1 Бутрус 5:1-14 UZV2013 - Bible AI

1Эй жамоат оқсоқоллари, энди сизларга бир насиҳатим бор. Мен ҳам сизларга ўхшаган оқсоқолман. Масиҳ чеккан азоблари ҳақида шаҳодат берувчи ва зоҳир бўладиган улуғворлигининг иштирокчиси сифатида сизлардан ўтинаман:

2Худонинг назоратингиздаги сурувини яхши боқинглар. Бу хизматни мажбур бўлганингиз учун эмас, балки чин кўнгилдан, Худога манзур тарзда бажаринглар. Шунчаки пулпарастлик мақсадида эмас, самимият билан ижро этинглар.

3Қўлингиз остидаги сурувга ўз ҳукмингизни ўтказмай, уларга ўрнак бўлинглар.

4Ана шунда, Бош Чўпонимиз — Масиҳ зоҳир бўлганда, сизларга сўлмас, улуғворлик тожи берилади.

5Эй ёшлар, оқсоқолларга итоат этинглар. Ҳаммангиз ёшмисиз, қаримисиз, ўзингизни камтар тутиб, бир–бирингизга хизмат қилинглар. Зеро, Худо мағрурларга қарши чиқади, камтарларга эса иноят қилади.

6Шундай экан, Худонинг қудратли қўли остида ўзингизни камтар тутинглар. У Ўз вақтида сизларни юксалтиради.

7Барча ташвишингизни Худога топширинглар, чунки У ҳамиша сизларга ғамхўрлик қилади.

8Ҳушёр ва бедор бўлинглар! Душманингиз бўлган иблис шердай бўкириб, бировни ютиб юбориш учун изғиб юрибди.

9Иблисга мустаҳкам имон билан қарши туринглар. Шуни билингларки, бутун дунёдаги имонли биродарларингиз сизлар каби азобларга дучор бўлмоқдалар.

10Гарчи сизлар бу қисқа ҳаётда азоб чекиб яшасангизлар ҳам, Худонинг Ўзи сизларга мадад бериб, барчангизни баркамол, саботли, куч–қудратли ва мустаҳкам қилади. Ахир, иноятга бой Худо Исо Масиҳ орқали сизларни Ўзининг абадий улуғворлигига шерик қилиш учун даъват этган.

11Қудратли Худога абадулабад ҳамдлар бўлсин. Омин.

12Мен бу қисқа мактубимни Силаснинг ёрдами билан ёздим. Уни ишончли биродар деб биламан. Мактубимда сизларга насиҳат қилиб, Худонинг ҳақиқий инояти ҳақида ёздим. Имонда собит қолишингиз учун Унинг бу иноятига таянинглар.

13Сизлар каби танланган Бобилдаги имонлилар жамоати ва менга ўғилдай бўлиб қолган Марк сизларга салом йўлламоқдалар.

14Бир–бирингизга меҳр–муҳаббат кўрсатиб, ўпишиб кўришинглар. Масиҳга тегишли бўлган ҳаммаларингиз тинч–омон бўлинглар.

e>