1 Солномалар 21:1-30 UZV2013 - Bible AI

1Иблис Исроилга қарши қўзғалиб, Довудни Исроил халқини санаб чиқишга ундади.

2Довуд Йўабга ва лашкарбошиларга шундай буйруқ берди:

2— Боринглар, Бэршэвадан Дангача бўлган жойларни кезиб, Исроил халқини санаб чиқинглар. Менга натижасини олиб келинглар, токи қанча аҳоли борлигини мен билайин.

3Лекин Йўаб шундай деди: Эгам халқнинг ҳозирги сонини юз карра кўпайтирсин! Эй шоҳ ҳазратлари, бу халқнинг ҳаммаси сизнинг қулларингиз эмасми?! Нечун ҳазратим халқни санашга эҳтиёж сезиб қолдилар?! Нечун Исроилга гуноҳ орттирмоқчилар?!

4Лекин Йўаб сўзидан шоҳнинг сўзи устун келди. Йўаб бориб, бутун Исроил юртини кезиб чиқди. Сўнгра Қуддусга қайтиб келди.

5Йўаб рўйхат натижасини Довудга маълум қилди. Бутун Исроилда жанг қилишга қодир 1.100.000, Яҳудода эса жанг қилишга қодир 470.000 одам бор экан.

6Йўаб Леви қабиласи билан Бенямин қабиласини рўйхатга киритмаган эди, чунки шоҳнинг бу буйруғидан у тамом норози эди.

7Халқ рўйхатга олингани Худога ҳам маъқул келмади. У Исроил халқини жазолади.

8Шунда Довуд:

8— Бу ишни қилиб оғир гуноҳга ботдим, ақлсизларча иш тутдим. Ўтинаман, бу қулингнинг гуноҳини кечир, — деб Худога илтижо қилди.

9Довуднинг пайғамбари Гадга Эгамиз деди:

10“Бориб Довудга шу гапларни етказ:

10— Эгам шундай айтмоқда: Мен сенга учта жазони таклиф қиламан, шулардан биттасини танла, кейин сенга ўша жазони юбораман.”

11Гад Довуднинг ҳузурига бориб, унга шундай деди: — Эгамиз айтмоқда: “Оладиган жазоингни ўзинг танла.

12Уч йил очарчилик бўлсинми? Ёки уч ой давомида душманларинг сени таъқиб қилиб, қирсинми? Ёки Эгамнинг Ўзи сенга уч кун давомида қиличи билан ҳужум қилиб, Ўз фариштаси орқали бутун юртни ўлатга гирифтор қилсинми?” Мени Юборганга нима деб жавоб берайин?

13— Мен жуда оғир аҳволда қолдим–ку, — деди Довуд Гадга. — Нима бўлса ҳам, одамзоднинг қўлига тушмайин. Майли, Эгамнинг Ўзи мени жазоласин, чунки У ғоят раҳмдил.

14Шундай қилиб, Эгамиз Исроил юртига ўлат юборди. Натижада Исроил халқининг етмиш мингтаси нобуд бўлди.

15Худо Қуддусни вайрон қилиш учун бир фариштани юборди. Лекин фаришта шаҳарни вайрон қилмоқчи бўлиб турганда, Эгамиз раҳм қилиб, бало–қазо жўнатмайдиган бўлди. Халқни қираётган фариштага: Эгамизнинг фариштаси ўша пайтда Қуддусда — Ёбус халқидан бўлган Ўрнан исмли одамнинг хирмонида турган эди.

15— Бўлди, бас! Етади! — деб амр берди.

16Довуд қараса, Эгамизнинг фариштаси ер билан осмон ўртасида, қўлидаги яланғочланган қиличини Қуддус томон чўзиб турган экан. Шунда қанор кийган Довуд ва оқсоқоллар мук тушдилар.

17— Халқни санашга амр берган менман–ку, — дея ёлворди Худога Довуд. — Гуноҳ қилган менман, мен айбдорман! Қўйдай беозор бу инсонлар нима айб қилибди? Эй Эгам Худо, ғазабингни менга ва отам хонадонига соча қол! Халқингни эса ўлатдан халос эт.

18Шундан кейин Эгамизнинг фариштаси Гадга: — Довудга бориб айт: у Ёбус халқидан бўлган Ўрнаннинг хирмонига бориб, ўша ерда Менга атаб бир қурбонгоҳ қурсин, — деб буюрди.

19Гад Эгамизнинг номидан гапирган эди, Довуд Гаднинг сўзига кириб, хирмонга борди.

20Ўша пайти Ўрнан билан унинг тўрт ўғли буғдой янчиётган эдилар. Бирданига улар фариштани кўриб қолдилар. Ўғилларнинг тўртталаси ҳам қочиб яшириниб олдилар.

21Худди ўша заҳоти Довуд ҳам хирмонга яқинлашиб қолган эди. Ўрнан Довудни кўриши биланоқ хирмондан чиқиб, ерга мук тушиб таъзим қилди.

22Довуд Ўрнанга айтди:

22— Менга хирмонингни тўлиқ нархига сот, мен Эгамга қурбонгоҳ қурмоқчиман, токи ўлат халқдан даф бўлсин.

23— Олаверинг, — дея жавоб берди Ўрнан. — Шоҳ ҳазратлари нимани маъқул кўрсалар, хирмон билан шуни қилсинлар. Мана, куйдириб қурбонлик қилишлари учун ҳўкизларимни бераман, ўтин учун хўптирим бор, дон назри учун буғдойим ҳам тайёр. Ҳаммасини олаверинг.

24— Бўлмайди! — деди шоҳ Довуд. — Сендан бу нарсаларни тўлиқ нархига сотиб оламан. Сенинг нарсаларингни Эгам учун олмайман. Текин тушган қурбонликларни Эгам Худога куйдириб назр қилмайман.

25Довуд Ўрнанга хирмон учун олти юз олтин танга берди.

26Довуд ўша ерда Эгамизга атаб қурбонгоҳ қуриб, куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликларини атади. Сўнгра Эгамизга илтижо қилди. Эгамиз унинг илтижосига жавоб бериб, қурбонгоҳ устига осмондан олов туширди.

27Шундан сўнг Эгамиз фариштага: “Қиличингни қинига қайтариб солиб қўй!” деб амр берган эди, фаришта итоат этди.

28Довуд қилган илтижосига Эгамиздан жавоб олганини кўргач, Ўрнаннинг хирмонида яна қурбонликлар келтирди.

29Мусо саҳрода ясаган Эгамизнинг чодири ва қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳ ўша пайтда Гивондаги саждагоҳда жойлашган эди.

30Аммо Довуд Худога илтижо қилгани у ерга бормаганди. Чунки у Эгамизнинг фариштаси қиличидан қўрққан эди.

rticle>