Ҳикматлар 1:1-33 UZV2013 - Bible AI

1Исроил шоҳи Довуд ўғли Сулаймоннинг [1] Ҳикматлари.

2Бу ҳикматлар донолик ва насиҳатни ўргатади, ҳикматли сўзларни тушунтиради,

3Ақлли кўрсатмаларга, тўғрилик, адолат, одилликка эга қилади,

4Соддаларга [2] идрок, ёшларга билим, фаҳму фаросат беради.

5Донолар тинглаб билимини кўпайтирсин, идрокли эса йўл–йўриқ олсин.

6Бу ҳикматлар — маталларни, жумбоқларни, дононинг сўзларини ва топишмоқларини тушуниш учундир.

7Эгамиздан қўрқиш [3] илму маърифатнинг бошидир [4]. Донолик ва насиҳатдан нафратланган эса нодондир [5].

8Ўғлим [6], отанг насиҳатларига қулоқ сол, онанг ўгитларини рад этма,

9Чунки улар бошингга гўзал гулчамбар, бўйнингга маржондайдир.

10Ўғлим, агар гуноҳкорлар сени йўлдан урмоқчи бўлса, бўйин берма.

11Агар улар: “Кел, бизга қўшил, пистирма қўйиб қон тўкайлик, айбсизнинг йўлини важсиз тўсайлик,

12дўзахга [7] ўхшаб уни тириклайин ўз қаъримизга тортайлик, чуқур каби бутунлайин ютиб юборайлик,

13ҳар хил бойликларни тортиб олиб, уйимизни ўлжа билан тўлдирайлик,

14ҳамма нарса ўртада бўлсин, ҳамёнимиз битта бўлсин”, — деб айтсалар,

15ўғлим, уларнинг йўлидан юрма, бир қадам ҳам босма.

16Чунки улар қон тўкишга тайёрдирлар, оёқлари ёвузликка шошилади.

17Қушларнинг кўзи олдида тўр қўйиш фойдасиздир.

18Ёвузлар ўзларининг қони тўкилишини кутадилар, ўзларининг жонларини пойлайдилар.

19Очкўзлик билан тортиб оладиганларнинг аҳволи шу! Улар ўз ҳаётига зомин бўлади.

20Донолик [8] кўчада чақиради. Майдонда баланд овоз билан ҳайқиради.

21Гавжум кўчанинг бошида, шаҳар дарвозаларида [9] жар солади.

22“Эй, нодонлар, қачонгача нодон бўлиб юраверасиз?! Сиз–чи, мазах қилувчилар, қачонгача мазах қилишдан завқланасиз?! Ақлсизлар, қачонгача илму маърифатдан нафратланасиз?!

23Панд–насиҳатларимга қулоқ солинглар. Мана, сизларга руҳимни бераман. Сўзларимни очаман.

24Лекин сизларни чақирганимда рад этдингиз, қўлларимни узатганимда, эътибор бермадингиз.

25Маслаҳат, панд–насиҳатларимнинг ҳеч бирини қабул қилмадингиз.

26Шунинг учун бошингизга фалокат келганда, мен ҳам куламан. Ваҳимага тушганингизда, мазах қиламан.

27Ваҳима бўрондай, фалокат эса тўфондай келганда, кулфату машаққатлар бошга тушганда,

28улар мени чақирадилар, лекин жавоб бермайман. Улар мени қидирадилар, излайдилар, лекин тополмайдилар.

29Чунки улар илм–маърифатдан нафратландилар, Эгамиздан қўрқишни танламадилар.

30Маслаҳатларимни, ўгитларимни қабул қилмадилар.

31Шунинг учун ўз қилмишларининг мевасини еб, пушаймон бўлиб қоладилар.

32Нодонлар йўлдан адашиб ўзини ўлдиради, ақлсизларнинг беғамлиги эса ўзларини ҳалок қилади.

33Лекин менга қулоқ солганлар осойишта ҳаёт кечиради, ёмонликнинг ваҳимасидан халос бўлади.”

le>