Ҳизқиёл 43:1-27 UZV2013 - Bible AI

1Ўша одам мени шарқий дарвоза олдига олиб борди.

2Бирданига мен шарқ томонда пайдо бўлган Исроил Худосининг улуғворлигини кўрдим. Худонинг овози шовуллаган денгиз товушига ўхшар эди. Унинг улуғворлигидан замин порлай бошлади.

3Мен кўрган бу ваҳий, Худо Қуддусни вайрон қилиш учун келганда ва Кавор дарёси бўйида кўрган ваҳийларимга ўхшаб кетар эди. Мен мук тушдим.

4Эгамизнинг улуғворлиги шарқий дарвоза орқали Маъбадга кирди.

5Сўнг Руҳ мени оёққа турғизиб, ички ҳовлига олиб кирди. Эгамизнинг улуғворлиги Маъбадни тўлдирди.

6Маъбадни ўлчаган одам ёнимда бўлган пайтда, Маъбад ичидан кимдир менга гапирди.

7Ўша овоз менга деди: “Эй инсон, бу жой Менинг тахтимдир, оёғим остидаги пойандозимдир. Мен бу ерда, халқим Исроил орасида абадий яшайман. Улар ва уларнинг шоҳлари энди Мени бадном қилишмайди. Улар бошқа худоларга кўнгил боғлашмайди, ўлган шоҳларига ҳайкаллар ясашмайди.

8Улар ўз саройларини муқаддас Маъбадимнинг ёнгинасига қуришган эди. Мени улардан биттагина девор ажратиб турар эди, холос. Улар қилган жирканч ишлари билан Мени бадном қилишди. Шунинг учун Мен ғазабланиб, уларни қириб ташладим.

9Агар энди улар бегона худолардан воз кечиб, шоҳларига ўрнатган ҳайкалларни йўқ қилишса, Мен уларнинг орасида абадий яшайман.

10Эй инсон, сен бориб Исроил халқига Маъбадимни тасвирлаб бер, улар Маъбаднинг лойиҳаси билан танишиб чиқишсин. Қилган гуноҳларидан пушаймон бўлишсин.

11Қилмишларидан пушаймон бўлишганда сен уларга Маъбаднинг лойиҳасини: унинг жойлашиш тартибини, кириш–чиқишларини, тузилишини, қонун–қоидаларини батафсил тушунтириб бер. Лойиҳанинг чизмасини уларнинг олдида чизиб, барча қонун–қоидаларини ёзиб қўй, токи ҳаммасига риоя қилишсин.

12Тоғ чўққисидаги Маъбад жойлашган ҳудуд муқаддас сақлансин. Бу Маъбаднинг асосий қоидаси бўлсин.

13Маъбаддаги қурбонгоҳнинг ўлчамлари узун тирсак бўйича бўлсин. Яъни ҳар бир узун тирсак бир тирсагу тўрт энни ташкил қилиб, ўлчамлари қуйидагича бўлсин: қурбонгоҳ атрофидаги ариқчанинг чуқурлиги 1 тирсак, эни ҳам 1 тирсак, ариқча четининг баландлиги 1 қарич.

14[14-17] Қурбонгоҳ уч қисмдан иборат бўлиши шарт. Ҳар бир қисм тўрт бурчак шаклида бўлсин. Қурбонгоҳ қуйи қисмининг баландлиги ариқчанинг тубидан ўлчаганда 2 тирсак, ҳар бир томонининг узунлиги 16 тирсак бўлсин. Иккинчи қисмининг баландлиги 4 тирсак, ҳар бир томонининг узунлиги 14 тирсак бўлсин. Бу қисмнинг айланасига тарнов қилинсин. Тарновнинг эни ярим тирсак, тарнов четининг баландлиги 1 тирсак бўлсин. Қурбонгоҳнинг юқори қисмида қурбонликлар куйдирилади. Бу қисмнинг баландлиги 4 тирсак, ҳар бир томонининг узунлиги 12 тирсак бўлсин. Унинг тўртала бурчагидан шохлар чиқиб турсин. Қурбонгоҳга шарқ томондан, зинапоялар орқали чиқиладиган бўлсин.

18Эгамиз Раббий менга шундай деди: “Эй инсон, қурбонликларни куйдириш ва қон сепиш учун қурбонгоҳни қурганингиздан кейин қуйидаги коидаларга риоя қилинглар:

19Менинг ҳузуримда фақат Зодўх наслидан бўлган леви руҳонийлари хизмат қилишсин. Сен уларга гуноҳ қурбонлиги учун бир буқани бер”, деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

20“Сен ўша буқанинг қонидан олиб, қурбонгоҳнинг тўртта шохига, қурбонгоҳ ўрта қисмининг тўртала бурчагига ва четларга суртиб чиқ. Шу йўсин сен қурбонгоҳни поклаб, муқаддас қиласан.

21Буқанинг жасадини эса Маъбаддан ташқарига, махсус ажратилган жойга олиб чиқиб куйдир.

22Кейинги куни гуноҳ қурбонлиги сифатида нуқсонсиз такани келтир. Қурбонгоҳни буқанинг қони билан қандай поклаган бўлсанг, таканинг қони билан ҳам худди шундай покла.

23Қурбонгоҳни поклаганингдан сўнг, нуқсонсиз буқа ва қўчқорни

24Менинг ҳузуримга келтир. Руҳонийлар бу жониворларнинг устига туз сочиб, уларни Менга атаб қурбонлик қилиб куйдиришсин.

25Ҳар куни, етти кун давомида бир такани гуноҳ қурбонлиги қил. Бундан ташқари, бир буқа ва бир қўчқорни қурбонлик учун келтир. Жониворлар нуқсонсиз бўлиши шарт.

26Ўша етти кун давомида руҳонийлар қурбонгоҳни поклаб, муқаддас қилишсин. Шундай қилиб, уни Менинг хизматимга бағишласинлар.

27Саккизинчи кундан бошлаб, улар ҳар куни ўша қурбонгоҳда тинчлик ва куйдириладиган қурбонликларини келтиришсин. Шунда Мен сизлардан мамнун бўламан”, деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

e>