Ҳикматлар 17:1-28 UZV2013 - Bible AI

1Дастурхони тўла жанжалли уйдан, бир тишлам қаттиқ нони бор тинч хонадон яхшироқ.

2Шармандали иш қиладиган ўғил устидан фаросатли қул ҳукмронлик қилади, у ака–укалар қатори меросга шерик бўлади.

3Кумуш, олтин оловда синалади, одамларнинг қалбини эса Эгамиз синайди.

4Фосиқлар ёвуз одамларнинг гапига киради, ёлғончи эса ғийбатга қулоқ солади.

5Камбағални мазах қилган уларни Яратганни таҳқирлайди, қийинчиликда қувонадиган жазосиз қолмайди.

6Набиралар — кексаларнинг тожу тахти, ўғилларнинг шон–шуҳрати оталаридир.

7Яхши сўз нодонга ярашмагандек, ёлғончилик улуғсифат одамга асло тўғри келмайди.

8Пора эгасининг назарида сеҳрли қимматбаҳо тош, гўё ҳамма ерда омад келтиради.

9Гуноҳни беркитган дўстликни сақлайди, уни кавлаштирган эса дўстни узоқлаштиради.

10Донога берилган битта танбеҳ нодоннинг бошида синган юзта калтакдан таъсирлироқ.

11Фосиқ фақат ғалаён пайида бўлади, шунинг учун унга ёвуз элчи юборилади.

12Тентакнинг аҳмоқлигига йўлиққандан кўра, болаларидан айрилган она айиққа дуч келган яхшироқ.

13Яхшиликка ёмонлик қилганнинг хонадонидан ёмонлик аримайди.

14Жанжалнинг бошланиши — сув уриб кетишидай, чиқмай туриб уни тўхтат.

15Фосиқни оқлаш, солиҳни айблаш — иккови ҳам Эгамизга жирканчдир.

16Бу нима?! Нодоннинг қўлида бойлик бор, “Донолик сотиб олай”, — дейди, лекин унда ақл йўқ.

17Дўст ҳар қачон севиш учундир, ака–укалар ҳам оғир кун учун туғилган.

18Қўл ташлаб бировга кафиллик қиладиган ақлсиздир [1].

19Гуноҳни яхши кўрган уруш–жанжални севар, ўзига бино қўйган [2] ҳалокат қидирар.

20Маккор юракли яхшиликка эришмайди, эгри тил эса кулфатга дучор бўлади.

21Нодон фарзандли бўлиш қайғу келтиради, аҳмоқнинг отаси эса шодлик нималигини билмайди.

22Шод юрак — шифобахш дори, ғам–кулфат эса жоннинг эговидир.

23Фосиқ қўйнидан пора олиб адолат йўлини ўзгартиради.

24Фаҳм–фаросатли инсон доноликка қарайди, нодоннинг кўзи эса дунёнинг нариги четида.

25Аҳмоқ фарзанд [3] — отасига қайғу, уни туққан онага эса ғамдир.

26Солиҳни жазолаш, амалдорни одиллиги учун койиш яхши эмас.

27Кам гапирган — доно, оғир, вазмин эса идроклидир.

28Аҳмоқ ҳам индамай ўтирса доно, тилини тийган эса фаросатли ҳисобланади.

cle>