Ҳикматлар 23:1-35 UZV2013 - Bible AI

1Ҳоким билан овқатланишга ўтирганда, олдингга қўйилган нарсаларга назар сол.

2Агар иштаҳанг катта бўлса, бўғзингга пичоқ қўй.

3Унинг неъматларини кўнглинг тусамасин, чунки у алдайдиган таомдир.

4Бой бўлай деб кўп ҳаракат қилма, фаҳму фаросат билан бу фикрингдан воз кеч.

5Бойлик кўз очиб–юмгунча йўқ бўлади, қанот қоқиб бургутдай осмонга учиб кетади.

6Хасиснинг овқатидан ема, унинг неъматларини кўнглинг тусамасин.

7Чунки у кўнглида ўзининг фойдасини ҳисоблайди [1], “Егин, ичгин”, — дейди–ю, кўнгли сен билан эмас.

8Еган луқмангни қайт қиласан, ширин сўзларинг ҳавога учиб кетади.

9Аҳмоққа гап гапирма, ҳикматли сўзларингни рад этади.

10Қадимий чегараларни бузма [2], етимларнинг даласини тортиб олма.

11Чунки уларнинг Ҳимоячиси қудратли, У етимларнинг тарафини олади.

12Юрагингни насиҳатга, қулоқларингни эса идрок сўзларига оч.

13Боладан танбеҳни аяма, чунки таёқ билан урсанг ўлмайди.

14Таёқ билан уриб жазоласанг, жонини дўзахдан [3] сақлайсан.

15Ўғлим [4], қалбингда донолик бўлса, юрагим қувонади.

16Тилингдан тўғри сўз чиқса, кўнглим ҳам шодланади.

17Гуноҳкорларга ҳавас қилма, доим Эгамиздан қўрқиб [5] юр.

18Чунки албатта келажак бор, умидинг рўёбга чиқади.

19Ўғлим, тинглаб доно бўл, юрагингни тўғри йўлга сол.

20Майхўр ва очкўзлик билан гўшт ейдиганлар орасида бўлма.

21Чунки майхўр ва очкўз қашшоқ бўлади, уйқучилик эса жулдур кийим кийдиради.

22Сени дунёга келтирган отангга қулоқ сол, онанг қариганда хор қилма.

23Ҳақиқатни сотиб ол, донолик, йўл–йўриқ, идрок ҳам ол, уларни сотма.

24Солиҳ отасининг бошини кўкка етказади, доно фарзанд [6] уни хурсанд қилади.

25Ота–онанг сендан хурсанд бўлсин, сенга ҳаёт берган онанг шод бўлсин.

26Ўғлим, менга қалбингни оч, кўзларинг ишларимни кузатсин.

27Чунки бузуқ хотин — тубсиз чоҳ, зинокор хотин тор қудуқдир.

28У қароқчи каби пойлаб туради, одамлар орасида вафосизликни орттиради.

29Қайғу кимда, ким ғам–ташвиш тортади, ким жанжал қилади, шикоят қилган ким? Ким сабабсиз яраланади? Кимнинг кўзлари қип–қизил?

30Шароб ичишга берилганлар, хуш ҳидли майни тотиб кўришга кўп борган.

31Шаробнинг қизиллигига, қадаҳда чўғдай товланишига, текис қуйилишига қарама.

32Охирида у илон каби чақади, қора илондай заҳар сочади.

33Кўзларинг ғалати нарсаларни кўради, юрагингда эгри фикрлар бўлади.

34Денгиз ўртасида ётгандай, кема устунида ухлагандай бўласан.

35“Мени урдилар, оғримади, калтакладилар, лекин билмадим. Қачон уйғонаман?! Яна бир ичай”, — дейсан.

cle>