1 Шоҳлар 1:1-28 UZV2013 - Bible AI

1Эфрайим қирларида жойлашган Рама [1] шаҳрида бир одам яшарди. Унинг исми Элқана бўлиб, Эфрайим қабиласининг Зуф уруғидан бўлган Ерохам деганнинг ўғли эди. Ерохам — Элихунинг ўғли, Элиху — Тўхунинг ўғли, Тўху — Эфрайим қабиласига мансуб бўлган Зуфнинг ўғли эди.

2Элқананинг Ханна ва Панинна исмли икки хотини бўлиб, Паниннанинг болалари бор эди–ю, Ханна бефарзанд эди.

3Элқана ҳар йили Сарвари Оламга сажда қилиб, қурбонлик келтирмоқ учун ўз шаҳридан Шилўга [2] борарди. Шилўда Элах деган одамнинг Хўфнах ва Финхаз деган икки ўғли бўлиб, улар Эгамизнинг руҳонийлари эдилар.

4Элқана қурбонлик қилган куни хотини Паниннага, ўғиллари билан қизларига бир улушдан [3] берса,

5Ханнага ҳам яхши жойидан бир улуш берарди [4]. Чунки Эгамиз Ханнани бепушт қилиб қўйган бўлса ҳам, Элқана уни яхши кўрарди.

6Ханнани Эгамиз бефарзанд қилиб қўйгани учун, кундоши Панинна Ханнага қаттиқ озор бериб хафа қиларди.

7Ҳар йили Ханна Эгамизнинг уйига [5] борганда ҳам шу воқеа юз берарди: кундоши Ханнани хафа қилар, у эса йиғлаб ҳеч нарса емасди.

8Эри Элқана эса:

8— Ханна, нега йиғлаяпсан, нимага овқат емаяпсан? — дерди. — Нимага бу қадар ғамгинсан? Сен учун мен ўнта ўғилдан ҳам афзал эмасманми?!

9Бир куни улар Шилўда еб–ичиб бўлганларидан кейин, Ханна ўрнидан турди. Руҳоний Элах Эгамизнинг Маъбади эшиги ёнидаги курсида ўтирган эди.

10Ханна дили хуфтон, аччиқ–аччиқ йиғлаб, Эгамизга ибодат қилиб

11шундай ваъда берди:

11— Эй, Сарвари Олам! Шу чўрингнинг қайғусига назар солиб ёдга олсанг, чўрингни унутмай, унга бир ўғил ато этсанг, ўша ўғлимни умрбод Сенга назр қилардим [6], унинг бошига устара тегмасди.

12Ханна Эгамиз ҳузурида узоқ вақт ибодат қилди. Элах эса унинг оғзига қараб турарди.

13Ханна ичида гапирар, овози эшитилмас, фақат лаблари қимирларди. Шунинг учун Элах Ханнани маст бўлса керак, деб ўйлади:

14— Қачонгача сархуш бўлиб юрасан?! Энди шаробдан воз кеч! — деди.

15— Йўқ, ундай эмас, ҳазратим, — деди Ханна. — Мен кўнгли ғамга тўла бир аёлман. На шароб ичганман, на бўза. Фақат юрагимдагини Эгамга тўкиб соляпман.

16Бу чўрингизни аллақандай ярамас хотин деб ўйламанг. Ғам–қайғуларим кўплигидан, шу пайтгача ибодат қиляпман.

17— Эсон–омон бор, — деди Элах. — Исроил халқининг Худоси тилагингни бажо келтирсин.

18— Мен, чўрингизни илтифотингизга сазовор билинг, — деди Ханна. Сўнг бориб овқат еди, энди чеҳраси ғамгин эмас эди.

19Эртасига улар тонг саҳарда туриб, Эгамизга сажда қилишди. Кейин Рамага — уйларига қайтиб келишди. Элқана хотини Ханна билан қовушди. Эгамиз Ханнага марҳамат қилди.

20Ханна ҳомиладор бўлди ва вақт–соати етиб ўғил туғди. “Уни Эгамиздан тилаб олдим”, деб отини Шомуил [7] қўйди.

21Элқана Эгамизга атаб йиллик қурбонлик маросимини ўтказиш ва ваъдасини адо этиш учун оиласи билан бирга Шилўга борди.

22Ханна бу сафар бормади. У эрига:

22— Гўдак кўкракдан чиққандан кейин [8] олиб бораман, у Эгамизнинг ҳузурида бўлади, умр бўйи ўша ерда қолади, — деди.

23— Сенга нима маъқул бўлса, шундай қилавер, — деди Элқана. — Гўдак кўкракдан чиққунча шу ерда бўл. Эгамиз Ўз ваъдасини бажо қилсин [9]. Ханна уйда қолиб, ўғли кўкракдан чиққунча, уни эмизди.

24Кичкинтой кўкракдан чиқди. Сўнг Ханна уч ёшли буқа [10], бир тоғора [11] ун ва бир меш шароб олиб, ўғлини Эгамизнинг Шилўдаги уйига олиб келди. Бола ҳали ёш эди.

25Буқани сўйишгандан кейин, болани Элахнинг олдига олиб келишди.

26— Эй, ҳазрат, мени эслайсизми? — деди Ханна. — Шу ерда, ҳузурингизда туриб Эгамга ибодат қилган ўша аёл менман.

27Мен мана шу бола учун Эгамга илтижо қилган эдим, Эгам тилагимни бажо қилди.

28Шунинг учун уни Эгамга бағишладим, умр бўйи Унга аталган бўлсин, дедим.

28Улар [12] шу ерда Эгамизга сажда қилдилар.

e>