1 Солномалар 29:1-30 UZV2013 - Bible AI

1Шоҳ Довуд бутун жамоага шундай деди:
“Худо танлаган ўғлим Сулаймон ҳали ёш, тажрибасиз, қиладиган иши эса улкандир, чунки бу кошона инсон учун эмас, балки Эгамиз Худо учундир.

2Эгамиз уйининг қурилиши учун мен қўлимдан келганича олтин, кумуш, бронза, темир, ёғоч, ақиқ тошлар, безак учун фируза тошлар, ранго–ранг тошлар, ҳар хил қимматбаҳо тошлар ва мармар йиғдим.

3Энди эса, Худойимнинг уйига бўлган садоқатимни кўрсатиб, буларга қўшимча қилган ҳолда шахсий хазинамдаги олтин ва кумушни бераман.

4Мен бераётган мана бу 6.000 пуд Офир олтинини ва 14.000 пуд тоза кумушни биноларнинг деворларини қоплаш учун

5ҳамда ҳунармандлар ясайдиган ашёлар учун ишлатинглар. Қани, яна ким бугун Эгамизга ўз садоқатини кўрсатмоқчи? Ким Маъбаднинг қурилишига назрлар бермоқчи?”

6Шунда уруғбошилар, қабила йўлбошчилари, мингбошилар, юзбошилар ва шоҳнинг аъёнлари кўнгилдан чиқариб назрлар бердилар.

7Улар Худо уйининг қурилиши учун 10.000 пуд олтин, 10.000 драхма олтин, 20.000 пуд кумуш, 36.000 пуд бронза ва 200.000 пуд темир назр қилдилар.

8Кимда қимматбаҳо тошлар бўлса, уларни Эгамизнинг уйи хазинасига бердилар. Хазинага Гершон наслидан бўлган Ёхиёл масъул эди.

9Одамлар йўлбошчиларнинг берган бу ҳадялари учун севиндилар, чунки улар кўнгилдан чиқариб берган бу назрларини якдиллик билан Эгамизга келтирган эдилар. Шоҳ Довуд ҳам жуда хурсанд бўлди.

10Довуд бутун жамоанинг кўзи олдида Эгамизга ҳамду сано ўқиди:
“Эй бобомиз Ёқубнинг Худоси — Эгамиз! Сенга то абад ҳамду санолар бўлсин!

11Эй Эгамиз! Сен буюк, қудратли, шуҳратли, салобатли ва улуғдирсан. Зотан еру осмондаги барча нарса Сеникидир. Эй Эгамиз! Сен Шоҳсан. Сен ҳар нарсадан юксаксан.

12Бойлик ва шон–шарафнинг манбаи Сенсан. Ҳа, Сен ҳамма нарса устидан ҳукмронсан. Куч–қудрат эгаси Ўзингсан. Одамларни юксалтирадиган, уларга куч берадиган Сенсан.

13Энди, эй Худойимиз, биз Сенга шукрлар айтамиз, Сенинг улуғ номингни мадҳ қиламиз.

14Лекин мен ким бўлибман, менинг халқим нима бўлибдики, биз кўнгилдан чиқариб Сенга назр қила оладиган бўлсак? Ахир, ҳамма нарса Сендан келган! Биз бугун бор–йўғи Сенинг нарсангни Ўзингга қайтариб бердик, холос.

15Биз Сенинг олдингда, ота–боболаримиз сингари мусофиру меҳмонмиз. Бизнинг умримиз соядай изсиз ўтиб кетади.

16Эй Эгамиз Худо! Биз Сенинг муқаддас исмингга атаб уй барпо қилиш учун йиққан мана шу бойликларнинг ҳаммаси Сендан келган. Ҳа, ҳаммаси Ўзингникидир.

17Эй Худойим! Биламан, Сен юракни синайсан, тўғри одамдан хушнуд бўласан. Мана шу назрларни мен Сенга чин дилдан, кўнглимдан чиқариб бердим. Ҳозир эса шу ерда турган халқинг ҳам назрларини Сенга хурсандчилик билан атаганини кўрдим.

18Эй ота–боболаримиз Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси — Эгамиз! Халқингнинг юрагидаги бу нияту мақсадларини то абад сақла, уларнинг юрагини Ўзингга бур.

19Ўғлим Сулаймон Сенинг амрларинг, шартларинг ва қонунларингга риоя қила олиши учун ва мен ҳозирлигини кўриб қўйган Маъбадни қура олиши учун унга кучли истак ато қилгин.”

20Шундан кейин Довуд бутун жамоага: “Эгамиз Худони олқишланг!” деди. Улар ота–боболарининг Худоси — Эгамизни олқишладилар. Унга таъзим қилиб, Эгамиз ва шоҳнинг олдида мук тушдилар.

21Эртаси куни улар минг бош буқа, минг бош қўчқор ва минг бош қўзини Эгамизга куйдириладиган қурбонлик қилдилар. Булар билан бирга шароб назрларини ва бутун Исроил халқи учун бир талай бошқа қурбонликларни келтирдилар.

22Ўша куни жамики Исроил халқи катта хурсандчилик билан Эгамиз ҳузурида еб–ичди.

22Улар Довуд ўғли Сулаймонни иккинчи марта шоҳ деб эълон қилдилар. Сўнг Сулаймон ва Зодўхнинг бошларига мой суртиб, Сулаймонни Эгамизнинг шаҳзодаси, Зодўхни эса руҳоний қилиб тайинладилар.

23Сулаймон Эгамизнинг тахтига ўтириб, отаси Довуднинг ўрнига шоҳ бўлди. У катта муваффақиятга эришди, бутун Исроил халқи унга итоат қилар эди.

24Барча йўлбошчилар, баҳодир жангчилар ва шоҳ Довуднинг ҳамма ўғиллари шоҳ Сулаймонга содиқ бўлишга сўз бердилар.

25Эгамиз Сулаймонни шу қадар юксалтирдики, бутун Исроил халқи уни ниҳоятда иззат қиладиган бўлди. Дарҳақиқат, Сулаймондан олдин ҳеч қандай шоҳ Исроилда бундай дабдабали шуҳратга эришмаган эди.

26Эссай ўғли Довуд бутун Исроил устидан шоҳ бўлган.

27У Исроилда қирқ йил шоҳлик қилди: шундан етти йили Хевронда, ўттиз уч йили Қуддусда ўтди.

28Довуд ёшини яшаб, ошини ошади, давлату шуҳрат орттириб, оламдан ўтди. Ўрнига ўғли Сулаймон шоҳ бўлди.

29Шоҳ Довуднинг бутун фаолияти, бошдан охиригача валий Шомуилнинг, пайғамбар Натаннинг ва валий Гаднинг қўлёзмаларида баён этилган.

30Довуднинг ҳукмронлиги даврида кўрсатган қаҳрамонликлари, Исроил халқининг ва ўзининг бошидан кечган воқеалар ҳамда атрофдаги шоҳликларда юз берган ҳодисалар ўша китобларга киритилган.

rticle>