1Режалар одамнинг юрагида, тилдаги жавоб эса Эгамиздан.
2Одамнинг қилмишлари унинг назарида тўғри, лекин Эгамиз юракнинг поклигини ўлчайди.
3Ишларингни Эгамизга топшир, шунда режаларинг мустаҳкам бўлади.
4Ҳамма нарсани Эгамиз ўз мақсади билан яратди, ҳатто фосиқлар ҳам кулфат куни учун яралган.
5Барча такаббурлар Эгамизга жирканч, улар жазосиз қолмайдилар.
6Абадий севги туфайли гуноҳ кечирилади, Эгамиздан қўрқиш [1] ёмонликдан узоқлаштиради.
7Эгамизга инсоннинг йўллари маъқул келганда, душманлари билан ҳам яраштиради.
8Адолатсиз келган кўп даромаддан, ҳалол меҳнат билан топилган озгинаси яхшироқ.
9Одам юрагида ният қилади, Эгамиз эса унинг йўлини мустаҳкамлайди.
10Худонинг сўзлари шоҳнинг тилида, ҳукм қилганда хато қилмайди.
11Тўғри тарозию паллалар Эгамизникидир, тарози тошларини ҳам Худо яратган.
12Шоҳнинг ёмонлик қилиши қабиҳликдир [2], чунки унинг тахти адолат туфайли мустаҳкам.
13Тўғри сўз шоҳнинг қувончидир, у ростгўйларни яхши кўради.
14Шоҳнинг ғазаби ўлим даракчисидир, доно уни тинчлантиради.
15Шоҳ юзидаги табассум ҳаётдан нишона, Унинг марҳамати эса ёмғир келтирадиган булут кабидир.
16Доно бўлиш — олтиндан, идрок топиш эса кумушдан ҳам яхшироқдир.
17Тўғрининг йўли ёмонликдан узоқлаштиради, йўлини қўриқлаган эса ўз жонини асрайди.
18Мағрурликнинг ортидан ҳалокат келади, такаббурликдан сўнг эса одам қоқилади.
19Такаббурлар билан ўлжа бўлишгандан кўра, камтарин бўлиб камбағаллар орасида бўлиш яхшироқ.
20Гапга тушунадиган яхшилик топади, Эгамизга умид боғлаган бахтли бўлади.
21Қалбида донолик бўлган фаросатли деб аталади, ширинсуханлик ақл–идрокни кўпайтиради.
22Идрок ўзининг соҳиби учун ҳаёт булоғи, аҳмоқлик эса аҳмоққа жазодир.
23Дононинг юраги тилига идрок беради, сўзларини ишончли қилади.
24Ёқимли сўз асал кабидир, жонга роҳат, суякларга малҳамдир.
25Шундай йўл борки, инсонга тўғри бўлиб кўринади, аммо охири ўлимга олиб боради.
26Меҳнат қиладиган одам ўзи учун ишлайди, чунки оч қорни уни ундайди.
27Фосиқ ёмонликни қўзғайди, сўзлари куйдирадиган олов кабидир.
28Маккор жанжал чиқаради, ғийбатчи эса яқин дўстларни ажратади.
29Ёвуз ўзгани алдаб, ёмон йўлга бошлайди.
30Кўзини қисган — ёмон ниятда, лабини тишлаган эса ёвузлик қилган.
31Оқарган сочлар — шарофат тожи, солиҳлик йўлида юрган унга эришади.
32Жаҳлини тийган — қудратлидан, ўзини тута биладиган эса шаҳарни енггандан яхшироқ.
33Қуръа ташланади [3], аммо барча қарор Эгамиздандир.