Ҳикматлар 13:1-25 UZV2013 - Bible AI

1Ақлли фарзанд [1] отасининг насиҳатларини қабул қилади, мазах қилувчи эса танбеҳга қулоқ солмайди.

2Яхши одам сўзлари билан яхшиликка эришади, хоин эса зўравонликка.

3Тилини тийган жонини асрайди, тилига эрк берган эса ҳалокатга учрайди.

4Дангасанинг кўнгли хоҳлайди–ю, аммо ҳеч нарсага эриша олмайди, тиришқоқ эса орзусига етишади.

5Солиҳ ёлғондан нафратланади, фосиқ эса уятли ва шармандали ишлар қилади.

6Солиҳлик тўғри юрадиганни ҳимоя қилади, фосиқлик эса гуноҳкорни ҳалок қилади.

7Шундай одам бор, ҳеч нарсаси йўғ–у, ўзини бой кўрсатади. Яна шундай одам бор, бойлиги кўп–у, ўзини қашшоқ кўрсатади.

8Жоннинг ҳақи — унинг бойлиги, камбағал эса дўқ–пўписадан қўрқмайди.

9Солиҳларнинг чироғи доим чароғон, фосиқники эса ўчиб қолади.

10Мағрурликдан фақат уруш чиқади, насиҳатга қулоқ солган одамда эса донолик бор.

11Ҳийла билан топилган давлат йўқолади, меҳнат билан топилгани эса кўпаяди.

12Рўёбга чиқмаган умид юракни эзади, ушалган орзу эса ҳаёт дарахтидир.

13Панд–насиҳатлардан нафратланган ўзига ҳалокат келтиради, амрга қулоқ солган эса тақдирланади.

14Дононинг таълимоти — ҳаёт манбаи, одамни ўлим тузоғидан халос этади.

15Идрокли инсон марҳаматга эришади, хоиннинг йўли эса машаққатлидир [2].

16Зукко одам ақл билан иш қилади, ақлсиз эса аҳмоқлигини кўрсатади.

17Ёмон хабарчи кулфат олиб келади, содиқ хабарчи эса юракка шифо келтиради.

18Насиҳатга қулоқ солмаганларга қашшоқлик ва уят, танбеҳга қулоқ солганларга эса ҳурмат–иззат.

19Амалга ошган тилак жонга роҳат беради, нодон одам ёмонликдан айрилишни рад этади.

20Доно билан юрган доно бўлади, аҳмоққа йўлдош бўлган эса ҳалок бўлади.

21Бахтсизлик гуноҳкорнинг кетидан қувиб юради, солиҳнинг мукофоти эса бахт–саодатдир.

22Яхши одам болаларининг болаларига ҳам мерос қолдиради, фосиқнинг бойлиги эса солиҳга насиб этади.

23Камбағалнинг даласида ғалла мўл, лекин адолатсизлик туфайли вайрон бўлади.

24Калтакни аяган одам ўғлини ёмон кўради, ўғлини севган эса ёшликдан тартиб–интизомга ўргатади.

25Солиҳ қорни тўйиб овқат ейди, фосиқ эса оч қолади.

cle>