1Ўғлим [1], насиҳатларимни қабул қилиб, амрларимни юрагингда сақласанг,
2Доноликка қулоқ солиб, қалбингни фаҳм–идрокка очсанг,
3Фаросатга ташна, идрокка чанқоқ бўлсанг,
4Уни кумуш излагандай изласанг, яширин хазина қидиргандай қидирсанг,
5Эгамиздан қўрқиш [2] нималигини тушунасан, Худо кимлигини биласан.
6Чунки доноликни Эгамиз беради, билим ва идрок Унинг оғзидан чиқади.
7У тўғри одам учун нажот сақлайди, тўғри юрадиганга Ўзи қалқон бўлади.
8Адолатли инсонни ҳимоя қилади, Унга содиқ бўлганнинг йўлини қўриқлайди.
9Шунда сен тўғрилик, адолат, одиллик, яъни тўғри йўл нима эканлигини тушунасан.
10Чунки юрагингга донолик киради, руҳинг эса билимдан завқланади.
11Фаҳм–фаросат сени ҳимоя қилади, ақл–идрок эса қўриқлайди.
12Ёмон йўлдан, ёвуз гапирадиганлардан асрайди.
13Улар тўғри йўлни ташлаб, қоронғиликда юради.
14Ёмон ишлардан хурсанд бўлади, ёвузликдан қувонади.
15Улар йўлдан адашган, сўқмоқлари эса эгридир.
16Сени зинокордан, тилёғлама бузуқ аёлдан сақласин.
17У ёшлигидаги умр йўлдошини ташлаб, Худо олдида берган аҳдини бузган.
18Унинг уйи ўлимга [3], йўллари эса ўликларнинг олдига олиб боради.
19Унинг олдига борган қайтиб келмайди, ҳаёт сўқмоқларига етмайди.
20Шунинг учун яхши одамларнинг йўлидан юргин, солиҳларнинг йўлидан чиқмагин.
21Чунки тўғри одам ўша ерда яшайди, пок одам у ерда қолади.
22Фосиқ эса ердан қириб ташланади, вафосиз йўқ қилинади.