Ҳикматлар 27:1-27 UZV2013 - Bible AI

1Эртанги кун билан мақтанма, унинг нима олиб келишини билмайсан–ку!

2Сени ўзинг эмас, бошқалар, ўз оғзинг эмас, ўзгалар мақтасин.

3Тош ҳам, қум ҳам оғир, ақлсизнинг ғазаби эса икковидан ҳам оғирроқ.

4Жаҳл — золим, ғазаб бир тошқиндир, рашк олдида ким бардош бера олади?!

5Ошкора танбеҳ пинҳона меҳрдан яхшироқ.

6Душманнинг ширин сўзи эмас, дўстнинг калтаклаши садоқатни кўрсатади.

7Тўқ одам асални ҳам оёқ ости қилади, очга эса аччиқ нарса ҳам ширин.

8Ўз уйини ташлаб кетган одам инидан айрилган қушга ўхшайди.

9Хушбўй мой ва муаттар атир кўнгилни шод қилади, дўстнинг самимий маслаҳати эса қувонч келтиради.

10Ўз дўстингни ва отангнинг дўстини ташлама, оғир кунда акангникига чопма, яқин қўшни узоқдаги акадан яхшироқ.

11Эй, ўғлим [1], доно бўл, қалбимни қувонтир, шунда биров мени танқид қилса ҳам, жавоб қайтара оламан.

12Эс–ҳушли одам хавф–хатарни кўриб яширинади, содда [2] эса тўхтамасдан бораверади, шунинг учун қийналади.

13Бегонага кафиллик қилсанг, кийимини ечиб ол, чет элликдан эса гаров ол [3].

14Тонг–саҳарлаб дўстига ҳамду сано айтган одам унга лаънат ўқиган бўлади.

15Жанжалкаш хотин ёмғирли кунда тўхтамай томаётган чаккага ўхшайди.

16Уни бошқариш шамолни бошқариш ёки ўнг қўл билан мойни ушлаш демакдир.

17Темир темирни ўткирлайди, инсон эса дўстини.

18Анжирни парвариш қилган одам унинг мевасидан баҳраманд бўлади, соҳибига яхши қараган эса иззат–ҳурматли бўлади.

19Сув инсоннинг юзини акс эттиргани каби, юраги ҳам унинг кўзгусидир.

20Ўлим ва Ҳалокат [4] ҳеч тўймаганидай, инсоннинг кўзи ҳам асло тўймайди.

21Кумуш, олтин оловда синалади, одам эса мақтовда.

22Аҳмоқни келига солиб дон билан бирга янчсанг ҳам, аҳмоқлиги ундан ажралмайди.

23Қўйларингнинг аҳволини яхши бил, подаларингга яхши қара.

24Чунки бойлик ҳам, тож ҳам абадий эмас.

25Ўтлар қуриб, янги кўкатлар ўсиб чиққанда, қир–адирдаги ўт–ўланлар йиғиб олинганда,

26қўзилар кийим–кечагингни, эчкилар эса дала баҳосини қоплайди.

27Эчкиларнинг сути кўп, сенга ҳам, уй аҳлингга ҳам, ҳатто хизматкорларингга ҳам етарли.

cle>