Ҳикматлар 29:1-27 UZV2013 - Bible AI

1Танбеҳ олса ҳам ўжарлигича қоладиган одам бирданига ҳалокатга учрайди, шифо топмайди.

2Солиҳлар кўпайганда халқ севинади, фосиқ ҳукмрон бўлганда эса фиғон чекади.

3Доноликни севган ўғил отасини севинтиради, фоҳиша билан алоқада бўлган мол–мулкини барбод қилади.

4Шоҳ юртни адолат билан мустаҳкамлайди, совғани севадиган эса хароб қилади.

5Дўстига хушомад қилган одам ўз [1] оёқларига тузоқ қўйгандай бўлади.

6Фосиқнинг гуноҳи қопқон, солиҳ эса қўшиқ айтиб қувонади.

7Солиҳ ожизнинг ҳақ–ҳуқуқини билади, фосиқда эса бундай тушунча ҳам йўқ.

8Мазах қилувчилар шаҳарда тўполон қилади, донолар эса ғазабни тинчлантиради.

9Доно аҳмоқ билан судлашганда, аҳмоқ аччиқланса ҳам, кулса ҳам ҳаловат нима билмайди.

10Қонхўр покдил инсондан нафратланади, тўғрининг жонини олмоқчи бўлади [2].

11Нодон бор жаҳлини тўкиб солади, доно эса ичида сақлайди.

12Ҳукмдор ёлғонга қулоқ солса, барча хизматкорлари фосиқ бўлади.

13Золим билан ожизнинг бир ўхшашлиги бор: икковига ҳам Эгамиз кўз нури берган.

14Шоҳ камбағални адолат билан ҳукм қилса, унинг тахти абадий мустаҳкам туради.

15Қамчи билан насиҳат ақл беради, ўз ҳолига ташлаб қўйилган бола эса онасига уят келтиради.

16Фосиқ кўпайганда гуноҳ ҳам кўпаяди, солиҳ эса фосиқнинг ҳалокатини кўради.

17Фарзандингга [3] тарбия бер: у сенга ором беради, қалбингни шодликка тўлдиради.

18Ваҳий бўлмаса эл–юрт йўлдан озади, Худонинг қонунига амал қилган бахтлидир!

19Қул фақат сўз билан тарбияланмайди, сўзни тушунса ҳам амал қилмайди.

20Шошилиб гапирадиганни кўрганмисан? Ундан кўра, нодонда умид кўпроқ.

21Қулни ёшлигидан эркалатиб ўстирса, оқибатда хўжайинига қайғу бўлади [4].

22Сержаҳл одам жанжал чиқаради, серзарда эса кўп гуноҳ қилади.

23Одамнинг мағрурлиги уни паст қилади, камтарин эса иззат–ҳурмат топади.

24Ўғрига шерик бўлган ўз жонини ёмон кўради, у танбеҳ эшитса ҳам чурқ этмайди.

25Одамдан қўрқиш тузоққа илинтиради, Эгамизга умид боғлаган эса хавф–хатардан холи бўлади.

26Ҳукмдор марҳаматини қидирган кўп, лекин инсонни ҳукм қиладиган Эгамиздир.

27Фосиқ солиҳга жирканч, тўғри юрадиган эса фосиққа жирканчдир.

cle>