Ҳикматлар 7:1-27 UZV2013 - Bible AI

1Ўғлим [1], сўзларимни асра, амрларимни дилингда сақла.

2Амрларимни сақлаб яша, таълимотимни кўз қорачиғингдек асра.

3Уларни бармоғингга боғла, юрагинг қаърига ёзиб қўй.

4Доноликни синглим, ақл–идрокни эса қардошим деб атагин.

5Улар сени зинокордан, тилёғлама бузуқ аёлдан асрайди.

6Уйимнинг дераза панжараси ортидан қарадим,

7содда [2] ёшларнинг орасида, бир ақлсиз йигитни кўриб қолдим.

8Йигит кўчадан ўтиб, зинокор аёлнинг уйи томон кетаётган эди.

9Оқшом. Кеч. Тун қоронғи эди.

10Шунда фоҳишага ўхшаб кийинган, маккор ниятли аёл уни кутиб олгани чиқди.

11У шаллақи, ўжар, ҳеч қачон уйида турмайди.

12Бир қарасанг кўчада, бир қарасанг майдонда, яна бир қарасанг ҳар хил бурчакда турган бўлади.

13У йигитни қучоқлаб, ўпиб, беномусларча шундай деди:

14“Бугун қурбонлик келтирдим, ваъдаларимни бажардим [3].

15Шунинг учун сени кутиб олишга чиқдим, сени қидириб топдим.

16Ўрнимни Мисрдан келтирилган рангли мато билан безадим.

17Мирра, долчин, хушбўй атирлар сепдим.

18Қани, юр, тонгга қадар куёв–келиндай роҳат қилайлик, ҳузур–ҳаловат қилайлик.

19Эрим ҳозир уйда эмас, узоқ сафарга кетган.

20Бир ҳамён кумуш танга олиб кетган, ой тўлмагунча қайтиб келмайди.”

21Кўп ширин сўзлар ва мулойим гаплар билан у йигитни йўлдан урди.

22Йигит ўша заҳотиёқ, қушхонага кетаётган ҳўкиздай, тузоққа оёқ қўяётган кийикдай [4] унинг орқасидан эргашди.

23У тузоққа кираётган қушдай, найза жигарига тегмагунча ҳаётини йўқотишини билмайди.

24Ўғилларим, менга қулоқ солиб, сўзларимга эътибор беринглар.

25Юрагингиз ўша аёлнинг йўлига бурилмасин, унинг сўқмоқларида адашманг.

26У кўпларни ҳалок қилди, қурбонлари ҳам кўп.

27Унинг уйи ўликлар диёрига [5] етакловчи йўлдир, ўлимга олиб боради.

le>