8Бечораҳолларни У тупроқдан кўтарар, Фақирларни ахлатдан олиб чиқиб юксалтирар. Уларга шаҳзодалар ёнидан жой берар, Шуҳрат тахтини мерос қилиб берар. Чунки Эгамникидир заминнинг устунлари [2]Устунларнинг устига қўйгандир У оламни.
9У Ўзига содиқ бўлганларни ҳимоя қилар Фосиқлар эса зулматда сўниб қолар. Зероки куч ила зафарга етишмас инсон.
10Эгамизга қарши турганлар парча–парча бўлажак, Худойи Таоло уларга қарши осмонни гумбурлатажак. Бутун оламни У ҳукм қилажак, Ўзи мой суртиб танлаган шоҳига куч ато этиб, Унинг қувватини оширажак.”
11Шундан кейин Элқана оиласи билан Рамага — уйига жўнади. Кичкина Шомуил эса руҳоний Элахнинг ҳузурида қолди ва Эгамизга хизмат қила бошлади.
12Элахнинг ўғиллари ярамас йигитлар эдилар. Улар Эгамизни ҳурмат қилмас,
13халқ олдидаги ўз руҳонийлик бурчларини менсимасдилар. Бирортаси келиб қурбонлик сўйиб, гўштини қайнатаётганда, Элах ўғилларининг хизматкори уч тишли санчқи билан келарди.
14Хизматкор санчқини қозон–товоққа ёки товага ё бўлмаса қозонга тиқарди. Санчқига илинганини уларга олиб борарди. Улар Шилўга келган Исроил халқининг ҳаммасига шундай муносабатда бўлишарди.
15— Руҳонийга қовуриш учун гўшт бер! У сендан қайнатилганидан эмас, хомидан қабул қилади.
16Қурбонлик қилаётган одам: — Олдин Эгамизга атаб қурбонликнинг ёғини куйдириб олай, кейин хоҳлаганингча олавер, — дейдиган бўлса, хизматкор: — Йўқ, ҳозир берасан, йўқса зўрлик билан тортиб оламан, — деб жавоб берарди.
17Элах ўғилларининг бу гуноҳи Эгамиз олдида жуда оғир эди, чунки улар Эгамизга аталган назр–ниёзларга шундай ҳурматсизлик қилишарди.
18Ёш Шомуил эса шу пайтда руҳонийларнинг муқаддас либосини [4] кийиб, Эгамиз ҳузурида хизмат қилиб юрарди.
19Ҳар йилги қурбонликни адо этиш учун онаси билан отаси бу ерга келишар, онаси ўзи тиккан кийимни [5] ўғлига олиб келарди.
20Руҳоний Элах эса Элқана билан унинг хотинини дуо қилиб, Элқанага: “Эгамиздан тилаб олиб, Унга бағишлаган фарзандингнинг ўрнига Худойим сенга шу хотиндан яна фарзандлар берсин”, деб айтарди. Шундан кейин улар уйларига кетишарди.
21Эгамиз Ханнага ғамхўрлик қилди. У ҳомиладор бўлиб, яна уч ўғил, икки қиз туғди. Ёш Шомуил эса Эгамизнинг ҳузурида ўсиб–улғайди.
22Элах жуда кексайиб қолган эди. У ўғилларининг жамики Исроил халқига ёмон муносабатда бўлишаётганини, Учрашув чодирига[6] кираверишда хизмат қиладиган аёллар [7] билан зино қилишаётганини эшитиб турарди.
23Элах ўғилларига дерди:
23— Нимага бундай қиляпсизлар? Қилаётган қабиҳ ишларингиз ҳамманинг оғзида.
24Бундай қилманглар, ўғилларим! Эгамизнинг халқи орасида ёйилган гап–сўзлар яхши эмас.
25Одам одамга қарши гуноҳ қилса, Худо воситачилик қилади. Аммо одам Эгамизга қарши гуноҳ қилса, ўртада ким воситачилик қила олади?!
25Бироқ ўғиллари оталарининг гапини қулоқларига олмасдилар. Шунинг учун Эгамиз уларни ўлдиришга қарор қилиб қўйган эди.
26Ёш Шомуил эса улғайиб, Эгамизнинг ва халқнинг олқишига сазовор бўлаётган эди.
27Бир куни бир пайғамбар Элахнинг олдига келиб, шундай деди: — Эгамиз сенга айтмоқда: “Исроил халқи Миср юртида Фиръавнга қул бўлиб юрганда, Ўзимни ота–боболарингга зоҳир қилдим–ку!
28Бобонг Ҳорун Менинг қурбонгоҳимга чиқсин, қурбонлик куйдириб, олдимда эфодни кийиб юрсин, деб жамики Исроил қабилалари орасидан Мен уни Ўзимга руҳоний қилиб танлаб олган эдим. Бунинг устига, Ҳорун авлодининг улуши бўлсин, деб ҳамма куйдириладиган қурбонликлардан ҳам бердим.
29Шундай бўлгач, Мен буюрган қурбонлик ва назрларни нимага писанд қилмаяпсизлар?! Нимага халқим Исроил берган ҳамма назрлардан энг яхши улушларни олиб ўзингиз еб семиряпсизлар?! Нимага ўғилларингни Мендан ортиқ кўряпсан?!
30Шунинг учун Мен, Исроил халқининг Худоси — Эгангиз, шундай деб айтмоқдаман: авлодинг ва отангнинг авлоди Менга абадий хизмат қиладилар, деб айтган бўлсам ҳам, энди бундай бўлмайди! Мени иззат қилганни Мен ҳам иззат қиламан, Мени хор қилган эса шарманда бўлур.
31Шундай кунлар яқинлашмоқда: Мен сенинг ва отангнинг хонадонини йўқотаман. Натижада хонадонингдаги ҳамма кимса ажалидан беш кун бурун ўлади.
32Мен Исроил халқи устига ёғдирадиган роҳат–фароғатни сен кўриб, кулфат ичра уларга ҳасад қиласан. Сенинг хонадонингдан ҳеч ким узоқ умр кўрмайди.
33Хонадонингдан фақат биттасини йўқ қилмасдан асраб қоламан. Лекин унинг кўзлари ёшга, юраги ғам–ғуссага тўлади. Бутун хонадонинг аҳли жувонмарг кетади.
34Иккала ўғлинг — Хўфнах билан Финхазнинг бошига тушадиган кўргилик сенга бир аломат бўлсин: иккови ҳам бир кунда нобуд бўлади.
35Менинг хоҳиш–иродамни амалга оширадиган садоқатли бир руҳонийни Ўзим учун тайин этаман, у кўнглимдагидай хизмат қилади. Унинг авлодини боқий қиламан, у Мен мой суртиб танлаган шоҳ олдида умр бўйи хизмат қилади.
36Хонадонингда тирик қолган ҳар бир одам қора чақага ва бир бурда нонга зор бўлиб унинг олдига келади, ўтинаман, менга бирор руҳонийлик вазифасини бер, тирикчилигимни ўтказиб турай, деб ёлвориб таъзим қилади.”