Ҳизқиёл 41:1-26 UZV2013 - Bible AI

1Кейин ўша одам мени Маъбаднинг асосий хонасига олиб кирди. У асосий хона эшигининг икки ён деворини ўлчади. Ён деворларнинг қалинлиги 6 тирсак чиқди.

2Остонанинг эни 10 тирсак, остона икки ён деворларининг узунлиги 5 тирсакдан чиқди. Сўнгра ўша одам асосий хонани ўлчади. Хонанинг узунлиги 40 тирсак, эни 20 тирсак чиқди.

3Кейин у асосий хонадан Маъбаднинг ичкари хонасига кириб, ичкари хона эшигининг ён деворларини ўлчади. Ён деворларнинг қалинлиги 2 тирсак чиқди. Остонанинг эни 6 тирсак, остона икки ён деворларининг узунлиги эса 7 тирсакдан чиқди.

4Ўша одам ички хонани ҳам ўлчади. Ички хонанинг узунлиги билан эни бир хил — 20 тирсакдан чиқди. У менга: “Бу Энг муқаддас хона”, деб тушунтирди.

5Сўнг ўша одам Маъбад деворини ўлчади. Деворнинг эни 6 тирсак чиқди. Маъбаднинг ташқи деворга тақаб ён хоналар қурилган эди. Хоналарнинг узунлиги 7 тирсак эди.

6Хоналар уч қават қилиб қурилган бўлиб, ҳар бир қаватда ўттизтадан хона бор эди. Маъбаднинг деворлари уч поғонали зина шаклида бўлиб, хоналарга таянч бўлиб хизмат қилар эди. Шу сабабдан Маъбад деворларининг ўзи бутун эди.

7Маъбад деворининг қуйи қисми юқори қисмига қараганда қалинроқ бўлгани учун тепадаги хоналар кенгроқ эди. Зинапоя орқали пастки қаватдан иккинчи қаватга, сўнг учинчи қаватга чиқилар эди.

8Мен Маъбад атрофида баландлиги 6 тирсак бўлган пойдевор борлигини ҳам кўрдим. Ён хоналар мана шу пойдевор устига қурилган эди.

9Ён хоналарнинг ташқи девори 5 тирсак қалинликда эди. Ён хоналар ва

10ички ҳовлининг девори бўйлаб қурилган ҳужралар орасидаги масофа 20 тирсак эди. Маъбаднинг айланаси ҳовли эди.

11Ён хоналарга иккита эшик орқали кирилар эди. Бир эшик шимол томонда, бошқаси жануб томонда жойлашган эди. Ён хоналар теварагида бўш қолган жойнинг эни 5 тирсак эди.

12Маъбад ҳовлисининг ғарб томонида катта бир иморат бор эди. Иморатнинг эни 70 тирсак, узунлиги 90 тирсак, деворларнинг қалинлиги 5 тирсак эди.

13Ўша одам Маъбаднинг узунлигини ўлчади. Маъбаднинг узунлиги 100 тирсак чиқди. Сўнг у Маъбаднинг орқа деворидан ғарбдаги иморатнинг орқа деворигача бўлган масофани ўлчади, масофа 100 тирсак чиқди.

14Маъбаднинг олд томонидаги, яъни шарқ томондаги ҳовлининг эни ҳам 100 тирсак чиқди.

15Сўнгра у одам ҳовлининг ғарбида жойлашган иморатнинг узунлигини ўлчади. Иморат ва унинг икки ён томондаги хоналарнинг узунлиги 100 тирсак чиқди. Маъбаднинг айвони, Муқаддас хонаси ва Энг муқаддас хонаси

16ердан деразаларгача ёғоч билан қопланган эди. Маъбаднинг остоналари, панжарали деразалари ва ён хоналари ёғоч билан пардоз қилинган эди.

17Энг муқаддас хонага олиб кирадиган эшикнинг устки қисми ҳам ёғоч билан қопланган эди.

18Ҳамма деворларга карубларнинг суратлари ўйилган эди. Карубларнинг орасига пальма дарахтининг суратлари ҳам ўйилганди. Ҳар бир карубнинг иккитадан юзи бор эди.

19Карубнинг инсон юзига ўхшаган юзи бир томондаги пальма дарахтига, шер юзига ўхшаган бошқа бир юзи бошқа томондаги пальма дарахтига қаратилган эди. Бундай суратлар Маъбаднинг ички деворининг гир айланасига,

20ердан эшикнинг тепасигача ўйилган эди.

21Асосий хона эшигининг кесакиси тўрт бурчак шаклида ясалган эди. Муқаддас хонанинг рўпарасида

22ёғоч қурбонгоҳга ўхшаш бир нарса бор эди. Унинг бўйи 3 тирсак, узунлиги ва эни 2 тирсак эди. Бурчаклари, асоси ва ён томонлари ёғочдан ясалган эди. Ўша одам менга шундай деди: “Бу Эгамиз ҳузурида турадиган хонтахтадир.”

23Асосий хонанинг ва Энг муқаддас хонанинг эшиклари бор эди.

24Эшикларнинг ҳар бири икки тавақали, йиғма эди.

25Асосий хона эшикларининг юзасига девордагидай карублар ва пальма дарахтларининг суратлари ўйилган эди. Маъбад айвонининг олди томонига ёғоч бостирма қурилган эди.

26Айвоннинг панжарали деразалари бор эди. Айвон деворларига пальма дарахтининг суратлари ўйилган эди.

e>