1 Солномалар 19:1-19 UZV2013 - Bible AI

1Орадан бир қанча вақт ўтгач, Оммон шоҳи Нахош оламдан ўтиб, ўрнига ўғли Ханун шоҳ бўлди.

2Довуд: “Нахош менга содиқ эди, мен ҳам унинг ўғли Ханунга содиқ бўлайин”, деб кўнглидан ўтказди. Шундай қилиб, Довуд Ханунга отаси вафоти муносабати билан тасалли бериш учун ўз элчиларини жўнатди.

2Довуднинг элчилари Ханунга тасалли бергани Оммон юртига боришгач,

3Оммон беклари Ханунга шундай деб ўргатишди: “Довуд бу одамларини отангиз ҳурмати учун жўнатган, деб ўйлайсизми? Йўқ, бу элчилар сизнинг ҳузурингизга ёмон ният билан келишган, улар юртни кузатиб, текшириб, кейин қўлга киритишмоқчи.”

4Шу гапдан сўнг Ханун Довуднинг элчиларини ушлади, уларнинг соқолларини қирдириб, кийимларини сонларигача кестириб, орқага қайтариб юборди.

5Элчилар қайтиб кетишди. Довуд бу воқеани эшитди–ю, элчиларини кутиб олиш учун одамлар жўнатди. Элчилар жуда шармандали аҳволда қолган эдилар. Шоҳ ўша элчиларига: “Соқолингиз ўсгунча Ерихода қолинглар, кейин менинг олдимга қайтиб келинглар”, деб айттириб юборди.

6Оммон халқи: “Энди Довуднинг ғазабига дучор бўлдик”, деб ўйладилар. Шунинг учун Ханун ва Оммон халқи Орам–Нахрайимдан, Орам–Маходан ва Зўво шоҳликларидан жанг аравалари ва отлиқлар ёллаш учун 2.000 пуд кумуш юбордилар.

7Ханун 32.000 жанг аравани ва Махо шаҳри шоҳини лашкари билан ёллади. Махо шоҳи келиб, Мидаво шаҳри ёнида қароргоҳ қурди. Оммон халқи ҳам ўз шаҳарларидан чиқиб, жангга отланди.

8Довуд бу хабарни эшитди–ю, лашкарбоши Йўаб бошчилигида қўриқчиларининг ҳаммасини урушга сафарбар қилди.

9Оммон лашкари шаҳар дарвозаси олдида Довудга қарши саф тортди. Ёрдамга келган шоҳлар ҳам ялангликда, алоҳида саф тортдилар.

10Йўаб ғаним тўдалари орқаю олдиндан ҳужум қилаётганини кўриб, Исроилнинг сараланган сипоҳларидан танлаб олди–да, Орам лашкарларига қарши сафлантирди.

11Қолганларига эса укаси Абушайни бош қилиб, Оммонларга қарши шай қилиб қўйди.

12Йўаб Абушайга:

12— Орам лашкари мендан устун келса, сен ёрдамга келасан, — деди. — Борди–ю, Оммонлар сендан баланд келса, мен ёрдамга бораман.

13Бардам бўл! Халқимиз ва Худойимизнинг шаҳарлари учун мардларча кураш олиб борайлик. Эгамизнинг хоҳиш–иродаси бажо бўлсин.

14Йўаб бошчилигидаги сипоҳлар Орам лашкарига қарши ташландилар. Орам лашкари эса уларнинг олдига тушиб қочиб қолдилар.

15Уларнинг қочганини кўрган Оммонлар ҳам Йўабнинг укаси Абушайдан қочиб, шаҳарга беркиндилар. Шундан кейин Йўаб Қуддусга қайтиб кетди.

16Орам лашкари Исроил лашкаридан енгилганини англаб етгач, хабарчилар юбориб, Фурот дарёсининг нариги томонида турган ўз лашкарини чақиртириб келдилар. Уларга лашкарбоши қилиб, Шоҳ Ҳададзар лашкарининг қўмондони Шўфахни тайинладилар.

17Довуд бу воқеани эшитиб, жамики Исроил лашкарини йиғди. Иордан дарёсини кечиб ўтиб, Орам лашкарига қарши саф тортди. Орам лашкари ҳужумга ўтди.

18Аммо улар бу сафар ҳам Исроил лашкарининг олдига тушиб қочиб қолишди. Довуд Орам лашкарининг 7.000 жанг араваси аравакашини ва 40.000 сипоҳини ўлдирди. Ҳададзарнинг лашкарбошиси Шўфах ҳам Довуднинг қўлидан ҳалок бўлди.

19Шундай қилиб, Ҳададзарнинг қўли остидаги шоҳлар Исроил дастидан мағлубиятга учраганларини кўриб, Довуд билан сулҳ тузишга мажбур бўлишди. Улар Довудга қарам бўлиб қолишди. Шундан кейин Орам халқи Оммон халқига ёрдам беришдан бош тортадиган бўлди.

rticle>