1Яхши ном — энг катта бойликдан ортиқ, марҳаматга сазовор бўлиш эса кумушу олтиндан ҳам яхши.
2Бой билан камбағалнинг бир ўхшашлиги бор, икковини ҳам Эгамиз яратган.
3Эс–ҳушли хавф–хатарни кўриб яширинади, содда [1] эса тўхтамасдан бораверади, шунинг учун қийналади.
4Камтарлик ва Эгамиздан қўрқиш [2] бойлик, ҳурмат ва ҳаёт келтиради.
5Эгрининг йўлида тиканзор ва тузоқлар бор, ўз жонини асраган ундан узоқлашади.
6Болани тўғри йўлга солиб тарбияла, шунда қариганда ҳам йўлидан адашмайди.
7Бойлар камбағаллар устидан ҳукмронлик қилади, қарздор эса қарз берганнинг қулидир.
8Фосиқликни эккан ташвиш йиғади, жаҳл қамчиси эса синади.
9Сахий барака топади, чунки ўз нонини камбағаллар билан баҳам кўради.
10Мазах қилувчини орадан қув! Шунда ғавғо кетади, жанжалу ҳақорат ҳам барҳам топади.
11Покдилликни севиб, хушмуомала бўлганга шоҳ дўст бўлади.
12Эгамиз илм–маърифатли инсонни асрайди, У хоиннинг сўзларини пучга чиқаради.
13Дангаса: “Ташқарида шер бор, кўчада мени ўлдиради”, — дейди.
14Бузуқ аёлнинг оғзи тубсиз чоҳдир, Эгамизнинг ғазабига учраганлар унга тушади.
15Ақлсизлик боланинг дилига ўрнашган, танбеҳ қамчиси уни ажратиб юборади.
16Бой бўламан деб қашшоқни эзган ҳам, бойга совға қилган ҳам камбағаллашади.
17Доноларнинг сўзларига қулоқ тут, қалбингни билимимга оч.
18Чунки бу сўзларни қалбингда сақласанг, дилинг яшнайди, улар доим тилингда тайёр бўлсин.
19Эгамизга умид боғлагин деб бугун шуларни ўргатяпман.
20Сенга билим ва маслаҳат билан ўттизта насиҳат ёзиб бермаганмидим?!
21Бу ҳақиқат сўзларини ўрганиб, сени юборганларга айтиб беришинг учун эди.
22Камбағалдан камбағаллиги учун ўғирлама, бахтсизни дарвоза олдида ҳукм қилганда қийнама.
23Чунки Эгамиз ҳимоя қилиб, улардан олганнинг жонини олади.
24Уришқоқ билан дўстлашма, баджаҳл билан юрма.
25Бўлмаса сен ҳам уларнинг йўлига тушиб қоласан, жонингни тузоққа илинтирасан.
26Бегона билан қўл ташлашма, ўзганинг қарзига кафиллик берадиганларнинг бириси бўлма [3].
27Тўлаш учун ҳеч нарсанг бўлмаса, нега тагингдаги тўшагингни олиб кетиши керак?!
28Ота–боболаринг қўйган қадимий чегараларни бузма [4].
29Ўз ишига моҳир устани кўрганмисан? У оддий одамларга эмас, шоҳга хизмат қилади.