1 Шоҳлар 19:1-24 UZV2013 - Bible AI

1Шоул ўғли Йўнатанга ва ҳамма аъёнларига, Довуд ўлдирилсин, деб фармон берди. Йўнатан эса Довудни жуда яхши кўрарди.

2— Отам Шоул сени ўлдирмоқчи, — деб у Довудни огоҳлантирди. — Эртага тонг пайти ҳушёр бўл, бирор жойга бориб яшириниб, жим ўтир.

3Мен эса сен яширинган далага чиқиб, отамнинг ёнида бўламан, сен тўғрингда у билан гаплашаман. Бирор хабар эшитсам, сенга етказаман.

4Йўнатан отаси Шоулга Довудни мақтаб шу гапларни айтди: — Шоҳ ўз қули Довудга қарши гуноҳ қилмасинлар. Чунки у сизга ҳеч қачон ҳақсизлик қилмаган. Ҳар бир иши билан сизга катта фойда келтирган.

5Жонини хавф остига қўйиб, Филистни ўлдирди, Эгамиз Довуд туфайли Исроил халқини катта зафарга эриштирди. Сиз буларни кўриб севиндингиз. Шундай экан, нега Довудни бекордан–бекорга нобуд қилмоқчисиз, бегуноҳнинг қонини тўкиб гуноҳ қилмоқчисиз?

6Шоул Йўнатаннинг гапларини англаб: — Худо шоҳид! Довуднинг жонига ҳеч ким қасд қилмайди, — деб онт ичди.

7Йўнатан Довудни чақиртириб келди ва бўлиб ўтган гап–сўзларни айтиб берди. Сўнг Довудни Шоулнинг ёнига бошлаб борди. Довуд эса илгаригидай шоҳнинг хизматига кирди.

8Шу орада яна уруш аланга олди. Довуд урушга кетди, у Филистлар билан жанг қилиб, уларга шундай қаттиқ зарба бердики, охири Филистлар Довуднинг олдига тушиб қочиб қолишди.

9Бир куни Шоул, найзаси қўлида, уйида ўтирарди, Довуд эса лира чалаётган эди. Шу пайт Эгамиз юборган ёвуз руҳ Шоулни чулғаб олди.

10Шоул найзаси билан Довудни деворга михлаб қўймоқчи бўлди, лекин Довуд чап бериб қолди. Шоулнинг найзаси деворга санчилиб қолди. Ўша тун Довуд яна қочиб қутулди.

11Шоул Довудни эрта тонгда тутиб ўлдирмоқчи бўлди, кузатиб туринглар, деб унинг уйига одамларини жўнатди. Хотини Михал Довудга: — Бу кеча қочиб қутулмасангиз, эрта тонгда сизни ўлдиришади, — деди.

12Шундай қилиб, Довудни деразадан чиқариб юборди. Довуд қочиб қутулди.

13Михал бутни [1] олиб, тўшакка ётқизди, бош томонига эса эчки жунидан қилинган ёстиқ ташлади, устини кўрпа билан ёпди.

14Шоул юборган одамлар Довудни тутиб олиб кетишга келишди.

14— Довуд касал, — деди Михал уларга.

15Сўнг Шоул одамларини яна жўнатиб: — Довудни ўз кўзларингиз билан кўринглар, уни тўшаги билан бу ерга олиб келинглар, ўлдираман, — деб буюрди.

16Шоулнинг одамлари уйга кирдилар. Қарасалар, тўшакда бут, бутнинг бош томонида эчки жунидан қилинган ёстиқ турибди.

17— Нимага мени алдаб, ғанимимни қочириб юбординг? — деб сўради Шоул Михалдан. — Довуд: “Қўйиб юбор мени, бўлмаса, сени ўлдираман”, деди, — деб жавоб берди Михал.

18Қочиб қутулган Довуд Рамада яшаётган Шомуилнинг ёнига кетди. Шоул унга нима қилган бўлса, ҳаммасини Шомуилга айтиб берди. Кейин Шомуил билан бирга Нойўт маҳалласига бориб, ўша ерда қолди.

19Довуд Раманинг Нойўт маҳалласида экан, деган хабар Шоулга етиб келди.

20Шоул: “Довудни тутиб келинглар”, деб одамларини ўша ерга юборди. Улар Шомуил бошчилигидаги пайғамбарлар гуруҳининг жўшиб зикр тушаётганини кўришди. Шу пайт Худонинг Руҳи Шоулнинг одамларини ҳам қамраб олди ва улар ҳам жўшиб зикр тушдилар.

21Шоул бўлиб ўтган воқеаларни эшитгач, бошқа одамларини юборди. Бу юборилганлари ҳам жўшиб зикр тушдилар. Шоул учинчи бор яна одамларини жўнатди, улар ҳам жўшиб зикр тушдилар.

22Охири Шоулнинг ўзи Рамага қараб йўл олди. Сахудаги катта сардоба бўйига бориб: — Шомуил билан Довуд қаерда? — деб сўради. — Рамадаги Нойўт маҳалласида, — деди биттаси.

23Шоул Рамадаги Нойўт маҳалласига кетаётганда, Худонинг Руҳи уни ҳам қамраб олди. Нойўтга боргунча йўлма–йўл жўшиб зикр тушиб кетди.

24Кийимларини ечиб ташлаб, Шомуилнинг олдида ҳам жўшиб зикр тушди. Ерга йиқилганича, бир кеча–кундуз яланғоч аҳволда ётиб қолди. “Наҳотки Шоул ҳам пайғамбар бўлса?!” [2] деган матал ана шундан қолган.

le>