1Ўғлим [1], донолигимга эътибор бер, ақл–идрокимга қулоқ сол,
2токи фаҳм–фаросатинг йўқолмасин, билиминг сақлансин.
3Бузуқ аёлнинг тилидан бол томади, сўзлари — малҳамдай юмшоқ,
4аммо оқибати заҳардай аччиқ, ханжардай ўткирдир.
5Оёқлари ўлим томон юради, қадамлари ўликлар диёрига [2] етаклайди.
6У ҳаётга олиб борадиган йўлга эътибор бермайди, йўллари беқарор, ўзи буни билмайди.
7Ўғлим [3], менга қулоқ сол, сўзларимдан чиқма.
8У аёлдан узоқроқ юр, унинг эшигига яқинлашма.
9Бўлмаса ўз обрўингни бегоналарга, ҳаётингни эса ёвузларга берасан.
10Бойлигингдан бегоналар баҳраманд бўлади, меҳнат билан топган мол–мулкинг ўзгаларнинг уйида бўлади.
11Умринг охирида, вужудингу танангдан асар қолмагач, фарёд қиласан.
12Ўшанда шундай дейсан: “Мен интизом ва танқиддан қанчалик нафратланар эдим–а,
13На устозларимга, на насиҳат берганларга қулоқ солибман.
14Ана, оқибат жамоа ичида ҳалокат қирғоғига келиб қолдим.”
15Ўз сардобангдаги, ўз қудуғингдаги сувни [4] ичавер.
16Булоқларинг ташқарида, ирмоқларинг кўчада оқсинми?
17Уни бегоналар билан баҳам кўрма, фақат ўзингники бўлсин.
18Булоғинг сувлари муборак бўлсин, кўз очиб кўрганинг билан қувонгин.
19Жозибали оҳу ва гўзал кийик! Унинг оғуши сени қониқтирсин, доим унинг севгиси билан қаноатлангин.
20Нега энди, ўғлим, бегона хотинни кўнглинг қўмсайди? Нимага бегона аёлнинг оғушини қучасан?
21Инсоннинг хатти–ҳаракатлари Эгамизнинг кўзи олдида, одамнинг барча ишларини кузатиб туради.
22Фосиқнинг ишлари унинг ўзини ушлайди, гуноҳлари эса занжирга солади.
23У интизомсизлигидан ўлади, аҳмоқлиги туфайли йўлдан озади.