1 Солномалар 18:1-17 UZV2013 - Bible AI

1Бирмунча вақт ўтгач, Довуд яна Филистларга ҳужум қилиб, уларни мағлуб қилди. Гат шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқларни Филистлардан тортиб олди.

2Сўнг Мўаб халқини ҳам мағлуб қилди. Мўаб халқи Довудга қарам бўлиб, ўлпон тўлайдиган бўлишди.

3Зўво шоҳи Ҳададзар Фурот дарёси бўйларига юриш қилиб, ўша ерларда ўз ҳокимиятини ўрнатмоқчи бўлган бир пайтда Довуд унга ҳужум қилди. Довуд Ҳададзарни Хомат шаҳри ёнида тор–мор этди.

4Ҳададзарнинг 1.000 жанг аравасини, 7.000 отлиқ ва 20.000 пиёда сипоҳини асирга олди. Ўзининг 100 жанг араваси учун керакли отларни қолдириб, бошқа ҳамма отларни майиб қилди.

5Дамашқдаги Орам халқи Зўво шоҳи Ҳададзарга ёрдамга келган эди, Довуд улардан 22.000 кишини ўлдирди.

6Сўнг Дамашқдаги Орам халқининг шаҳарларига ўзининг қўнолғаларини жойлаштирди. Орам халқи ҳам Довудга қарам бўлиб, ўлпон тўлайдиган бўлди. Шундай қилиб, Довуд қаерга бормасин, Эгамиз уни зафарга эриштирди.

7Довуд Ҳададзарнинг аъёнлари кўтариб юрадиган олтин қалқонларни тортиб олиб, Қуддусга келтирди.

8Яна Ҳададзарнинг қўли остидаги шаҳарлари бўлган Тивхат ва Хундан кўп бронза олиб кетди. Кейинчалик Сулаймон бу бронзадан ҳовуз, устунлар ва ҳар хил ашёлар ясаттирди.

9Хомат шоҳи Тўву “Довуд Ҳададзарнинг ҳамма лашкарини мағлуб қилибди”, деган хабарни эшитиб қолди.

10Тўву шоҳ Довуднинг ҳузурига ўғли Ҳадорамни юбориб, қутлади, жангда Ҳададзардан ғолиб келгани учун Довудни олқишлади. Тўву Ҳададзар билан узоқ вақтдан бери уришиб келарди. У Довудга олтин, кумуш, бронза идишларни тортиқ қилиб юборди.

11Шоҳ Довуд бу инъомларни бошқа юртлардан — Эдом, Мўаб, Оммон, Филист ва Омолекдан тортиб олиб келган олтину кумушлар билан бирга Эгамизга назр қилди.

12Зеруя ўғли Абушай Туз водийсида Эдом халқидан 18.000 кишини ҳалок қилди.

13У Эдом юртига ўз қўнолғаларини жойлаштирди. Эдом халқи Довудга қарам бўлди. Довуд қаерга борса, Эгамиз уни зафарга эриштирди

14Довуд бутун Исроилда шоҳлик қилар экан, халқини одиллик билан бошқарарди.

15Зеруя ўғли Йўаб — лашкарбоши, Охилуд ўғли Ёҳушафат мушовир эди.

16Охитоб ўғли Зодўх билан Абуатар ўғли Охималек — руҳоний, Шавшо мирза эди.

17Ёҳайидо ўғли Бинаё Харетлик ва Палатлик қўриқчиларнинг бошлиғи эди. Довуднинг ўғиллари саройда юксак лавозимдаги аъёнлар эдилар.

rticle>