1Ўғлим [1], сўзларимни унутма, амрларимни юрагингда сақла.
2Улар умрингга умр қўшади, ҳаётинг тинч бўлади.
3Абадий севгини асло тарк этма. Бўйнингга маржон қилиб тақиб ол, юрагинг қаърига ёзиб қўй.
4Шунда Худонинг ҳам, одамларнинг ҳам меҳрини қозонасан, Улардан иззат–ҳурмат топасан.
5Ўз ақл–идрокингга суянма, бутун қалбинг билан Эгамизга ишон.
6Ҳар ишингда Эгамизни эътироф эт, шунда У йўлларингни тўғрилайди [2].
7Ўзингни доно ҳисоблама. Эгамиздан қўрқ [3]. Ёмонликдан юз ўгиргин.
8Шундай қилсанг жисминг соғ, жонинг эса омон бўлади.
9Ўз бойлигинг, биринчи ҳосилинг билан Эгамизни улуғла.
10Шунда омборинг тўлиб–тошади, янги шаробинг етиб ортади.
11Ўғлим, Эгамизнинг тарбиясини рад қилмагин, Унинг танбеҳидан руҳинг тушиб кетмасин.
12Ота яхши кўрган фарзандини [4] жазолагандек, Худо [5] ҳам севганини жазолайди [6].
13Доноликка эришган, ақл–идрок топган қандай бахтлидир!
14Чунки унинг нафи кумушдан, фойдаси эса олтиндан ҳам афзалроқдир.
15У жавоҳирлардан ҳам азиздир, сен тилаган бирор нарса Унга тенг келмайди.
16Унинг ўнг қўлида узоқ умр, чап қўлида эса бойлик ва шон–шуҳрат бор.
17Йўли — шодлик йўли, барча сўқмоқлари тинчдир.
18Донолик уни ушлаб турганлар учун ҳаёт дарахти кабидир, Уни асраганлар эса бахтлидир.
19Эгамиз донолик билан ерни яратди, ақл–идроки билан осмонни ўз ўрнига жойлаштирди.
20Унинг ақли билан чуқурликлар бўлинган, булутлардан шудринг тушган.
21Ўғлим, донолик ва фаҳм–фаросатни маҳкам ушла, назарингдан қочирмагин.
22Ўшанда улар жонингга ҳаёт бахш этади, бўйнингга безакдай бўлади.
23Йўлингда эсон–омон юрасан, оёғинг эса қоқилмайди.
24Бехавотир ётасан, уйқунг ширин бўлади.
25Бехосдан келадиган офатдан қўрқма. Ёвуз ҳужум қилганда ҳам қўрқма.
26Чунки Эгамиз ёнингда бўлади, сени қоқилишдан асрайди.
27Яхшилик қилиш қўлингдан келса, муҳтожлардан ёрдамингни аяма.
28Ўзингда бор бўлса, қўшнингга “кечроқ кел”, “эртага бераман”, деб айтма.
29Сенга ишониб, ёнингда тинчгина яшаётган қўшнингга қарши ёмон ният қилма.
30Сенга ёмонлик қилмаган одам билан сабабсиз уришма.
31Зўравонга ҳасад қилма, у қиладиган ишларни қилма.
32Чунки Эгамизга ёвузлар жирканчдир, У тўғри одамга яқин бўлади.
33Фосиқнинг уйи Эгамизнинг лаънатига, солиҳнинг уйи эса қут–баракага тўлади.
34У мазах қилувчиларни мазах қилади, камтарга эса иноят қилади.
35Донолар шон–шуҳратга эришадилар, нодонлар эса шармандаликка дучор бўладилар.