1Донолик [1] чорламайдими?! Идрок овозини баланд қилиб чақирмайдими?!
2Қир–адирларда, йўл бўйларида, чорраҳаларда,
3шаҳар дарвозаларида [2], эшиклар олдида туриб жар солади:
4“Эй, инсонлар, сизларни чақиряпман, одамзодга гапирмоқдаман.
5Соддалар [3], фаҳм–фаросатли бўлинг, сиз, нодонлар, эса идрокли.
6Қулоқ солинг, мен аъло гапларни гапираман, ростини айтаман.
7Чунки тилим ҳақиқатни гапиради, фосиқликдан эса нафратланади.
8Ҳамма сўзларим тўғридир, уларда на эгрилик, на бузуқлик бор.
9Фаросатлиларга равшан, билим оладиганларга эса тўғридир.
10Кумуш ўрнига насиҳатларимни, олтин ўрнига эса илм–маърифатни танланг.
11Чунки донолик қўҳинурдан аълороқдир, ҳеч қандай шодлик У билан тенглаша олмайди.
12Мен, Донолик [4], ақл–идрок билан яшайман, билим ва фаҳм–фаросат мендадир.
13Эгамиздан қўрқиш [5] ёмонликдан нафратланиш демакдир. Мен мағрурлик ва манманликдан, ёвузлик ва бузуқ тилдан нафратланаман.
14Менда маслаҳат ва ҳақиқат бор, Мен идрокман, қуввату куч ҳам Мендадир.
15Шоҳлар мен орқали ҳукм сурадилар, ҳукмдорлар тўғри қонунлар чиқарадилар.
16Мен орқали раҳбарлар бошқарадилар, амалдор ва барча одил ҳакамлар ҳукм чиқарадилар.
17Ким Мени севса ўшани севаман, астойдил излаганлар Мени топадилар.
18Бойлик, шуҳрат, битмас–туганмас хазина, фаровонлик Мендадир.
19Менинг ҳосилим тоза олтиндан ҳам, танланган кумушдан ҳам яхшироқ.
20Мен тўғри йўлдан, адолат сўқмоқларидан юраман.
21Мени севганлар бойликни мерос қилиб оладилар, уларнинг хазинасини тўлдираман.
22Эгамиз ишини бошламасидан олдин, Ўз ишларининг бошида Менга эга эди.
23Қадимдаёқ, энг бошида, дунё яратилмасдан олдин, Мен тайинланган эдим.
24Тубсиз денгизу, бепоён уммон, ё бирорта булоқ кўз очмай туриб, Мен дунёга келтирилганман.
25Тоғу тош, қир–адир барпо бўлмасдан олдин Мен таваллуд топганман.
26У ҳали на ер, на далаларни, на ернинг тупроғини яратган эди.
27Худо осмонни яратганда, бепоён уммон узра фалакни барпо этганда, Мен ўша ерда эдим.
28Осмонга булутларни жойлаб, денгизларни сув билан тўлдирган чоғда,
29У сув тошиб кетмасин деб амр берганда, ерга асос солганда [6],
30Мен унинг ёнида мусаввир эдим, қошида кундан–кунга завқланиб, доимо қувонардим.
31Дунёда, Унинг ерида одамзод билан хурсанд бўлардим.
32Ўғилларим, менга қулоқ солинглар, йўлимдан юрганлар бахтлидир.
33Панд–насиҳатларимни тинглаб доно бўлинглар, уни рад этманглар.
34Ҳар кун остонамда кутиб, эшигимни пойлаб, сўзларимга қулоқ соладиган бахтлидир.
35Чунки Мени топган ҳаёт топади, Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлади.
36Кўздан йўқотган ўзига зарар етказади, Мендан нафратланган ўлимни севади.”