Ҳизқиёл 46:1-24 UZV2013 - Bible AI

1Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Ички ҳовлининг шарқий дарвозаси ҳафтанинг олти куни давомида ёпиқ турсин, Шаббат куни ва янги ой шодиёнаси куни очилсин.

2Ҳукмдор ташқи ҳовлидан бу дарвоза биносининг даҳлизига кириб, даҳлизнинг эшигида турсин. Руҳоний куйдириладиган ва тинчлик қурбонликларини келтираётганда ҳукмдор даҳлиз остонасида туриб, Худога сажда қилсин. Сўнг келган йўли билан чиқиб кетсин. Дарвоза кечгача очиқ турсин.

3Ҳар Шаббат ва янги ой шодиёнаси куни Исроил халқи бу дарвоза олдида туриб, Эгангизга сажда қилсин.

4Ҳар Шаббат куни ҳукмдор куйдириладиган қурбонлик учун олтита нуқсонсиз қўзини ва битта нуқсонсиз қўчқорни Эгангизга атаб, олиб келсин.

5Қўчқор билан бирга бир тоғора донни назр қилсин. Қурбонлик қилинадиган ҳар бир қўзи билан бирга хоҳлаган миқдорда дон назр қилсин. Ҳар бир тоғора дон билан бирга саккиз коса зайтун мойини назр қилсин.

6Янги ой шодиёнаси куни битта нуқсонсиз бузоқ, олтита нуқсонсиз қўзини ва битта нуқсонсиз қўчқорни олиб келсин.

7Менга аталган ҳар бир бузоқ ва қўчқор билан бирга бир тоғорадан дон назр қилсин. Қўзилар билан бирга эса хоҳлаган миқдорда дон назр қилсин. Ҳар бир тоғора дон билан бирга саккиз коса зайтун мойини назр қилсин.

8Ҳукмдор ичкарига кирганда, дарвоза биносининг даҳлизи орқали кирсин ва яна ўша йўл билан қайтиб чиқсин.

9Белгиланган байрамларда одамлар Эгангизга сажда қилгани келадилар. Шунда улар бир дарвозадан кириб, қаршисидаги дарвозадан чиқиб кетишлари шарт. Маъбад ҳовлисига шимолий дарвозадан кирганлар жанубий дарвоза орқали чиқишсин. Жанубий дарвозадан кирганлар шимолий дарвозадан чиқишсин.

10Ҳукмдор халқ билан бирга кириб, халқ билан бирга чиқиб кетсин.

11Шундай қилиб, байрамларда ва белгиланган тантаналарда қурбонлик қилинадиган ҳар бир бузоқ ва қўчқор билан бирга бир тоғорадан дон назр қилинади. Қурбонлик қилинадиган қўзилар билан бирга хоҳлаган миқдорда дон назр қилиниши мумкин. Ҳар бир тоғора дон билан бирга саккиз коса зайтун мойи назр қилинади.

12Ҳукмдор кўнгилдан чиқариб берадиган тинчлик ёки куйдириладиган қурбонликни келтирмоқчи бўлганда, унинг учун ички ҳовлининг шарқий дарвозаси очилсин. У бу қурбонликларини Шаббат кунида келтирадиган қурбонликларга ўхшаб тақдим қилсин, дарвоза биносидан чиқиб кетганидан сўнг дарвоза бекитилсин.

13Ҳар куни эрталаб нуқсонсиз бир ёшли қўзини Эгангизга қурбонлик қилиб, куйдиринглар.

14Бу билан бирга ҳар куни эрталаб дон назрини келтиринглар. Дон назри қуйидагилардан иборат бўлсин: олти коса сифатли ун ва бу унни намлаш учун уч коса зайтун мойи. Кундалик қурбонлик ва назрларга оид бу қоидага доимий равишда риоя қилинглар.

15Хуллас, ҳар куни эрталаб Эгангизга қўзини, донни ва зайтун мойини куйдириладиган қурбонлик қилиш учун олиб келинглар. Бу сизлар учун абадий қоида бўлсин.”

16Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Агар ҳукмдор бирор ўғлига ерини совға қилса, совға қилинган ер ўша ўғлининг абадий мероси бўлиб қолади.

17Борди–ю, ҳукмдор ерини бирор хизматкорига совға қилса, хизматкор совға қилинган ерга Қутлуғ йилигача эгалик қила олади. Қутлуғ йилида ер ҳукмдорга қайтади. Ҳукмдор ерларини фақатгина ўз ўғилларига мерос қилиб бериши мумкин.

18Бошқа одамларнинг ерларини тортиб олиш унга тақиқланади. У ўғилларига фақат ўзининг қарамоғида бўлган ерлардан мерос берсин, халқимни ўз еридан маҳрум қилмасин.

19Сўнг одам мени дарвоза ёнидаги йўл орқали, шимол томондаги руҳонийларнинг муқаддас хоналари олдига бошлаб борди. Ўша ердан у менга ғарбдаги, энг четдаги бир жойни кўрсатиб,

20деди: “Анави — ошхона. Руҳонийлар бу ерда айб ва гуноҳ қурбонликларининг гўштини қайнатадилар, назр қилинган доннинг унидан нон ёпадилар. Бу муқаддас назрларни ташқи ҳовлига олиб чиқмаслик учун ва шу орқали одамларга шикаст етказмаслик учун ошхона айнан шу ерда жойлашган.”

21Сўнг у мени яна ташқи ҳовлига олиб чиқиб, ҳовлининг тўртта бурчагида жойлашган ошхоналарни кўрсатди.

22Усти очиқ бу тўрттала ошхона бир хил: узунлиги 40 тирсак, эни 30 тирсак эди.

23Ошхона деворлари бўйлаб ўчоқлар қурилган эди.

24Одам менга шундай деди: “Бу ошхоналар Маъбадда хизмат қиладиганлар учун мўлжалланган. Улар бу ерда одамлар келтирган қурбонликларни қайнатадилар.”

e>