Ҳикматлар 21:1-31 UZV2013 - Bible AI

1Шоҳнинг юраги Эгамизнинг қўлида, уни ирмоқдай хоҳлаган томонга буради.

2Одамнинг қилмишлари ўзининг назарида тўғри, аммо Эгамиз юракларни синайди.

3Адолату ҳақиқатга амал қилиш Эгамизга қурбонликдан афзалроқдир.

4Такаббур кўзлар ва мағрур юрак чироқ каби фосиқнинг гуноҳини кўрсатади.

5Меҳнаткашнинг режаси фақат мўл–кўлчилик келтиради, шошқалоқ камбағалликка учрайди.

6Ёлғон билан бойлик топадиганлар чиқиб кетадиган буғ кабидир, ўз ўлимини излайди.

7Ёвузнинг зўравонлиги бошига етади, чунки адолат билан иш қилишни рад этади.

8Гуноҳкорнинг йўли — эгри, софдилнинг иши — тўғри.

9Уришқоқ хотин билан кенг уйда умр кечиргандан кўра, чордоқда яшаган афзал.

10Ёвузнинг кўнгли ёмонликка ташна, қўшниси ундан раҳм–шафқат топмайди.

11Мазах қилувчи жазоланса, содда [1] одамлар доно бўлади, донога йўл–йўриқ берилса, билими ошади.

12Худо одилдир, фосиқнинг уйини У кузатиб туради, у фосиқни ҳалокатга мубтало қилади.

13Камбағалнинг йиғисига ким қулоқ солмаса, ўзи йиғлаганда ҳам ҳеч ким жавоб бермайди.

14Яширинча берилган совға жаҳлни юмшатади, енг ичидаги пора эса қаттиқ ғазабни.

15Адолатга амал қилиш солиҳларга севинч, фосиқларга эса қўрқинчдир.

16Ақл–идрок йўлидан чиққанлар ўликлар орасидадир.

17Зиёфатни севган қашшоқлашади, шароб билан мойни яхши кўрган одам бой бўлмайди.

18Фосиқ солиҳдан, хоин эса тўғри кишилардан кўра, кўпроқ азоб чекади.

19Уришқоқ ва баджаҳл хотин билан яшагандан кўра, чўлу биёбонда яшаш яхшироқ.

20Дононинг уйида ёғ ҳам, энг яхши нарсалар ҳам бор, ақлсиз эса уни сарфлаб юборади.

21Тўғрилик ва иноят пайида бўлганлар узоқ умр, солиҳлик ва шон–шуҳратга эришади.

22Доно энг қудратли шаҳарга бориб, таянч бўлган қалъани ҳам вайрон қилади.

23Оғзини ва тилини қўриқлаган ўз жонини ташвишлардан асрайди.

24Такаббур ва мағрурнинг номи “мазахчи”, ҳамма нарсани манманлик билан қилади.

25Дангасанинг орзуси ўлимга олиб келади, чунки қўллари ишга бормайди.

26Дангасанинг куни баднафслик билан ўтади, солиҳ эса аямасдан беради.

27Фосиқларнинг қурбонлиги жирканчдир, ёвуз ният билан келтирилгани эса ундан ҳам баттар.

28Сохта гувоҳ йўқ бўлади, ҳақиқатга қулоқ солган эса қолади.

29Фосиқнинг юзи қаттиқ, тўғри одам эса ўз йўлини билади.

30Эгамизга қарши донолик ҳам, идрок ҳам, режа ҳам йўқ.

31От жанг куни учун тайёрланади, ғалаба эса Эгамизнинг қўлида.

cle>