Ҳизқиёл 48:1-35 UZV2013 - Bible AI

1Қуйида Исроил қабилаларининг номлари ва уларнинг улуш қилиб олган ерлари қайд этилган. Дан қабиласининг ҳудуди Исроил юртининг шимолида жойлашган. Унинг чегараси Хетлон йўли бўйлаб Лево–Хоматга, сўнг Хазор–Энанга боради. Хазор–Энан шаҳри жанубдаги Дамашқ ва шимолдаги Хомат ҳудудлари орасида жойлашган. Дан қабиласининг ҳудуди Исроил юртининг ғарбий чегарасидан шарқий чегарасигача чўзилади.

2Дан ҳудудидан жанубда Ашер қабиласи жойлашади, унинг ҳудуди ҳам Исроил юртининг ғарбий чегарасидан шарқий чегарасигача чўзилади.

3Ашер ҳудудидан жанубда Нафтали қабиласи жойлашади, уларнинг ҳудуди ҳам ғарбдан шарққача чўзилади.

4[4-7] Нафталидан жанубда Манаше қабиласи, Манашедан жанубда Эфрайим, сўнг Рубен, сўнг Яҳудо қабилалари жойлашади. Ҳамма қабилаларнинг ҳудудлари Исроил юртининг ғарбий чегарасидан шарқий чегарасигача чўзилади.

8Яҳудо ҳудудидан жанубда махсус ажратилган ер бўлади. Бу ернинг узунлиги ҳар бир қабилага ажратилган ернинг узунлиги билан тенг, Исроил юртининг ғарбий чегарасидан шарқий чегарасигача бўлади. Эни эса 25.000 тирсак бўлади. Бу махсус ажратилган ернинг ўртасида Маъбад жойлашади.

9Менга ажратилган бу ҳудуднинг узунлиги 25.000 тирсак, эни 20.000 тирсак бўлади.

10Мен, Эгангиз, муқаддас еримнинг ярмини руҳонийларга бераман. Уларга ажратилган ернинг шимол томонидаги узунлиги 25.000 тирсак, ғарб томондаги эни 10.000 тирсак, шарқ томондаги эни 10.000 тирсак ва жануб томондаги узунлиги 25.000 тирсак бўлади. Руҳонийларга ажратилган ернинг марказида Менинг Маъбадим жойлашади.

11Бу ер фақат Зодўх авлодидан тайинланган руҳонийларга тегишли бўлади, чунки улар Менинг талабларимни бажардилар. Исроил халқи ва бошқа левилар Мендан юз ўгирганларида улар Мендан юз ўгирмадилар.

12Менга ажратилган ҳудуднинг энг муқаддас жойи руҳонийларнинг махсус улуши бўлади. Руҳонийларнинг бу ери левиларнинг ерларига туташган бўлади.

13Мен муқаддас еримнинг иккинчи ярмини левиларга бераман. Уларга берадиган ернинг узунлиги 25.000 тирсак, эни 10.000 тирсак бўлади. Руҳоний ва левиларга берадиган ернинг умумий узунлиги 25.000 тирсак, эни 20.000 тирсак бўлади.

14Бу ерни сотиш, айирбошлаш ёки бировнинг номига ўтказиш қатъиян ман этилади. Ахир, бу ер Меники, у муқаддасдир.

15Менга ажратилган ердан жанубда шаҳарга қарашли ерлар бўлади. Узунлиги 25.000 тирсак, эни 5.000 тирсак бўлган бу ерларда одамларнинг уйлари ва яйловлари бўлади. Шаҳар ўша ернинг марказида жойлашади.

16Шаҳарнинг эни ва узунлиги бир хил 4.500 тирсак бўлади.

17Шаҳар ҳар томондан эни 250 тирсак бўлган яйловлар билан ўралган бўлади.

18Шаҳардан ортиб қолган ғарбдаги ва шарқдаги 10.000 тирсакка 5.000 тирсак бўлган ер далалар учун мўлжалланган. У ерда шаҳардаги ишчилар учун озуқа етиштирилади.

19Шаҳарда яшайдиган ҳар қандай одам, қайси қабиладан бўлмасин, ўша далаларга экин экиши мумкин.

20Демак, махсус ажратилган ер тўртбурчак шаклда, ҳар бир томони 25.000 тирсак узунликда бўлади. Бу ер муқаддас ерларни ва шаҳар қарамоғидаги ерларни ўз ичига олади.

21Махсус ажратилган ернинг ғарб ва шарқ томонидаги ортган ерлар Исроил ҳукмдорига қарашли бўлади. Ҳукмдорнинг шарқдаги ерлари Иордан дарёсига, ғарбдаги ерлари Ўрта ер денгизига бориб тақалади. Ғарбдаги ернинг ҳам, шарқдаги ернинг ҳам узунлиги 25.000 тирсак бўлади. Уларнинг ўртасида Менинг муқаддас улушим, Маъбадим,

22Левиларнинг улуши ва Қуддус шаҳри жойлашади. Ҳукмдорнинг ерлари шимолда Яҳудо қабиласининг ерларига, жанубда Бенямин қабиласининг ерларига чегарадош бўлади.

23Қолган қабилаларга қуйидаги ерлар улуш қилиб берилади: махсус ажратилган ердан жанубда Бенямин қабиласининг ҳудуди бўлиб, Исроил юртининг шарқий чегарасидан ғарбий чегарасигача чўзилади.

24Бенямин ҳудудидан жанубда Шимўн қабиласининг ҳудуди бўлиб, юртнинг шарқий чегарасидан ғарбий чегарасигача чўзилади.

25Шимўн ҳудудидан жанубда Иссахор қабиласининг ҳудуди бўлиб, шарқий чегарадан ғарбий чегарагача чўзилади.

26Иссахор ҳудудидан жанубда Забулун қабиласининг ҳудуди бўлиб, шарқий чегарадан ғарбий чегарагача чўзилади.

27Забулун ҳудудидан жанубда Гад қабиласининг ҳудуди бўлиб, шарқий чегарадан ғарбий чегарагача чўзилади.

28Гад ҳудудининг жанубий чегараси Тамар шаҳридан то Кадешдаги Марива сувларигача боради, кейин Миср сойлиги бўйлаб ўтиб, Ўрта ер денгизигача етади.

29Шундай қилиб, Исроил юрти ўн икки қабилага бўлиб берилади, олган ерлари уларнинг улуши бўлади”, деб айтмоқда Эгамиз Раббий.

30Шаҳарнинг дарвозалари қуйидагича бўлсин: шаҳарнинг шимолий девори 4.500 тирсак узунликда бўлиб,

31унинг учта дарвозаси бўлади. Шаҳар дарвозаларига Исроил қабилаларининг номлари берилади. Бу томондаги дарвозаларнинг номлари Рубен, Яҳудо ва Леви бўлади.

32Шарқий деворнинг узунлиги ҳам 4.500 тирсак бўлади, унинг учта дарвозаси Юсуф, Бенямин ва Дан қабилалари номлари билан номланади.

33Жанубий деворнинг узунлиги ҳам 4.500 тирсак бўлади, унинг учта дарвозаси Шимўн, Иссахор ва Забулун, деб номланади.

34Ғарбий деворнинг узунлиги ҳам 4.500 тирсак бўлади, унинг учта дарвозаси Гад, Ошер ва Нафтали деб номланади.

35Шаҳарни ўраб турган деворнинг умумий узунлиги 18.000 тирсак бўлади. Ўша вақтдан бошлаб шаҳарнинг номи “Эгамиз шу ердадир” бўлади.

e>