдиган бўладилар.

14— Ё Эгам Раббий! — дея ёлвордим мен, — мен ҳеч қачон ўзимни булғаган эмасман. Ўзи ўлиб қолган ёки ҳайвонлар ғажиган жониворнинг гўштини ёшлигимдан еган эмасман. Ҳеч қандай ҳаром гўштни оғзимга олган эмасман!

15У менга шундай жавоб бериб деди: — Хўп майли, одам тезагининг ўрнига мол тезагини ишлатақол. Тезак ёқиб, нон ёпиб ейсан.

16Сўнг гапида давом этиб деди: — Мен Қуддус аҳолисини нонга зор қилиб қўяман. Улар қўрқув ичра нонни ўлчаб ейдилар, умидсизланиб сувини тақсимлаб ичадилар.

17Сув ва ноннинг танқислигидан одамлар бир–бирларига даҳшат ичра қарайдилар. Тортган жазосидан адо бўладилар.

>