Ҳикматлар 14:1-35 UZV2013 - Bible AI

1Доно хотин ўз оиласини мустаҳкамлайди, нодон хотин эса оиласини ўзи бузади.

2Тўғри йўлдан юрадиган Эгамиздан қўрқади [1], эгри юрадиган эса Уни рад этади.

3Аҳмоқнинг сўзлари ўзига калтак келтиради, дононики эса уни ҳимоя қилади.

4Ҳўкиз бўлмаса охур тоза, лекин ҳўкизнинг кучи туфайли ҳосил кўп бўлади.

5Содиқ гувоҳ ёлғон гапирмайди, сохта гувоҳ ёлғон гапиришдан тўхтамайди.

6Мазах қилувчи доноликни қидиради, аммо тополмайди, идроклига эса билим олиш осон.

7Ақлсиздан узоқлаш, чунки ундан маъноли сўз чиқмайди.

8Зийракнинг донолиги ўз йўлини билишидадир, ақлсизнинг аҳмоқлиги эса уни йўлдан адаштиради.

9Аҳмоқ айб қурбонлиги устидан кулади [2], тўғри одам эса Худонинг марҳаматига сазовор бўлади.

10Юрак ўз дардини ўзи билади, хурсандлигига бошқалар кафиллик беролмайди.

11Фосиқларнинг уйи хароба бўлади, тўғриларнинг чодири эса гуллаб–яшнайди.

12Шундай йўл борки, инсонга тўғри бўлиб кўринади, аммо охири ўлимга олиб боради.

13Кулса ҳам юракда қайғу бор, хурсандчиликнинг охири ғамдир.

14Юраги қинғир ўз эгрилигидан, яхши одам эса тўғрилигидан мамнун.

15Содда [3] ҳар бир сўзга ишонаверади, ақлли эса қадамини ўйлаб босади.

16Доно қўрқиб ёмонликдан узоқлашади, нодон эса жаҳли тез ва бепарво [4].

17Баджаҳл ақлсизлик қилади, бадният эса нафратга учрайди.

18Соддаларнинг насибаси — нодонлик, ақллиларнинг тожи эса илму маърифатдир.

19Ёмонлар яхшиларнинг олдида, фосиқлар эса солиҳларнинг дарвозасида таъзим қилади.

20Камбағалдан қўшнилари ҳам нафратланади, бойнинг эса ўртоқлари кўп.

21Қўшнисини хор қилган — гуноҳкор, муҳтожга марҳамат қилган эса бахтлидир.

22Нияти бузуқлар йўлдан адашмайдими?! Яхши ниятлилар абадий севгига сазовор бўлади.

23Ҳар бир меҳнатдан фойда бор, қуруқ гап эса камбағаллик келтиради.

24Оқилларнинг тожи — донолиги, ақлсизнинг нодонлиги эса аҳмоқлигидир.

25Ростгўй гувоҳ жонни қутқарса, ёлғончи гувоҳ алдайди.

26Эгамиздан қўрқиш — мустаҳкам қалъа, фарзандларига ҳам Ўзи паноҳдир.

27Эгамиздан қўрқиш ҳаёт манбаидир, у ўлимдан қутқаради.

28Халқининг кўплиги — шоҳнинг шуҳрати, камлиги эса ҳокимнинг ҳалокатидир.

29Сабр–тоқатли одам ақл–идроклидир, жаҳлдорлик аҳмоқликни билдиради.

30Хотиржам юрак танага ҳаёт бахш этади, ҳасадгўйлик эса суякларни чиритади.

31Камбағалга зулм қилган уларни Яратганни таҳқирлаган, муҳтожга ёрдам берган эса Худони улуғлаган бўлади.

32Фосиқ ўз қилмишлари туфайли ҳалокатга учрайди, солиҳга эса ўлимида ҳам паноҳ бор.

33Донолик оқилнинг қалбида яшайди, нодонлар орасида ҳам ўзини билдиради [5].

34Солиҳлик халқни юксалтирса, гуноҳ шарманда қилади.

35Донолик билан иш қиладиган қул шоҳнинг марҳаматига сазовордир, шармандали иш қиладиган эса унинг ғазабига учрайди.

cle>